Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 «Олтинли ош»нинг олтини ҳақида...

 «Олтинли ош»нинг олтини ҳақида...

Ҳозирги даврда озиқ-овқатдаги олтин одамни ҳайратга солмайди, чунки у тобора машҳур бўлиб бормоқда ва уни аллақачон дунёдаги қимматбаҳо ресторанларнинг кўпчилигида ишлатмоқдалар. Бу исрофгарчиликнинг маъноси нима ва у арзийдими? Келинг, биргаликда аниқроқ тушунамиз.

Озиқ-овқатдаги олтин нима?

Озиқ-овқатдаги олтин – соф олтин (қўшимчаларсиз) бўлиб, маҳсулот таркибида Е175 коди билан белгиланади, шунингдек Е174 - озиқ-овқатдаги кумушдир.

Озиқ-овқатдаги олтин жуда юпқа варақ шаклида сотилади – тахминан 100 нанометр (ишлаб чиқарувчига қараб). 100 нанометр – 0,0001 миллиметрга тенг. Шунингдек, озиқ-овқатдаги олтин кукун ва дона шаклида ҳам бўлади.

 Озиқ-овқатдаги олтин қандай ишлатилади?

Бунда ҳамма нарса фантазияга боғлиқ. Олтин билан десертлар қопланади, ичимликларга қўшилади (одатда дона шаклида), турли овқатлар устига сепилади, мана Қўқонда ошнинг устига олтинни қириб қўйишмоқда – қисқаси, ишлатилиш имкониятлари чексиз.

Озиқ-овқатдаги олтиндан фойдаланишнинг энг эрта гувоҳликлари қадимги мисрликларга тааллуқли бўлиб, тахминан 5000 йил олдин юз берган. Мисрликлар олтинни ақлий, жисмоний ва маънавий покланиш учун ишлатганлар, чунки улар олтиннинг илоҳий хусусиятлари бор, деб ишонганлар.

Шунингдек, кўпгина кимёгарлар олтин билан даволовчи эликсирлар қайнатганлар. Ейиладиган безак сифатида олтинни майялар ва инклар, японлар ва турли даврлардаги қироллар ҳам ишлатган.

Парацельс (1493-1541), замонавий фармакологиянинг асосчиси, олтин билан дори хапдорилар ясаган. Тарихда бунга оид кўплаб далиллар мавжуд.

Озиқ-овқатдаги олтиннинг фойдаси нима?

Олтин организм томонидан ҳеч қандай усулда сингдирилмайди. Ўзгаришсиз ҳолда чиқади, шунинг учун мантиққа ишонсак, ҳеч қандай фойдаси йўқ. Аммо озиқ-овқатдаги олтин сотувчилари фойдаси жуда юқори эканини ва деярли барча касалликларни даволашини таъкидлайдилар. 1975 ва 2016 йилларда ўтказилган тадқиқотлар ҳақиқатан ҳеч қандай фойда йўқлигини кўрсатди.

Бу ерда фақат битта фойда бор – ўз имкониятингизни кўрсатиш ва дўстларингизга мақтаниш, сиз ҳақиқатан ҳам ҳожатхонага олтин билан кирасиз (эсингизда бўлсин, у ҳазм бўлмайди). Бу исрофгарчилик арзийдими, ҳар ким ўзи ҳал қилади...

Озиқ-овқатдаги олтин қанчага туради?

Агар овқат нархлари олтин туфайли шунчалик баланд, деб ўйласангиз, бу фақат қисман тўғри. Нархлар шунчалик қимматлиги сабаби оддийгина, уни шундай қиммат нархда сота оладилар, чунки сотиб олишади, талаб бор.

Ўйламанг, биз Ўзбекистонда тўлиб-тошиб яшаётган эканмизда деб, аммо буни сотиб оладиганлар ҳам бор. (мен бошқа бир Ўзбекистондаман шекилли)

Олтиннинг нархи жуда ҳар хил. Масалан, интернетдаги магазинлардан қуйидаги ажойиботни жуда арзон нархга – 20 варақ олтинли дафтар (9х9 см) – 145 000 сўмга сотиб олиш мумкин.

Паст нарх олтиннинг ўзидан ташқари таркибида яна нималар борлиги, жумладан, бўёқ борлиги билан изоҳланади. Қанча каратлиги ҳам кўрсатилмаган.

23 каратли озиқ-овқатдаги олтин эса анча қимматроқ туради – 10 варақ (9х9 см) 650 минг сўмга яқин туради.

Ажабланарлиси, аммо баъзи сайтлардан бундай тиллоли варақларни икки баравар арзонроқ, баъзан 4 баравар арзонроқ сотиб олиш мумкин...

Умуман олганда, интернетда нархлар жуда турлича ва нима билан боғлиқлиги тушунарсиз. Баъзи жойларда 24 каратни 23 каратдан арзонроқ сотиб олиш мумкин, баъзиларида эса бўялган қалбакисини ҳаддан ташқари қиммат нархда сотмоқда.

Хулоса шундаки, бу бўялган қалбаки ёки энг сифатли олтин бўлсин, ҳеч ким фарқини билмайди, чунки мазаси йўқ ва олтин ёки қалбаки варақнинг қалинлиги шунчалик кичикки, таъм бўйича ҳам аниқлаш имкони йўқ.

Менимча, олтинли ош ейиш – бу пулни шамолга учириш, аниқроғи, ҳожатхонага ташлаш билан тенг.

                                                           Асадулла Жўраевнинг Facebook
саҳифасидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг