«Лола сайли»ми, «қизғалдоқ сайли»? Ёхуд қизғалдоққа «айланган» лола...
Ҳамма нарсани ўз оти билан атаган яхшида. Апрель бошланибдики, ижтимоий тармоқларда Андижонда «Лола сайли», Хонободда «Лола сайли», Самарқандда «лола сайли» бошланди, деган изоҳли суратлардан баҳраманд бўлаяпмиз.
Қаерга қараманг, қип-қизил гилам тўшалгандек қизғалдоқзор. Ўйланиб қоласан, лола «Қизил китоб»га киритилган камёб ўсимлик бўлса, қандай қилиб сайил уюштириш мумкин? Лолалар шу қадар кўпмидики, уни оралаб юриш, узиш мумкин? Узоқдан кўринган алвон майдон аслида лолазор эмаслигини, балки қизғалдоқзор эканлигини синчиклаб қарасангиз англаш қийин эмас. Аммо жуда кўпчилик буни лола деб ўйлаётгани, билаётгани ажабланарли. Лолақизғалдоқ ва лола ҳақида интернетни титкиласангиз етарли маълумотга эга бўласиз. «Миллий энциклопедия»ни «варақласангиз» кифоя.
Лолақизғалдоқ – қизғалдоқ
Кўкнордошлар оиласига мансуб бир йиллик ўт. (гул дейилмаяпти) Бўйи 10— 40 см. Пояси дағал туклар билан қопланган, туб барглари узун бандли, поядагилари бандсиз. Барг пластинкаси икки карра патсимон қирқилган. Гуллари йирик, гултожбарглари қизил, тубида ёйсимон қора доғи бор. Меваси дағал туклар билан қопланган, думалоқ кўсак, апрелда гуллайди, майнинг охирида мевалайди, июнда қурийди.
Лолақизғалдоқ чўллар, адирлар, боғлар, йўл ёқалари ва баҳорги экинлар орасида кўп учрайди. Пояси, барги ва гулларида 0,1% алкалоид бор. Гултожбаргларининг суви халқ табобатида офтоб урган болаларга ичирилади, шунингдек, оғриган кўзни ювиш учун ишлатилади. Лолақизғалдоқни моллар емайди, пичанга аралашса (айниқса, гуллаганда) чорва молларини захарлаши мумкин. Қаранг, биз «Лола сайли»да тераётган бу қизғалдоқнинг қанча сифатлари бор экан, билармидингиз? Зарарини-чи? Кейин қизғалдоқ фақат уруғидан кўпаяди.
Қизғалдоқ айни баҳор пайти очилади, очилиши 9 май, Хотира ва қадрлаш кунига тўғри келгани учун балки атоқли шоир Муҳаммад Юсуф уни хотира билан боғлайди, бир жойда лола, бир жойда қизғалдоқ дейди:
Буни ҳаёт дерлар,
Унутма асло,
Бир кун очиласан,
Бир кун сўласан.
Қалбимда-ку фақат
Сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам
Ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан
Хотира — байроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ.
Муҳаммад Юсуф яна бир шеърини қизғалдоққа бағишлайди:
Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,
Кокил ёйсанг, ердан бўлак тошойнанг йўқ...
Таниқли хонанда Шуҳрат Дарё лолақизғалдоққа ҳақиқий баҳони беради:
Мен ўша саҳарда ёнингга бориб,
Оловранг япроғинг тутгани қўрққан,
Учиб кетмагин деб шамол қаърига
Ҳуркак вужудингга безовта боққан.
Висол оғушида титрайди дудоқ,
Мени танидингми лолақизғалдоқ...
Яъни шоир тегинсангиз тўкилиб кетадиган лолақизғалдоқ гулкосаларини ҳуркак вужудга ўхшатади. Лоланинг гулкосалари эса осонликча узилмайди, тўкилмайди. У худди қисмати – тошлар орасини ёриб чиққандек мустаҳкам.
Энди лоланинг таърифини, сифатларини, келиб чиқишини ўрганиш учун яна «Миллий энциклопедия»ни «варақлаймиз».
Лола
Лола – лоладошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимликлар туркумига киради. (Қизғалдоқ бир йиллик ўт деб таснифланганди.) Ер юзида унинг 1400 га яқин, жумладан, Евросиёда 100 дан ортиқ, Ўрта Осиёда 64 тури тарқалган. Лолалар пиёзли баҳорий ўсимлик ҳисобланади, унинг хонакилаштирилгани гулчиликда муҳим аҳамият касб этади.
Кўпгина мамлакатлар қаторида Нидерландияда ва Ўрта Осиёда лола кўпроқ етиштирилади. Ўзбекистоннинг адир ва тоғларида унинг ёввойи 25 тури ўсади. Лоланинг қизил лола (T.greigii) ва тарғил лола (T.fosteriana) хили гулларининг йирик ва нафислиги билан бошқа лолалардан фарқ қилади. Селекционерлар яратган навлар сони ҳозирги вақтда бир неча мингдан ортиқ. Ўзбекистон ФА Ботаника боғида 60 га яқин хили ўстирилади.
Қизил ранг лоланинг турли туслилари: оч қизилдан, қора қизилгача, шунингдек, сариқ, тарғил, гунафша ва бошқа хиллари учрайди. Пиёзи тухумсимон, ромбсимон, шарсимон, диаметри 2,5–4 см., Пояси 20 – 30, баъзан 50 см. гача. Барглари 2–3 та, чўзиқ. Тожбаргларининг узунлиги 8 см. Меваси кўсакча, эни 1,5–2 см, уз. 3 – 6 см. Лола, асосан, адирлар, тошли ва чағир тошли қияликларда яхши ўсади. Уруғи ҳамда пиёзидан кўпайтирилади (пиёзидан кўпайтирилганда эрта гул беради). Май – июнда гуллайди. Июнь – июль ойининг охирларида пиёзи қазиб олиниб, 22–25° ҳароратда қуритиб сақланади, сўнгра ҳарорат 12–13° га пасайтирилади. Сентябрь, октябрь ойларида пиёзи 8–15 см.чуқурликда экилади.
Ўрта Осиёда табиий лолалар Қорақум ва Қизилқум чўлларидан то Помир-Олай ҳамда Тяньшан тоғлари минтақалардаги турли иқлим ва тупроқ шароитида ўсади. Дунёга машҳур энг нафис маданий лолаларнинг (Голландия лолалари) аксарият қисми Ўрта Осиё лолалари заминида яратилган. Ўзбекистон ФА Ботаника боғида лола ўстириш ҳамда ёввойи ва маданий турларидан янги навлар етиштириш бўйича илмий изланишлар олиб борилади. Ўзбек миллий урф-одатларида лолалар қадимдан эъзозланади.
Яъни лола сайли ана шундай удумлардан бири.
«Лола сайли»
Ҳа, айнан қир-адирлар лолақизғалдоқ ва лолаларга бурканган пайтда анъанавий тарзда гул сайлига чиқиш удуми туфайли лолалар камайиб «Қизил китоб»га кирган бўлса не ажаб... Этнограф олимларнинг айтишича, асосан, Фарғона водийсида, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах вилоятларида ўтказилган бу қадимий сайил ёш авлод қалбида табиатга муҳаббат ҳиссини тарбиялашда муҳим амалий аҳамият касб этаркан. Аммо, масаланинг яна бир томони табиат гўзаллигидан завқ олиш учун уюштирилган бундай сайилларга айнан маълум бир турдаги ўсимликлар қурбонлик қилинмаганми?
Этнограф олима Е.Пешчереванинг маълумотларига қараганда, «Лола сайли»ни даставвал «лолачилар» бошлаб беришган. Дарахт шохларини лола билан безатишган ва ана шу «гулчаман»ни кўтариб, қишлоқ кўчалари бўйлаб айланиб юрганлар. «Лолачи»ларни кўрган одамлар «гулчаман» шохига турли мато бўлаги, рўмолчани боғлаб, орзу-истакларини изҳор этишган. «Лолачи» болалар гуллар билан бурканган дарахт шохини лолазорнинг ўртасига ўрнатиб қўйишган. Шундан сўнг қишлоқ оқсоқоллари «Лола сайли»ни бошлаш учун оқ фотиҳа берганлар.
Ана шу «Лола сайли»га берилган оқ фотиҳаларнинг бугун асоратлари уларнинг камёблашиб кетганида кўринмоқда. Яъни уларнинг пиёзи билан кўплаб юлиниши камайиб кетишига сабаб бўлган. Манбаларда келтирилишича, лолаларнинг 20га яқин тури «Қизил китоб»га киритилган. Лекин «Қизил Китоб»га киритилган лоланинг бешта тури эса умуман муҳофаза қилинмайдиган ҳудудларда учрайди. Демак, қачонлардир, лолаларнинг тоғларда табиий ўсиб ётиши эртакка айланиб қолиш хавфи ҳам йўқ эмас...
Қизғалдоққа айланган лола
Абдулла Аъзамов «Лола сайли»ни акс эттирган «Ўзбекистон табиати» постига ўзининг facebook саҳифасида шундай муносабат ёзади, муносабатки, ҳар биримизни мулоҳаза қилишга чорлайди:
Юрт лолазор эди. Тоғ ёнбағирлари, дашту далалар, қишлоқ ҳовлиларигача. Ҳатто чўлу саҳроларгача ҳар баҳор лолага бурканар эди. Ранго-ранг лолаларга: алвон, пушти, сап-сариқ, оппоқ, атлас, беқасам... Навоий ғазалда куйлаган лолалар, Бобур таърифлаган лолалар, Фурқат эркалаган лолалар... Лолалар очилиб, лолазорлар яшнаган паллада эл лола сайлига чиқар эди. Бу чоғда лола ҳамманинг дилини чоғ этар, ҳатто тўшакка михланган беморларгача хушнуд қилар, дилига умид бағишлар эди. Жуда қадим замонларда ҳам «Лола сайли» бўлган, ёш-яланглар лола теришган. Ўтган аср талабалари учун «Лола сайли» энг завқли тадбир эди.
Эркин Воҳидов:
Таклиф этдим тонг билан дилдорни лола сайлига...
Абдулла Орипов:
Ёноғингдан ранг олган дедим,
Лолазорга бурдим юзимни…
Эҳ-ҳе, «Лола сайли»га чиқиб лолага шеър бағишламаган шоир борми? Бугун энди бор. Кўп ҳам. Деярли ҳаммаси лолага атаб шеър ёзади. Чунки энди лолазорлар йўқ. Анча бўлди. Чунки лола бозорбоп мол бўлди. Лолафурушлар лолазорларни молдан бадтар пайҳон қилишга тушди. Лолафурушлар гулни оралатиб теришмас эди, авайламасдан ёппасига узишар эди. Ҳатто ҳали очилиб улгурмасидан, ғунчасини теришар эди. Лолалар фалакка юз буриб шикоят қилдилар: уруғимизни қуритишяпти! Фалакнинг қўлидан қорларни эритиш, ёмғир ёғдириш, улгуриб қолган лолалар уруғини шамол билан сочиш келар эди, аммо пайҳончиларга кучи етмас эди. Лолалар ожиз, чекина бошлашди. Даставвал воҳалардан бош олиб кетишди. Сўнг даштлардаги ўтлоқлардан. Кейин тоғ ёнбағирларидан. Аммо лолакушлар тўймас эди. Лолалар на олис саҳрога қочиб қутулишарди, на баланд тоғларга.
фото:https://sreda.uz/
Бир кун келиб лолалар ўз тилларида анжуман қилдилар:
– Нима қиламиз? Қандай жон сақлаймиз?
– Қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Бас келолмаймиз.
– Имкон излаш керак.
– Бўлди, мен гулимни майдалаштираман, кўзга кўринмайдиган бўлиб.
– Мен баландга, музликларга чиқиб кетаман.
– Мен лолақизғалдоққа айланаман, бир кунгина очилиб, уруғласам бўлди.
– Мен Голландияга кетаман. У ерда бизни эъзозлашар экан.
– Сен-чи? Сен нега жимсан?
– Бу юрт менинг отамаконим. Дунёга шу ердан тарқаганман. Ўлсам ҳам, қирилиб кетсам ҳам ҳеч қаёққа кетмайман...
Бугун лолаларни музликларда учратаётганимиз бор гап. Бугун лолалар қирилиб кетиш остонасида тургани ташвишланарли, айни дамда ҳамюртларимиз «лола сайли», деб қизғалдоқзор оралаб юргани бежиз эмас, чунки лолалар аллақачон қизғалдоққа айланиб қолган... Хонанда лолагул ҳақида хазин қўшиқ куйлайди:
Шамолларда синмадинг лолам,
Бўронларга дош бера олдинг,
Қор тагида қолганда олам,
Кўзларимда ёш бўлиб қолдинг,
Лолажон, лолажон менинг лолам,
Сени сиғдиролмади наҳот кенг олам...
Барно Султонова тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter