Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Карантин ва жазо: «босар-тусарини билмаслик» можароси фонида бошқа бир баҳс авж олди

Карантин ва жазо: «босар-тусарини билмаслик» можароси фонида бошқа бир баҳс авж олди

Фото: Xabar.uz

Ички ишлар вазирлигининг интернет тармоғидаги расмий саҳифасида тарқатилган «босар-тусарини билмай қолган депутат» ҳақидаги видеолавҳа ортидан баҳс-мунозаралар авж олди. «Тортишув»да яна бир бошқа масала – эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларини жарима майдонларига киритиб қўйилаётгани кун тартибига чиқди.

Баҳс нимадан бошланди?

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ИИВ масъуллари қонунларни тилга олиб, депутатлар ҳам унга риоя этиши кераклигини қайта-қайта келтиришганинига жавобан ички ишлар масъулларига қуйидаги ҳолатни эслатиб, сўрайди:

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш асослари келтириб ўтилган бўлиб, унда ушбу кодекснинг 54-моддаси талаблари, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш келтирилмаган. Бундан келиб чиқадики, жойларда карантинга риоя этмаганлик сабабидан автомобилларни жарима майдонларига тиқиб қўйиш ноқонунийдир. У ерда турган ҳар бир кун учун тўлов ҳам бор. Негадир бунга кўз юмишга ҳаракат қилинаяпти. Кодекс бу – қонун. Қарор, топшириқ, буйруқлар қонундан устунмас», – деб ёзади у.

Баҳсга Адлия вазирлиги масъул ходими қўшилди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Ғайбулло Примов депутатнинг сўровига эътироз билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра ички ишлар органлари томонидан МЖтКнинг 10дан ортиқ моддасида назарда тутилган 50га яқин қоидабузарликлар бўйича транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин.

Шунингдек, кодекснинг мазкур моддасида қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам транспорт воситаларини жарима майдонига жойлаштириш мумкинлиги белгиланган.

«Маълумки, президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 29 январдаги Ф-5537-сонли Фармойишига мувофиқ коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси ташкил этилди. Мазкур комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорида йўл-патруль хизмати ходимлари карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриши мумкинлиги белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш қонуний ҳисобланади деб хулоса қилиш мумкин», дейди вазирлик вакили.

Депутатнинг эътирози

Адлия вазирлиги масъул ходимининг бу чиқиши Олий Мажлис депутатининг эътиборидан четда қолмади.

«Ҳайронман: қонунда тўғридан-тўғри тушунарли ёзиб қўйилган қоидани у ёқдан бу ёққа тортиб, кулгуга қолишнинг нима кераги бор? Мен Ички ишлар вазирлигидан талаб қилсам, Адлия вазирлиги ходими аралашади. Ўтган сафар автомобилларнинг кундуз куни чироқларини мажбурий ёқиб юриш бўйича қоидани бекор қилдиришга уринганимизда ҳам шундай бўлганди: йўқ жойдан Ички ишлар билан баҳсга Адлия вазирлиги аралашиб, депутатларни «синдиришга» уринган. Ким кимгадир адвокатми шунда.

Агар мен ноҳақ бўлиб, қонун талаби бошқача бўлса, нима учун Адлия вазирлигининг юқори раҳбарияти – вазир ёки унинг ўринбосари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс яъни қонун, қонуности ҳужжатларидан, буйруқлардан паст кучга эга, деб таъкидламайди, «Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун янглиш қабул қилинган, ундаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбати чалғитувчи қоидалар демайди?..

Ким нима дегани билан қонун барибири қонун, ҳақиқат эса букилса ҳам синмайди. Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига асосан фуқароларнинг автомобилини ушбу кодекс 54-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш талабини бузганлик учун вақтинча ушлаб жарима майдонига тиқиб қўйиш ғайриқонунийдир.

Масъуллардан яна бир бор талаб қиламан: қонун талабларини бузманг ва автомобилларни эгаларига қайтариб, карантин тугагунга қадар ўз хонадонларида сақлашларини сўранг. Ҳеч бир ҳолат қонунни четлаб ўтиш ёки бузишни оқламайди. Буни мен эмас, қонун айтаяпти!

Бордию, қонун талаблари шундай ёлғонлар билан инкор этаверилса, ҳеч бўлмаса жарима майдонларида турган фуқароларнинг автомобиллари учун кунлик тўлов ва жарима ундириш бекор қилиниши керак. Даромад топишдан маҳрум оғир бир вақтда фуқаролар учун бу ҳам қўллов бўлади. Уларнинг кўпчилиги тирикчилик деб «машина» ҳайдарди.

Иш ҳал бўлмаса умид судлардан. Ҳар қалай суд адолат маскани сифатида вақти келиб бу ишга холис баҳо беради, деб умид қиламан.

Хуллас адолат бор бўлсин!» – дея муносабат билдиради Расул Кушербаев.

Ички ишлар вазирлиги: «Ҳаммаси қонуний!»

Ички ишлар вазирлиги карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш масаласи юзасидан тушунтириш берди.

«Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорига мувофиқ, автотранспорт воситаларининг махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланишига йўл қўйилганда, ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилиши белгиланган.

Айрим фуқаролар ва экспертлар махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланиш билан боғлиқ масалалар — йўл ҳаракати қоидалари доирасидаги ҳуқуқбузарлик, деб нотўғри фикр юритишяпти.

Ушбу ҳолат йўл ҳаракати эмас, балки қарантин қоидаларини бузиш деб малакаланади. Карантин чекловларини бузган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодекснинг 54-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Шу муносабат билан, Кодекснинг 54-моддасидаги ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузувчи ва маъмурий ишни мазмунан кўриб чиқувчи ваколатли орган бу давлат санитария назорати органларидир.

Карантин қоидаларини бузувчи шахслар томонидан, жумладан тегишли ҳуқуқи мавжуд бўлмаган тақдирда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарликни давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида, мазкур автотранспорт воситалари ички ишлар органлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади. Чунки акс ҳолда, мазкур шахслар томонидан карантин билан боғлиқ чекловларга риоя қилмаслик давом эттирилишига йўл очиб берилади…

…Юқоридагилардан келиб чиқиб, карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни вақтинча жарима майдончасига жойлаштириш қонуний ҳисобланади» – дейилади вазирлик тушунтиришида.

Баҳс бу билан якунланмайдиган кўринади

Махсус рухсатномага эга бўлмаган автомобилларнинг жарима майдончаларига олиб бориб қўйилаётганининг қонуний асоси атрофидаги тортишувлар ҳали давом этадиганга ўхшайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраевнинг ёзишича, ҳозирги кунда депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ушбу масалани чуқур ўрганишга киришган.

Унга кўра, кўпчилик депутатларнинг дастлабки фикри қуйидагича:

«Биринчидан, ЎзР Маъмурий жавобгарлик кодекси 54-моддасига мувофиқ ҳуқуқбузарга нисбатан баённома расмийлаштириб, жарима қилиш ва уйига қайтишга мажбурлаш кифоя қилади. Стикерсиз автомобилни жарима майдончасига олиб бориб қамаб қўйиш қонунчилигимизда кўзда тутилмаган.

Иккинчидан, содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун миллий қонунчилигимизда битта жавобгарлик белгиланган бўлиб, фуқарони икки марта жазога тортиш ана шу адолатли принципга тўғри келмайди.

Учинчидан, карантин даврида юртдошларимиз ишсиз, даромадсиз қолган бир пайтда уларнинг турмушини янада мураккаблаштириш қанчалик тўғри? Биз гайкани ҳаддан ташқари бураб қўймаяпмизми? Шундоқ ҳам карантиндан қийналаётган фуқароларимизга бу жуда оғирлик қилмайдими?!

Албатта, карантин шароитида касаллик оммавий тарқалмаслиги учун биз албатта қаттиққўл бўлишимиз керак, лекин меъёрни (ҳам ҳуқуқий ва ҳам инсоний маънодаги меъёрни) унутмаган ҳолда!» – қайд этади депутат.

Ақл ва виждон амри

Томонлар ўз қарашларини қонунан исботлашга ҳаракат қилишмоқда. Фикрлар хилма-хил, лекин тугал хулоса чиқариладиган ҳолат эмас ҳозир. Фақат, айбсиз айбдорлар азият чекиб қолиши эҳтимоли борлиги кўпроқ хавотирга солади.

Айни вақтда тартиб шуки: карантин чекловлари доирасида махсус рухсатномасиз бошқарилган автотранспорт воситаларини жарима майдонлари кутиб турибди. Амалдаги қоидага кўра жарима майдонига «тиқилган» машинани карантин даври тугаганидан кейингина олиб чиқиш мумкин. Чекловлар қачон бекор қилиниши номаълум: 10 майгача давом этадими ёки яна узайтириладими билмаймиз. Бу вақт ичида бир неча миллионлик жаримадан ташқари, машинангиз ҳам «стоянка»да қанча кунлик тўлов «туғиб ётиши»ни чамалаб кўраверинг. Шунинг учун таваккал қилманг, заруратсиз уйдан чиқманг. 

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва молия вазири Темур Ишметовнинг яқинда берган интервьюсидан (видео) англашиладики, иқтисодий қийинчиликлар ҳали олдинда турибди. Йўғон чўзилиши, ингичка узилиши эҳтимоли ортадиган бундай синовли пайтда ақл ва виждон амри билан иш кўриш энг тўғри ва ҳамма учун фойдали йўл бўлади, назаримизда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг