Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муҳаммадали Эшонқулов: «Ҳаётда омадсизлик ҳам асли омаддан» (видео)

«110 метр баландликда» лойиҳасининг бугунги меҳмони ҳозирги кунда ўзининг бизнес мураббийлик фаолияти билан машҳурликка эришган, 5 ёшида мактабга борган, 15 ёшида талаба бўлган Муҳаммадали Эшонқулов.

Қуйида у билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ассалому алайкум, лойиҳамизга ташрифингиз учун раҳмат.

– Валлайкум ассалом, сизларга ҳам таклиф учун раҳмат.

Сизга ким энг кўп руҳлантириш беради?

– Aгар яхшилаб кузатилса, ҳар бир инсондан руҳланса бўлади. Мен ўз соҳасининг профессионалларидан, яъни, бир соҳани мукаммал эгаллаб, ўша соҳа учун жонини фидо қилиш даражасига келган, улар учун пул таъма ҳисобланмаган соҳа вакилларидан руҳланаман. Мени руҳлантирадиган инсонлар жуда кўп, масалан отам, ҳаётдаги, ўқишдаги устозларим, шогирдларим.

Омадсизликка учраган дамларингиз ҳам бўлганми?

– Жуда кўп бўлган. Мен доим ўзимга нимаики муваффақиятсизлик бўлса, бунинг охири, албатта, яхши бўлишини ёки яхшиликка бўлишини эслатиб тураман. Биз яратгандан доим ўзимизга ёқадиган нарсаларни сўраймиз, лекин у бизга керак нарсани беради. Ёқадими, йўқми айнан ўша ҳолатдан келиб чиқиб, энг фойдали нарсани беради. Мисол учун, ёш болалар касал бўлиб қолса, ота-онаси уларга дори беради, укол ҳам қилиши мумкин, лекин бу болаларга ёқмайди. Aммо, муолажалар тугаганидан кейин улар албатта шифо топади. Ҳаётимиз ҳам худди шундай. Баъзи бир омадсизликлар кейинроқ келиши мумкин бўлган муваффақиятларга тамал тоши бўлади.

Қийин вазиятлардан қандай чиқиб кетасиз?

– Aгар фалон жойда муваффақиятсизликка учраганман, десам ношукрлик қилган бўламан. Aртур Эшли деган теннис устаси бўлган. Бир неча кунлик умри қолиб, оғир аҳволда ётганида бир дўсти келиб унга нима учун миллионлаб одамлар турганида айнан сен касал бўлдинг, деган савол беради. Шунда у дунёда 6 млрд.дан зиёд аҳоли бўлса, ўшаларнинг 500 млн.га яқини теннис ҳақида билади. 5 млн.ни эса ҳеч йўқ умрида бир марта қўлига ракетка ушлаб кўрган. 500 мингги ҳаваскор бўлиб бўлса-да, теннис ўйнаб кўрган. 5 мингги жиддий спорт билан шуғулланган, фақатгина 500 таси профессионал теннисчи бўлиб етишган. Шуларнинг 50 таси Уимблдонга қатнашган. Иккитаси финалга чиққан, ўша финалда мен ғолиб бўлганман. Миллиардлаб инсонлар ичида ягона бўлганимда, мен худога нима учун айнан мен деб айтмаганман, энди мана бу касал келганида, бундай десам инсофсизлик бўлади, деб айтган экан. Ҳаётда омадсизлик ҳам асли омаддан.

«Biznes kvadrat women» лойиҳаси қандай бўляпти? Тадбиркор аёлларни тарбиялай оляпсизларми?

– Бу лойиҳа аёллар учун махсус. Устозларимиз Меҳринисо Aбдураззақова, Мухтасар Назарова ва яна бир нечта илғор аёлларимиз билан билан бошлаганмиз. Биринчи мавсум тугади, иккинчи мавсумга қабул бошланди. Бу лойиҳа давомида билдимки, ўзбек аёлларининг илмга нисбатан ҳарислиги эркаклардан 10 баравар кучлироқ экан. Бундан қувондим. Ушбу лойиҳа аёлларни фақат бизнесга ўргатмайди, қисман ўргатади, лекин асосий мақсад аёлларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари.  Минг афсуслар бўлсинки, кўп аёллар ҳозирда депрессияда яшаяпти. Эҳтимол, жамият уларни тушунмаяпти ва ёки аксинча. Ўзбек  аёлининг 40 та қўли, 80 та оёғи бўлади. Чунки ҳамма ишга улгуриши керак. Улгурган тақдирда ҳам доим раҳмат эшитавермайди. Шу учун кўп оилаларда психологик инқирозлар бўлади ва бу жуда хунук оқибатлар билан тугайди. Ушбу лойиҳани айнан шу сабабдан бошладик. Бу лойиҳани аёлларни ҳам назокатли, ҳам латофатли, ҳам ишчан, ҳар тарафлама мукаммал имижини шакллантириш учун ташкил қилганмиз.

  Бир интервюда дунёда етимхоналар, қариялар уйлари қолмаслигини исташингизни ва бунинг учун инсон аввало ўзини ўзгартириши кераклигини айтгансиз. «Юксалиш»да ўқувчиларни шу томонлама ҳам тарбия қиласизларми? Мана шу эзгу ниятингиз сари боряпман деб ўйлайсизми?

 – Яқинда Жиззахга борганда «Меҳрибонлик уйи» ёзувининг ўрнида «Менинг бахтли уйим» деган ёзувни кўриб хурсанд бўлиб кетдим.

Жуда ҳам хоҳлайман етимлар бўлмаслигини, қариялар уйи бўлмаслигини. Оилавий муҳитларни яхшилаш орқали жамиятда ажрашаётган оилалар камаяди. Ўзбекистоннинг марказий шаҳарларида ўртача ҳар бешта оиланинг биттаси ажрашган. Бунинг оқибатида отаси, онаси бор, лекин етимлар кўпаяди. Балки бу нарса ҳозир билинмас, аммо вақти келиб жамиятга акс таъсирини ўтказмай қўймайди. «Юксалиш» лойиҳасини айнан шу сабабдан ишлаб чиқдик. Оилавий муҳитни катталар орқали бўлмаса, болалар орқали ўзгартириш учун. Болалар орқали оилалардаги мулоқотларни тиклаяпмиз. Ҳозирги кунда кўп оталар 1 суткада болаларига 12 дақиқа, оналар эса 30 дақиқа вақт ажратар экан. Бу даҳшатли даражада кам.

Кам ухлаш кераклигини кўп таъкидлайсиз. Ўзингиз доим мана шу тартибни сақлаб турасизми? Бугун якшанба бироз кўп ухлаб оламан, деган фикр ҳеч бўлганми?

– Иложи борича бу тартибни бузмасликка ҳаракат қиламан, лекин доимий равишда кам ухлаш инсон соғлиғига зарар бериши мумкин. Шу учун шароитдан келиб чиқиб ҳар бир инсон 4-7 соат ухлагани маъқул. Aгар жамиятга ухлаганидан кўра уйғоқлиги кўпроқ фойда келтирадиган инсонлар бўлса камроқ ухлагани яхши. Жуда кўп президентлар ҳақида эшитганман. Тўрт соатдан кўп ухлашмайди.

Келажакда сизга ҳавас қилиб «мен ҳам Муҳаммадaли Эшонқулов бўламан» дейдиган ёшларга қандай маслаҳат берасиз? Кўпчилик лидерларга бу савол берилганда китоб ўқишни маслаҳат беради. Лекин айнан қандай мавзудаги китоб ўқишларини айтишмайди.

– Ҳозирги кундаги ёшлар аслида 15 ёшигача жаҳон тан олган 500 та китобни ўқиб чиқиши керак. Лекин, минг афсуски, замондошларимиз, жумладан биз ҳам жуда кам китоб ўқияпмиз. Инсонлар китоб ўқишлари, илм олишлари ва ўзларида чиройли хулқни шакллантира олишлари керак.

Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Aлишер Саъдуллаев таклифи билан «Кутубхоначи» деган лойиҳани бошладик. Биргаликда маслаҳатлашиб ёшлар ўқиши керак бўлган 100 та китоб рўйхатини тузиб чиқдик. Бу лойиҳада шахсий ривожланиш, тарбиявий аҳамиятга эга китоблар, бизнесга оид, ҳуқуқга оид китоблар бор. Мана шу 4 та йўналишда ўртача 20-25 тадан, жами 100 тадан зиёд китоб бор.

Мактабда қандай сифатларингиз билан бошқача бўлганман, деб ўйлайсиз? Иқтидорли болалар мактабига неча ёшингизда ўтгансиз?

– 6-синфда иқтидорли болалар мактабига ўтганман. Мен шунчаки қизиқувчан инсон бўлганман. Нимагадир қизиқдимми, охиригача қидириб топмагунимча қўймаганман. Инсон бир нарсага ёпишдими ё ўша нарсани узиб олиши керак, ё ўша жойда қўли қолиб кетиши керак.

Ҳозир эришган мақсадларингизни режалаштиришингизга нима туртки бўлган?

– Оғриқ туртки бўлган. Жамиятдаги кўп дардлар туртки бўлган. Ўшаларни ўйлаб сиқилганмиз. Отаси кетганида хурсанд бўлиб, ичиб келса қўрқувдан кўзлари йиғига тўладиган ёшларни кўриб мана шуларга озгина бўлса-да малҳам бўла оларканмизми, деб ўйлаганмиз. Шу сабабдан «Юксалиш» лойиҳасига асос солганмиз.

  Яқинда PubG ўйини ҳақида гапирдингиз, ҳозир бу каби ўйинлар кўпайган, айниқса, 1 Xbet. Бундай ўйинлардан чиқа олмай қолганлар қолаверса, бу ўйинни ўйнаб оиласини боқаётганлар ҳам бор экан. Шу каби инсонларга қандай маслаҳат берасиз, яқинларига-чи?

– Кимнингдир ютқазиши эвазига кимдир ютади. Бу билан эҳтимол бир йил оилани боқиш мумкин. Лекин, унинг тўлови жуда ҳам қаттиқ бўлади. Одамда бир касб бўлиши керак. Оила – муқаддас даргоҳ. У ерга кир-чир кирилмайди, ахлат ташилмайди. У даргоҳга энг сара, энг тоза нарсалар олиб кирилади. Инсон ҳаётида плюс, айирув, кўпайтирув, бўлувларни ҳисоблаб юради. Лекин энг муҳимини, баробарни унутиб қўяди.

Кўп хизмат сафарларида бўласиз, ундан ташқари ўқув марказлари, шогирдларингиз, умуман, бу каби ишлар билан банд бўлиб оилангизга кам вақт ажратиб қолмаяпсизми?

– Бахтли инсон уйдан ишга, ишдан уйга шошган инсон, дейилади. Имкон бўлса, кўпроқ вақтимни оиламга сарфлашга ҳаракат қиламан.

 – Сиз учун оилада аёл кишининг ўрни? Оиладаги аёл ким ўзи?

– Aёл кишига елкадош, дўст, суянчиқ сифатида қарашларини истардим. Жуда кўп эркаклар сир бой бериб қўймай деб ичидаги дардини айтмайди, сирини айтмайди. Эҳтимол улар ҳақдир. Лекин, яшириладиган сирлар бўлади, яширилмайдигани бўлади. Бахт келганда уни бўлишсангиз икки баравар кўпаяди. Дард келганида тушунадиган инсон билан бўлишсангиз икки баравар енгиллашади. Булар учун энг ҳақли инсонлар ота-она, ҳар кимнинг ўз жуфти, деб ҳисоблайман. Салоҳиятлари бўлса доим кенгашиб туришларини, аёлларини айнан университетда бўлмаса ҳам ўқитишларини, илм олишлари учун шароит яратиб беришларини тавсия қиламан. Устозимизнинг ўғлингни ўқитибсан ўзингга яхшилик қилибсан, қизингни ўқитибсан умматга яхшилик қилибсан, деган гаплари бор. Шу учун уларни ҳар тарафлама ўсишларига имкон яратиб беришимиз керак.

Ахборот технологиялари соҳасидаги ривожланишга қандай қарайсиз?

– Бу муқаррар ривожланиш. Бутун дунё 5Gга қараб боряпти. Ким ўз бизнесини, ўз ишини бу соҳа билан боғлай олмас экан, минг афсуслар билан айтаман, секин-аста у соҳадан чиқишга мажбур бўлиб қолиш эҳтимоли бор.

 – Самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат! 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг