Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Темир панжара ортидаги ёшлар: «Биз билан тез-тез учрашинг» (видео)

Биргина Ўзбекистонда эмас, балки қатор мамлакатларда турли сабабларга кўра, эшиклари ёпиқ муассасалар бор. Бу, албатта, хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим. Журналист эса бундай муассасаларга киришга, турли кўрсатув ва мақолалар тайёрлашга иштиёқманд бўлади. Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ташаббуси билан «Ёшлар раҳбари ва маҳкумлар учрашуви» бизнинг ҳам колониялардан бирига киришимизга туртки бўлди.

Когон туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти Олтинчи минтақавий ҳудуд 1-сон жазони ижро этиш колониясига кириб борар эканмиз, бир неча босқичли хавфсизлик текширувидан ўтдик. Ҳар биримизнинг қўлимизда ёзув дафтарча ва оддий ручка.

«Хавфсизлик ҳар биримиз учун муҳим», — дейди муассаса раҳбарияти.

Маҳкумлар сақланадиган ва қаттиқ қўриқланадиган муассаса сари ичкарилар эканмиз, беихтиёр тиканли симтўрлар билан ўралган тўрт томони баланд деворларга назар ташлаймиз. Юрагимиз жумбушга келади. Мавжуд колонияларда маҳкумларни қийноққа солиш, психологик таъсир ўтказиш, камситиш бўйича ниҳоятда кўп эшитганмиз. Кўз қарашимиздан ҳали тилга чиқмаган саволимизни зукколик билан англаб олгандек, муассаса ходими: «Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 1 июлдаги қамоқ жазосини ижро этиш муассаларининг ички тартиб-қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар  киритилган. Киритилган қўшимчаларга кўра, маҳбуслар агар об-ҳаво шароити йўл қўйса, ишдан бўш вақтларида тоза ҳавода спорт машқларни бажариш, психологик ёрдам олиш, шунингдек, хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлиш, дам олиш, иш ҳақи олиш каби ҳуқуқларга эга бўлган. Сизнинг хаёлингизда кечаётган ўйлар ўтмишда қолиб кетган», — дейди нимтабассум билан.

Колония ҳовлисида спорт машғулотлари билан шуғулланаётганларни, яшил боғда суҳбат қураётганларни ва ўз ўрнида, ишга чиқаётган маҳкумларни кузатамиз. Қаршимизга югуриб келиб, ёрдам бериш мақсадида ёшлар ташкилоти томонидан келтирилган совғаларни қўлимиздан олган бир маҳбус суҳбатимизни эшитиб қолди, чоғи: «Ошхона юмушлари, атрофни тозалаш, бир қатор ҳунармандчилик  турлари, деҳқончилик ишлари, спорт ўйинлари энг асосий машғулотларимиздан ҳисобланади. Овқатланиш, ўрни келса, пулда ҳам муаммо йўқ. Очиқ осмон остидамиз, қуёшни кўрамиз, ойни кўрамиз.Фақат бу ерда бизни бир нарса қийнайди: қилган гуноҳимиз қаршисидаги виждон азоби ва оила соғинчи...», — деди.

Кузатув камералари – назоратчи вазифасини ўтайди

Маълум бўлишича, мазкур колонияда 400 дан зиёд ёш маҳкумлар бор. Уларнинг меҳнат қилиши, спорт билан шуғулланиши, колония кутубхонасидан фойдаланиши таъминланган. Ҳар бир жиноят тури бўйича мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқилган. Колонияда ёшларни қайта жиноят  содир этишдан сақлаш, уларни спортга, фойдали меҳнатга ўргатиш асосий вазифалардан саналар экан. Эътиборимизни тортган жиҳати, муассасанинг мавжуд барча бино ва хоналарида кузатув камералари ўрнатилган экан.

«Кузатув камералари, нафақат, маҳбуснинг тартибга бўйсинмаган ҳолда ортиқча хатти-ҳаракат қилиши, балки ходимларнинг ҳам хизматни тўғри ўташини назоратга олиб туради»,— дейди муассаса масъули.

Ёшлар ташкилоти раҳбари ҳамда муассаса вакиллари етакчилигида маҳбуслар билан учрашув залига кирдик. Бирининг кўзида мунг, бириникида тезроқ бу темир панжара ортидан чиқишга умид, яна бирида манмунсиз ҳаёт ўкинчи ва қайсинингдир нигоҳида бепарволик...  Бу ерда бой ҳам, камбағал ҳам, билимли ҳам, билимсиз ҳам бор. Лекин ҳамма бир хил кийимда. «Ичкари» ва «ташқари»даги одамларнинг фарқини эслатиб туради бу кийим. Айтиш жоизки, колониядаги жазо муддатини ўтаётган ёш маҳбусларнинг кўпчилиги панжара ортидаги ҳаётни қайта такрорламасликка ўз-ўзини даъват этишган. Бироқ, гуруч курмаксиз эмас, улар орасида такроран жиноят содир этганлар, ҳатто, қилмишидан пушаймон бўлмаганлар ҳам, афсуски, учрайди.

«Инсон учун бу дунёда эркидан, мустақиллигидан, озодликдан муҳимроқ нарса бўлмаса керак. Ҳар битта одам қачонки эркин бўлса, ўзини тўлақонли ҳис қилади. Унинг маълум даражадаги эркинлиги чекландими, у ўзини мустақил ҳис қила олмайди. Мақсадимиз ушбу колонияда муддатини ўтаётган ёш маҳбуслар билан учрашиш, сизларни соғлом ҳаётга қайтариш учун қандай тарбия чоралари қўлланилаётгани ва жамият ҳаётига дахлдор ёшларни ўрнак сифатида кўрсатиб, келгусида яна жиноят оламига кириб кетмасликларингизга чорлашдан иборат», — деди ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов.

Кўпчилиги билан суҳбатда бўлдик, «тақдир йўлларида адашиб, ҳақли равишда жазоимни тортаётган маҳбусман» деганлар бўлди. Ўз муддатларини адо қилиш учун тим қора сочлари темир панжара ортида оқаргунча орзуларини кўмиб яшашга маҳкум бу ёшларнинг пушаймонликларини тинглаб, юраклар санчади.

«Эришган муваффақиятларимни ўзим чипакка чиқардим... »

Биринчи суҳбатдошимиз самарқандлик Ф.Н., 30 ёшда. Олий маълумотли, бир нафар фарзанди бор. 2019 йилда Навоий педагогика институтининг тарих факультетини тугатган. Билими, изланиши орқали ўзининг шахсий ўқув марказига эга бўлган.

«Худо ҳар бир йигитга омад, ризқ-рўз бераркан. Ўзини сақлай билиш керак экан. Асли касби ўқитувчи бўлган ва узоқ йиллардан кейин мактаб директори бўлган отам мени сабрга, шошма-шошарликка йўл қўймасликка, барча мақсадларга секинлик билан эришишга ундарди. Мен эса янаям зўр шароитда яшаш учун кўпроқ даромад топишга ҳаракат қилдим. Турмуш ва яшаш шароитимиз бировдан кам бўлмаса-да, мени қониқтирмаган. Психология ва бизнесга оид китоблар мутолаа қилдим. Ҳаёт ва яшаш даражамиз тез ва жудаям яхши бўлишини хоҳладим. Афсуски, ҳаётда ўз кучим билан эришган муваффақиятларим чиппакка чиқди, заволга юз тутди», — дейди Ф.Н.

Ф.Н. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 4-қисми билан айбланиб, 8 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

«Бойликка, даромад топишга бўлган уринишнинг нотўғри йўлидан фойдаландим. Давлатимиз томонидан берилган имкониятни четлаб ўтишга ҳаракат қилдим. Қонунни четлаб ўтдим. Пул, дунё қаршисида инсон ожиз қолар экан. Аслида, эгри ва бировнинг ҳақи ортидан келган бойлик ёмон кунингга «хизмат» қиларкан. Қилган ишимдан афсусдаман. Президентимдан, халқимдан ва мендан жабр кўрган фуқаролардан чин дилдан кечирим сўрайман», — сўзида давом этди суҳбатдош.

«Мен кимга керакман!»

Мустақиллик арафасида Ўзбекистон Президенти томонидан бериладиган амнистияни кутаётган колониядаги кўплаб ёшларнинг тузалиш йўлидан бораётганини кўриш мумкин.

«Ўзингизга ҳар тун ётаётганингизда ва ҳар тонг уйғонганингизда: «Мен кимга керакман!»-деган саволни беринг. Шу савол жон томирингизга сингсин. Ўйланг ва фикр қилинг, сизни бу ерга ота-онангиз йўқлаб келади, аслида эса, сиз ота-онангизни йўқлаб бориш ёшидасиз! Афсуски,ота-онангиз сизни кўриш учун минглаб масофаларни босиб ўтади, бир дақиқа кўзингизга термулиш учун эҳҳе-ҳе, неча соатлаб вақтини бой беради. Бу соатлаб вақт ота-онангизнинг ҳар дақиқада кексайишини тезлаштиради, қаддини буклайди. Қилмишингиз жабрини сиз эмас, кўпроқ ота-онангиз тортаяпти. Бу оғир юкни кўтариб билган, кўтарса-да, бир умрга соғлигидан айрилаётган ота-оналарингиз, фарзандингиз, аёлингиз учун бу тиканли симтўрдан тавба билан чиқинг, яхши инсонлар қаторидан жой олинг», — дейди Шавкат Раҳмонов.

«Ёшлигимни, йилларимни йўқотяпман...»

Учрашувда тузалиш йўлига ўтаётган тошкентлик маҳбуслардан бири Ҳ.Ҳ. сўз олар экан, бундан бир неча йил олдин қилган хатти-ҳаракати учун икки маротаба озодликни чеклаш жазосини олиб, уй қамоғида ўтирганини, бироқ, бундан хулоса чиқармай, яна нотўғри йўлларга кириб кетгани ҳақида сўзлади.

«Давлатимиз томонидан бир марта эмас, икки марта кечирилдим. Ота-онам ногирон: гапира олишмайди, эшитишмайди. Бувимнинг қўлида тарбия олганман. Бувим 17 ёшимда оламдан ўтди. Уёғига ўзим кўчага чиқиб кетганман. Меҳнат қилиш ёқмасди. Ишламай, осон пул топиш илинжида юрдим. Мана, бу ерга келиб, арзимаган ойликка ишласа ҳам бўларкан-ку, дедим. Ҳалол пул топиб, оиласи, рўзғорини амаллаб тортаётган киракаш таксистларни ҳеч қўрқмай, «чувв» туширдим. Етмаганига гиёҳвандларгаям қўшилишиб қолдим. Жабрини тортаяпман. Бугунги учрашувда қаттиқ таъсирда қолдим. Унда «Мен кимга керакман?!» — деган саволни ўзингизга беринг, дейишди. Виждоним қийналди бу сўроқдан. Ўйлаб кўрсам, ожиз ота-онамдан бошқа ҳеч ким келмади. Улардан бошқа ҳеч кимга керак эмаслигимни тушуниб етдим. Тўғри, бу ерда сизни ҳеч ким урмайди, сўкмайди. Лекин соғинч азоби қийнаркан, бу ерда ёшлигимни, йилларимни йўқотяпман. Биргина вояга етган синглим бор. Уям акасиз қийналиб кетди. Мен эса шу пайтгача ака бурчини адо этолмадим. Тузалишим шарт. Тенгдошларимгаям тавсиям шу: менга ўхшаб афсусланиб қолишларини истамайман»,—деди 22 ёшли М.А.

«Онам вафот этди, мен онамдан розилик ололмадим...»

Бухоро шаҳрида туғилган 20 ёшли Ҳ.Ҳ. 18 ёшида Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 166-(Талончилик) ҳамда 277- (Безорилик) моддалари билан айбланган. Уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 16 ёшида спортнинг эркин кураш тури бўйича Ўзбекистон ҳамда халқаро чемпионатларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган. Ўзининг айтишича, болалигида ота-онаси ажрашиб кетган: отаси ҳам, онаси ҳам бошқа-бошқа оила қуриб кетишгач, у бувисининг тарбиясида қолган.

«Спортчи бўлганим боис, давлатимиз томонидан кўп ёрдамлар берилган. Ҳар гал спорт ареналарида қўлларим чемпионликка кўтарилганда, ортида бизни моддий рағбат кутарди. Қийинчилик кўриб, улғайганим учун тезроқ бойишни истардим. Бувимга кўмак бергим келарди. У ер-бу ердан пул топиб кела бошладим. Кекса бувимга бу пулларни ўз меҳнатим билан топаётганимни айтардим. Кейинчалик онам мени тез-тез йўқлаб турди, болалигимда меҳрисиз улғайганим – вояга етганимдан сўнг унинг меҳрига тўя бошладим. Аммо, нимаям бўлди, билмадим, ақлсизлик қилиб қўйдим. Онаизорим менинг дардимда адо бўлди, қамоқдаги ҳаётим қандай кечишини ўйлайвериб, жонсарак бўлди. Афсус, афсуски, ўғли қамалгани юкини кўтара олмади, колониядалигимда онам вафот этди... Мен онамдан розилик ололмадим, онам ҳам мендан розилик ололмади (йиғлаб). Бу ерда сочлар калга олинади, ҳамма бир хил кийим, бир хил бош: ҳали эрта, лекин сочлар оқарди. Ҳар нарсанинг вақти бор, ўрни бор: сочлар оқариши эса биз шошма-шошарликка йўл қўйиб, ҳаётнинг шу қоидасини эртароқ истаганимиз оқибатига жавоб экан. Давлат берган имкониятдан тўғри фойдаланиб, ютуқларга эришаётган палламда боши берк кўчага кириб қолдим. Сентябрь ойида худо хоҳласа, менга берилган уч йил муддат тугайди. Бу ерда ҳам спортдан узилиб қолмадим. Спорт билан шуғулланишим учун имконият ва шароитлар яратиб беришди. Тўғри йўл кўрсатишди. Психологик таъсирлар орқали ёмон иллатлардан чекинишимга туртки бўлишди, меҳнатга ўргатишди, ҳатто, саломатлик учун ҳам қайғуришди», — дейди маҳбус.

Ҳ.Ҳ. жиноят кўчасига кирмасидан олдин унаштириб қўйилганини, тўй жорий йилнинг октябрь ойида мўлжалланганини билдирди.

«Севган қизим тиббиёт соҳасида таълим олади. Муассасадагилар у билан тез-тез телефон орқали боғланиб туришимга рухсат беришади. Билсангиз, уч йил давомида юрагимни ҳовучлаб юрдим: «мени ташлаб кетмасин», деган ўй билан. Оғир кунларимда ёлғиз қолдирмади. Камчилигим, хатоларимни ташлаб, жамият учун ҳам, оилам учун ҳам керакли одам бўлиб қайтишимни сабр билан кутяпти. Бу ерда ўзим учун тўғри хулосалар чиқардим. Ўшанда кўп нарсаларга ақлим етмаган экан. Қилаётган ишларим хатолигини билмаганман», — дейди суҳбатдош.

«Озодликдан устун нарса йўқ...»

Сурхондарёлик маҳкум, асли тадбиркор Б.С. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш), 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Муддатнинг бир йилини ўтаган.

«Бу ерда жиноятчи қилган айбига яраша жазо олади. Ҳеч ким тазйиққа олинмайди, ҳуқуқлари бузилмайди. Кимдир зўравонлик қилиб, куч ишлатмайди. Назорат қатъий. Ҳар бир маҳкум ҳар доим «мен кузатув остидаман, хизматни тўғри ўташим керак» деган онгли тушунча билан юради. Инсоннинг озодлигидан устун, эркинлигидан гўзалроқ тасвир йўқ экан дунёда», — дея сўнгсиз пушаймонликларини сўзлайди Б.С.

Жазони ижро этиш муассасидаги маҳбуслар билан тез-тез учрашувлар ўтказилиши, турли спорт мусобақалари, «Заковат» ўйинлари ташкиллаштирилиши ҳақида сўз борди. Китоб ва спорт  анжомлари олган, дардини дадил бўлишган маҳбуслар: «Биз билан тез-тез учрашинг ва тўғри танловимизга мотивация бўлинг. Пушаймонлигимизни тенгдошларимизга етказинг ва улар ҳеч қачон адашишмасин», — дейишди.

«Сизга ҳеч ким ўзингиз қадар ёрдам бера олмайди. Тўғри, кимдир ачиниши мумкин, «яхши бўлади» дейиши мумкин, лекин сизнинг ичингиздаги оғриқни, дардни ўзингиздан бошқа ҳеч ким ҳис қилмайди. Айримларингизнинг кўзларингизда, нигоҳларингизда қилмишингиздан пушаймонлик ҳисси қолмагандек, назаримда. Кимларнингдир қалбида занг бўлади, унутманг, бу бошқани эмас, ўз қалбингизни емиради. Агар сиз муддатингиз тугагач, бу зангни тўкиб чиқмасангиз,ташқарида ҳам сизни бу занг емиради», — деди Шавкат Раҳмонов.

Когон туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти минтақавий ҳудуд 1-сон жазони ижро этиш колониясидан чиқар эканмиз, беихтиёр «ҳеч кимнинг бошига тушмасин», деймиз.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг