Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шарққа саёҳат: тўкин дастурхондан ўлим ёқасигача

Шарққа саёҳат: тўкин дастурхондан ўлим ёқасигача

«Зиёфатга таклиф қилинганлар орасида губернатор маҳкамалари ва Туркистондаги чор армиясининг намояндалари, Бухоро амирининг Тошкентдаги вакили, Тошкентнинг фахрий сарт қозилари бор эди. Бухоро амири номидан Туркистон генерал-губернаторига кўк ва қизил духоба, кумуш ва тилла билан безатилган чиройли эгар-жабдуқли 8 та от, Бухоронинг зарбоф тўнлари, гиламлар, қимматбаҳо тош ва бошқалар совға қилинди...»

1890 йилнинг январь ойидаги ушбу зиёфатни русиялик ёки маҳаллий тарихчи эмас, швециялик Свен Гедин тасвирлаган. Унинг ўлкамизга сафари нафақат тўкин дастурхонлар атрофида, балки хавф-хатарли масканларда ҳам кечган эди. Хўш, Свен Гедин Туркистонга қандай келиб қолган?

 Стокгольмлик меъморнинг ўғли Свен Гедин (1865-1952) болалигидан географияга ихлос қўйиб вояга етди. Бу қизиқиш сабабли Стокгольм университетида ўқиб юрганидаёқ Эронга саёҳат қилиб, туркий, форсий тилларни ўрганди. Европага қайтгач, ўқишини Германиянинг Упсала университетига ўтказди. У ерда география ва геология фанларини чуқур эгаллади. 1892 йили 27 ёшида докторлик диссертациясини ёқлаб, ғарбнинг машҳур шарқшуносларидан бири даражасига етди.

1890-1891 ва 1893-1899 ҳамда 1902 йилларда Гедин шарқ давлатлари бўйлаб сафарга чиқди. Марв, Ашхобод, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Иссиқкўл, Қўқон, Марғилон, Туркистон, Қошғар ва Ҳиндистонда бўлди:

«Ўшлик ҳамроҳим Исломбой билан Нобий саҳросидаги қумли чўлларда, бўронларда қолдик. Сувсизлик азобини бошдан кечириб, ўлим ёқасига бордик. Кўплар тушкунликка тушиб, эс-ҳушини йўқотганида у мени, қимматли эсдаликларимни, хариталаримни сақлаб қолди», деб ёзади Свен Гедин ўзининг хотира китобида.

 Бир гал эса Хитойга қарашли Хўтан бозорида Исломбой андижонлик бир савдогар билан ўтирганида ёнидан уч нафар Хитой аскари ўтади. Ўша вақтдаги мустамлакачилик қонунига кўра, Хитой аскарини кўрганда, Қошғардаги ҳар бир киши ўрнидан туриб таъзим қилиши, отда бўлса ерга тушиши шарт эди. Шу атрофдагилар таъзим бажо келтиришади. Бироқ Исломбой бундай қилмайди. Шунда аскарлар уни ҳолдан тойгунча савалашади. Бу пайтда Свен уларнинг ёнида эмасди. Воқеани эшитгач, у Хитой императорларига нома ёзиб, Исломбой чор армияси фуқароси эканини эслатди. Нотўғри иш тутган аскарларни жазолашни талаб қилди. Қарангки, Свен Гединнинг талаби қондирилиб, халойиқ олдида аскарларнинг ўзлари саваланди.

Свен Гедин қадрдон дўстини Европага олиб кетмоқчи бўлди. Аммо Исломбой таклифни рад этиб, Урумчидан Қошғарга, у ердан Ўшга қайтиб келди.

«Масжид мақбара пештоқи жуда баланд. Нақшинкор икки минора унга чирой бахш этиб турибди, масжид тепасида гумбазлар кўп. Олд томонининг кошинлари тушиб кетган, тўртбурчак бинонинг ён ва орқа деворлари яхши сақланган бўлиб, Самарқанддагидек кўп ва яхши нақшлари кўзни олади. Масжид Худоёрхон тўртбурчак шаклда қурдирган тупроқ девор билан ўралган. Жума куни намозхонлар оёқ кийимларини кираверишда ечиб, кўк чакмон ва оқ саллада хонақоҳга кириб жойлашишади. Масжид деворларига Қуръон оятлари битилган. Мен масжиднинг юқори айвонига чиқиб, намоз ўқилишини кузатдим. Бу Истанбулдаги таровеҳ намозини эслатгувчи ажойиб манзарага ўхшарди», дея ёзган эди Свен Гедин Туркистондаги Хўжа Аҳмад Яссавий масжид мақбарасидаги ҳолатни кузатиб.

Тошкентда бўлганида эса у ўша даврнинг энг машҳур кишиси – генерал Жўрабек билан учрашди.

«Кауфман Шаҳрисабзга ҳужум қилганида, Жўрабек ўзининг яқин дўсти Бобоек билан қочишга мажбур бўлди: бир неча йил тоғу тошларда сарсон-саргардон юриб, ниҳоят нажот излаб, Қўқон ҳукмдори Худоёрхон ҳузурига борди. Худоёрхон эса вафосизлик қилиб, хиёнаткорона иш тутди, ўз миллатдошини генерал Кауфманга топширди», дея чор империяси бостириб келган даврдаги вазиятни ёритган у.

Бироқ тарихдан маълумки, Кауфман Жўрабек ва Бобобекни тутқунликдан озод қилиб, уларга чор зобити унвонини берган ҳамда Қўқон хони Худоёрхонга қарши курашда фойдаланган. Мағлуб бўлган хиёнаткор Худоёрхонни эса Россияга сургун қилган. «Аммо рус мундиридаги шарқ қўлёзмаларини ўрганиш билан машғул Жўрабек ўз истаги олдида ҳар нарсага тайёр осиёлик ғурури гуркираб турган киши эди», дея учрашувдан сўнг ёзади Свен Гедин.

Ҳақиқатан, Жўрабек билан учрашган улуғ шарқшунос В.Бартольд худди Гединдек унга қойил қолган ва генералнинг фикрини келтирганди: «Чор ҳукмронлиги худди мўғул истибдодига ўхшайди. Уларда ҳам, буларда ҳам юқори лавозимларга ёмон кишилар, худбин, шахсиятпараст ва молпарастлар қўйилган».

Швед сайёҳи ўз китобида Қошғар ҳукмдори, ХIХ асрда Хитой мустамлакачилигига қарши курашган Ёқуббек ва унинг авлодлари ҳақида ҳам маълумотлар берган.

«Ёқуббек Қошғарда масжид, мадраса ва савдо расталари қурдирган. Уни 1877 йилда энг яқин кишиларидан бири Хўтан беги Ниёз Ҳоким заҳар бериб ўлдирган», деб туркийлар ҳаётидаги мудҳиш фожиани ёзган. Маълумки, шундан кейин Қошғарда Хитой мустамлакачилиги ўрнатилган эди.

«Осиё бутун борлиғича кўз олдимда намоён бўлди. Мен кўп кашфиётлар қилишим кераклигини ҳис этдим. Бу кашфиётлар мени саҳролар марказида, тоғлар чўққиларида кутмоқда», дея ёзган эди у сафаридан сўнг.

Свен Геди шарқ бўйлаб саёҳатлари давомида Такла Макон саҳросию, Помир, Тибет ва Ҳимолай тоғларигача борди. Бу ерларнинг харитаси, ўсимлик дунёсини тадқиқ этди. Шундан сўнг Лондонда икки жилддан иборат «Осиё узра» китобини нашр қилдирди. Европа жамоатчилиги мазкур асар орқали шарқдаги манзарани билиб олди. «Осиё узра» биз учун ҳам мозийни ўрганишда беқиёс манба бўлиб қолган.

Умид Бекмуҳаммад,

тадқиқотчи

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг