«Рақамли амнезия»: дижиталнинг инсон миясига салбий таъсири ҳақида
Биз гаджетларни кунига 10 мартадан кўп ишлатамиз, смартфонимизни ҳар 12 дақиқада текширамиз, суткасига 2 минг марта экранга қўл теккизамиз. Вақт меъёрини унутамиз, сонлар, рақамлар, саналарни эслаб қололмаймиз. Тобора тажанг, бетоқат, бефарқ бўлиб боряпмиз. Руҳиятимизда жиддий ўзгаришлар содир бўлмоқда.
Рақамли технологиялар бизни ўзгартиряпти
Журналист Николас Карр 2008 йилда «Google бизларни аҳмоқларга айлантиряпти» номли мунозарали эссесини омма эътиборига ҳавола этган эди. Муаллиф интернет инсоннинг фикрлаш қобилияти, хотираси, диққат-эътибори ва дунёқарашига қанчалик таъсир ўтказаётгани ҳақида фикр юритади: «Охирги пайтларда менда нохуш ҳиссиётлар пайдо бўла бошлади: гўё кимдир ё нимадир менинг миямни ўзгартираётгандай, асаб тизимларимни чигаллаштираётгандай, хотирамни қайта дастурлаётгандай.
Менинг фикрлашим ўзгарди. Буни, айниқса, мутолаа пайтида яққол сезаман. Илгарилари мен китобга бутун борлиғим билан соатлаб шўнғиб кетардим. Энди эса бир неча сатрларни ўқигач диққатим ошади. Асабийлашишни бошлайман, бошқа нарсаларга чалғийман, мутолаани бирор бошқа машғулот билан тенг олиб бориш истаги пайдо бўлади. Мутолаага борлиғим билан шўнғиш яккама-якка жанг билан баробар машаққатга айланди».
Замонавий нейротадқиқотларга кўра, инсон ҳаёти давомида орттирган одатлари ва тажрибалари мия нейрон тизимларини ўзгартиришга қодир. Мисол учун, ҳарф танимайдиган одам билан ўқишни биладиган одамнинг мия фаолияти ўртасида фарқ бор. Агар мутолаа одамнинг мия фаолиятини ўзгартиришга қодир бўлса, тасаввур қилинг, рақамли технологиялар қанчалик таъсир этиши мумкин.
Нейробиолог олимлар рақамли турмуш тарзи одамларининг мия фаолиятидаги ўзгаришлари ҳақида хулоса қилишга ҳали эрта, чунки бу дунёга кириб келганимизга кўп бўлгани йўқ, дейишади. Лекин дастлабки кузатувларнинг натижалари хавотирлар ўринли эканини кўрсатмоқда.
1. Диққат-эътиборни жамлаш қобилиятимиз қисқарди
Смартфонлар, планшетлар ва бошқа замонавий интернет воситалари давригача яшаган инсоннинг мияси ўртача 12 сониягача юқори концентрация (диққатни жамлаш) хусусиятига эга эди. Бугун бу муддат 8 сониягача қисқарди, яъни инсон мияси аквариум балиқчасичалик эслаб қолиш қобилиятига эга эмас.
Биз диққат-эътиборимизни жамлай олмасликдан қийналамиз: матнни тўлиқ ўқиш ўрнига ҳаволалар орқали бошқа матнларга ўтамиз, мессенжерларда келган хабарларга чалғиймиз, электрон почтамизни очамиз ва ҳоказо. Натижада шахсий муносабатларимиздан тортиб билим олиш жараёни каби жиддий ўзлаштириш қобилиятларимиз сустлашади. Самарадорлик пасаяди. Чунки бу жараён диққат-эътиборни талаб этади.
2. Биз бир вақтнинг ўзида бир неча вазифани бажаришга уринамиз
Биз бир вақтнинг ўзида YouTubeда видеоролик кўра туриб, телефонда гаплашиб, ёзма хабарларга жавоб берамиз. Бироқ, тадқиқотчиларнинг фикрича, инсон мияси бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажариш қобилиятига эга эмас. Бу мультитаскинг (лотинчадан «multi» — кўп, инглизчадан «task» — вазифа) қобилият, гўё, аслида эса бир фаолиятдан бошқасига тез-тез ўтиш мия фаолияти самрадорлигини пасайтиради.
Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мультитаскинг, яъни бир нечта вазифани бир вақтнинг ўзида бажариш қобилиятини инсон ўзлаштириши мумкин. Ҳатто баъзилар рақамли шароит муҳитида бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифаларни бажаришни уддалайди. Лекин оддий турмуш шароитидаги реал вазифаларни бир вақтнинг ўзида бажариш қобилиятига эга эмас. Виртуал «чаққон» реал муҳитда бир вазифадан иккинчисига ўтиши мушкуллиги аниқланди.
3. Хотирамиз ёмонлашяпти
Тадқиқотчилар кекса авлод вакиллари хотирасидан кўра ёш авлод вакилларининг хотираси ёмон эканлигини аниқладилар. Бу замонавий технологиялардан узлуксиз фойдаланишнинг таъсири деб тахмин қилмоқдалар. Бирор бир ахборотни эслаб қолиш учун замонавий инсон маълумотни ишчи хотирадан доимий хотирага ўтказиши керак бўляпти. Чунки инсон мияси доимий равишда янгиланиб турган ахборот оқимини ўзлаштириш қобилиятига эга эмас.
Рақамли авлод хотирасининг ёмонлашувига яна бир сабаб: маълумотни «сунъий эслаб қолиш» кўникмасига таянишидадир. Буни тадқиқотчилар «рақамли амнезия» деб номлаганлар. Замонавий инсон туғилган кун санаси, учрашув жойи, исмлар, телефон рақамлари, сонлар каби маълумотларни эслаб қолиш учун «ташқи хотира»ни ишга солади, яъни мобил телефон, планшет, компьютерлардан фойдаланади.
4. Миямизга ҳордиқ бермаяпмиз
Биз доимий равишда ахборот оқими ичидамиз, миямиз билан ёлғиз қолиб, ўй-хаёлларга берилишни унутдик. Олимлар хаёлларга эрк бериш мия учун зарур эканлигини аниқладилар. Бу дефолт-тизим дейилади. Мия ташқи ахборотдан ўзини чегаралаб, йиғилиб қолган маълумотларни қайта ишлаши, турли ахборотни ўзаро боғлаши, шулар асосида билимини бойитиши зарур жараён.
Агар инсон миясига дам бермаса, яъни дефолт-тизимга ўтказмаса, унинг когнитив имкониятлари тобора пасайиб бориб, турли депрессив ҳолатлар, хавотирли туйғуларнинг мияда уйғониш хавфи туғилади.
Замонавий дунёга мослашиш учун мияга қандай ёрдам керак?
Касалликларни тиббий классификациялаш меъёрлари бўйича яқин келажакда «рақамли қарамлик» ташхиси тиббиётга кириб келиши мумкин. Касалликнинг белгилари — диққат-эътиборни жамлай олмаслик ва масала моҳиятини англамаслик.
Рақамли қарамлик касаллигининг баъзи белгилари:
- Эрта тонгда ва кечқурун уйқуга ётишдан олдин кўрган биринчи ва охирги буюмингиз бу — смартфонингиз экрани.
- Смартфонингиз ёки ноутбукингизни унутиб қолдирсангиз қаттиқ ташвишга тушиш, бетоқат бўлиш.
- Хонадон бўйлаб юрганингизда ҳам доим қўлингизда device (телевизор пульти, қўл телефонингиз, сичқонча ва ҳ.к.) бўлиши.
- Бир вақтнинг ўзида бир нечта экранлардан фойдаланиш одати: ноутбукда видео кўра туриб, қўл телефонингизда бошқа маълумотларга, мисол учун Facebook лентасига чалғиш.
- Куни кеча ўқиган мақолангизнинг мазмунини эслай олмаслик.
- Сиз рақамли жимлик муҳитида бўлмаслигингиз, демак, сиз доимий ахборот оқимидасиз.
- Атрофингиздагилар билан суҳбатлашиш билан бир қаторда телефонингиздаги янгиликларни «варақлашингиз».
Рақамли дунё муҳитида мияни тўғри озиқлантириш муҳим вазифа
Қуйида баъзи машқларни ҳавола этамиз:
1. Англаш қобилиятингизни машқ қилдиринг: бунинг учун чуқур маъноли фалсафий китоблар ўқиш шарт эмас. Бор-йўғи кўзларингизни юмиб, нафас олишингизга қулоқ солишингиз кифоя. Диққат-эътиборингизни нафасингизга жамланг. Бу ҳолат ахборот оқимини, ташқи ахборот нохушликлари таъсирини камайтиради, ҳаловат ва осудалик туйғусини уйғотади.
2. Диққат-эътиборингизни жамлаш кўникмасини машқ қилинг. Бунинг учун бадиий китоб ўқиш, математик масалаларни ечиш, шахмат ўйнаш каби машғулотлар билан ўзингизни банд қилинг. Асосийси — машғулотга бутун борлиғингиз билан «шўнғинг», ҳар беш сонияда смартфонингиз экранига қўл текизаверманг (иложи бўлса, ахборот ташувчи ҳар қандай техникани ўзингиздан нарироққа қўйишингиз мақсадга мувофиқ).
3. Помодоро (вақтни бошқариш) техникасини қўлланг. 25 дақиқа иш — 5 дақиқа дам — яна 25 дақиқа иш. Кейинги пайтда оммалашиб кетган бу каби тайм-менежмент техникасининг бир нечта ўзига хос сирлари бор:
- ҳар 25 дақиқалик иш вақтингизни тўғри шакллантиринг, яхшиси, овозингизни чиқариб қандай ишни бажаришингизни ўзингизга таъкидланг;
- мессенжер ва ижтимоий тармоқларга чалғиманг, энг тўғри қарор — уларни ташувчи техника овозини ўчириб қўйинг;
- 25 дақиқалик «иш вақти» давомида бирор юмушни зудлик билан бажариш истаги пайдо бўлса (мисол учун дўстингизни туғилган куни билан табриклаш керак), бирор қоғозга уни ёзиб қўйинг. Ишдан чалғиманг. Фақат 25 дақиқалик иш вақтингиз ўтганидан кейин қўшимча ишни бажаришингиз мумкин.
4. Рақамли гигиена қоидаларига риоя қилинг:
- Электрон воситалар ва қўл телефонингизни ўзингиз билан олиб бормайдиган жойларни белгилаб олинг: ошхона, ҳаммом, ҳожатхона ва ҳ.к.
- Девайслардан фойдаланмайдиган вақтингизни белгилаб олинг.
- Экран вақтини нимага срафлаётганингизни назорат қилиб борувчи иловаларни созлаб олинг: Android қурилмалар учун Screen Time, Stay Free, iPhone, iPad учун «экран вақти» ички функциялари, мобил қурилмалар учун Rescue Time каби иловалар мавжуд. Шунингдек, баъзи сайтларни блоклаш тизимини ишга туширинг.
- Қўлингизга смартфон, планшет ёки ноутбукни олар экансиз, ҳар сафар ўзингизга қурилма сизга нима ишни бажариш учун кераклигини таъкидланг.
5. Хаёлларингизга эрк беринг. Иш орасида ҳар бир соатда ўрнингиздан туриб, деразани очиб, тоза ҳаводан нафас олинг, манзарага қаранг, ўзингиз учун беш дақиқалик танаффус эълон қилинг. Уй ишлари билан машғул бўлганингизда ҳар қандай ахборот воситасини кўриш, тинглашни ўзингизга таъқиқланг. Хаёлларингизга эрк беринг.
Замонавий технологиялар фикрлаш қобилиятимизни қай даражада ўзгартириб юборгани ҳақидаги ушбу мақола Psych Central ва World Psychiatry журналлари тадқиқотлари асосида тайёрланди.
Муҳайё Саидова таржимаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter