Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саксон ёшда вафот этган Гулбаданбегим

Саксон ёшда вафот этган Гулбаданбегим

Одатда, тарихда ўтган машҳур шахсларнинг нафақат ўзлари яратган, балки авлодлари томонидан ёзиб қолдирилган асарлар ҳам бебаҳо манба даражасига етади. Чунки сулола давомчилари воқеликка бошқачароқ нигоҳ ташлашга уринади, отаси томонидан яратилган асардаги мавзуларни тўлиқроқ ёритишга интилиб, такрорийликка қўл урмасликка интилади. Бобурийлар сулоласига мансуб Гулбаданбегим яратган асар ҳам шуниси билан қадрлидир.

Бобур Мирзонинг тўққиз нафар рафиқасидан саккизта қизи ва тўққизта ўғли бўлиб, уларнинг ҳар бири отаси учун суюкли эди. Аммо Дилдорбегимнинг зурриёди Гулбаданбегим ўзининг ижодга мойиллиги билан ота меҳрини чуқурроқ қозонганди.

Андижону Самарқандда кечган тахт учун курашларда гоҳ мағлублик аламини чеккан, гоҳ зафар нашидасини сурган Бобур Мирзо ҳаёти мобайнида турли жойлардан уйланишига тўғри келган. Тақдир битигига Ҳиндистондек мўъжизакор давлатда ҳукмдорлик қилиш ёзилган Бобурнинг Ойша султонбегим, Зайнаб Султонбегим, Моҳимбегим, Маъсума Султон, Гулруҳбегим, Дилдорбегим, Биби Муборака, Гулнор Оғоча ва Норгул Оғача исмли рафиқалари бўлган.

Дилдорбегим шоҳга Олур (1514 – 1519), Ҳиндол (1518 – 1551) исмли ўғиллар ва Гулрангбегим, Гулбаданбегим исмли қиз фарзандлар туҳфа қилган. Гулбаданбегим 1523 йили Кобулда таваллуд топган эди. Дилдорбегимнинг ҳақиқий исми Солиҳа Султон бегим бўлиб, Бобурнинг амакиси Султон Маҳмуд Мирзонинг қизи эди. Ўша замон анъанасига кўра, саройдаги подшоҳнинг катта хотини энг эътиборли саналиб, ҳукмдорнинг қайсики фарзанди илмга ҳаваслироқ бўлса, катта малика ихтиёрига бериларди.

Шунга кўра, Гулбаданбегим ҳам катта малика Моҳимбегимнинг қўли остида таълим тарбия олади. Оқила ва билимдон малика, Гулбаданга ўз даврининг илмли фузалоларидан таълим олишга шароит яратиб беради. Гулбаданбегим Моҳимбегимга шу даражада боғланиб қоладики, икки ёшлигидан унинг ихтиёрига ўтгани учун кейинчалик ўз асарида онасини Дилдорбегим, Моҳимбегимни эса онам ҳазратлари дея атайди.

Гулбаданнинг болалик ва ёшлик йиллари дастлаб Кобул, кейинчалик Аграда ўтади. 1539 йилда уни Хизрхўжа исмли кишига узатишади. Бу пайтда у 16 ёшда бўлиб, ўғил фарзанд кўради ва унга Саодатёр дея исм қўяди.

1556 йили Ҳумоюннинг вафотидан кейин Ҳиндистон ҳукмдори сифатида тахтга унинг ўғли Акбаршоҳ (1542 – 1609) чиқади. Шундан сўнг аммасига бўлган юксак меҳри сабаб Акбар Гулбаданбегимни Деҳлидаги саройига таклиф қилади. Унга илм-ижод билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароит яратиб беради.

Кунларнинг бирида Акбаршоҳ аммасига кўп вақтдан бери кўнглига тугиб юрган таклифни айтади:

– Фирдавс макон ва жаннат ошён Ҳазрат ҳақидаги воқеалардан нимаики билсангиз, ёзингиз.

Шу тариқа жиянининг илтимосига кўра, Гулбаданбегим Бобур ва Ҳумоюнларнинг ҳаёти, феъл-атвори, давлат бошқарувидаги, умр йўлларидаги воқеалар тўғрисидаги тарихий асарини ёзади. «Ҳумоюннома» дея «Бобурнома»га нисбат бериб ёзилган ушбу асар ҳар иккала ҳукмдор ҳаётидаги воқеаликларни қамраб олган бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур китобининг мантиқий давоми сифатида «Бобурнома»даги айрим тарихий саналар, воқеаларга ойдинлик киритади.

Гулбаданбегим Ҳиндистондаги Бобурийлар саройи, у ердаги ҳаёт тарзи, бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар, подшоҳ оиласининг тўй-аза билан боғлиқ ирим ва удумлари, яшаш шароити ҳақида ҳам сўз юритади. Бобур ҳаётининг сўнгги лаҳзалари тафсилотлари ҳам «Ҳумоюннома»да ёритилиб, бу воқеа билан боғлиқ тафсилотларга алоҳида тўхталиб ўтади

Шуниси ачинарлики, ана шундай ноёб асарнинг охирги қисми ўша суронли замоннинг алғов-далғов йилларида йўқолиб кетган.

Абул-Фазл Алломий қаламига мансуб «Акбарнома» асарида ёзилишича, Гулбаданбегим 1575 йилда муқаддас ҳаж зиёратига жўнаб кетади ва орадан етти йил ўтиб, сафар машаққатларини енгиб қайтиб келади. Бобурнинг суюкли қизи Гулбаданбегим 1603 йилда 80 ёшида вафот этади.

Гарчи у вафот этган бўлса-да, «Ҳумоюннома» орқали тарихнавис Гулбаданбегимнинг иккинчи умри ҳамон барҳаёт. Чунки, асарнинг 83 варақдан иборат ягона қўлёзмаси Лондондаги Британия музейида ноёб манба сифатида асралмоқда. Асарда воқеа тугалланмаган бўлиб, инглиз шарқшуноси Чарльз Рьё ўз каталогида унинг қисқача тавсифини бериб ўтган. Форс тилида 1585 – 1587 йилларда яратилган ушбу асар ғарбда илк бор 1902 йилда инглиз тилида А.С.Бевериж томонидан, 1959 йилда эса Сабоҳат Азимжонованинг саъй-ҳаракати билан ўзбек тилига таржима қилиниб нашрдан чиқарилган.

Асарда Ҳиндистон, Афғонистон ва Ўрта Осиёнинг тарихига оид воқеалар, ўша даврдаги муносабатлар, шунингдек, тарихий, этнографик ва маданий маълумотлар ўрин олганки, Гулбаданбегим қаламига мансуб ушбу бебаҳо мерос дунё шарқшунослари эътиборида бўлиб келмоқда.

Умид Бекмуҳаммад,

тадқиқотчи.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг