Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Депутатлар хизмат машиналаридан воз кечди. Нега?

Депутатлар хизмат машиналаридан воз кечди. Нега?

Фото: «Adolat.uz»

«Адолат» СДП фракциясидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари хизмат автомашиналаридан воз кечиб, жамоат транспортидан фойдаланишмоқда. Мақсад жамоат транспортида аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати, мутасаддилар томонидан тақдим этилаётган бир-биридан гўзал рақамлар ва ислоҳотларнинг асл ҳаётимизга қанчалик мослигини ўрганишдан иборат бўлди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Адолат» СДП фракцияси аъзолари Дилшод Ҳамзаев ва Муҳаммад Валиев хабар беришмоқда.

Ушбу ўрганиш натижаларига кўра соҳада қатор ечимини кутиб турган муаммолар мавжудлиги аниқланди.

0,4 фоиз камми ёки кўп?

Метрополитен ва автобусларнинг бир кунлик йўловчиларининг 0,4 фоизигина электрон транспорт карталаридан фойдаланмоқда.

Маълумки, ҳукуматнинг қарорига мувофиқ жорий йил 1 январидан бошлаб «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва «Тошкент метрополитени» УКнинг йўналишларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун йўл кира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этилиши белгиланган эди.

Статистик маълумотларга асосан Тошкент шаҳрида кун давомида автобуслардан ўртача бир кун давомида 600 мингдан кўп йўловчи, метрополитендан эса 250 мингдан кўп йўловчи фойдаланмоқда. Қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўтган икки ой давомида жами 3325 та (1375 дона автобус карталари, 1950 дона метрополитен) карталари сотилган.

Қулайлик учун чиқарилган транспорт карталарининг ноқулайликлари

Йўловчилар учун транспорт картадан фойдаланишда бир қатор муаммолар юзага келмоқда:

а) транспортдан фойдаланиш жараёнида автоматик тўлов тизимини қўллаш жозибадорлиги мавжуд эмас, яъни аҳолининг кенг оммасида транспорт карталаридан фойдаланиш ўрнига, нақд пул маблағлари ва жетонлардан фойдаланиш ҳолатлари катта миқдорни ташкил этмоқда.

б) транспорт карталарни тўлдириш билан боғлиқ бўлган техник муаммолар, яъни мобил иловалар билан интеграция жараёни ўз ниҳояси етмаган.

в) мобил ва стационар валидаторларнинг кам миқдор ўрнатилганлиги сабабли куннинг тиғиз вақтларида жамоат транспортида тирбандликларни юзага келиши.

г) агарда сиз картангиз орқали яқин танишингиз ёки, оила аъзоларингиздан бирига тўлов қилмоқчи бўлсангиз, тўловлар орасида 6 дақиқа бўлиши лозим. Яъни тушаётганингизда икки кишига тўлов қилсангиз, картангиздан тўловни қабул қилиш учун бир автобус одам 6 дақиқа давомида сизни кутиб туриши лозим.

Электрон таблолар қаёққа йўқолди?

Ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тасарруфидаги транспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадвалини онлайн тартибда кузатиш имконини берувчи электрон таблоларни ўрнатиш режалаштирилган. Бир муддат аввал Тошкент шаҳри бўйича бекатларда автобуслар ҳаракатланиш жадвалини кўрсатиб берувчи таблоларни ўрнатиш ишлари бошланиб кетган эди.

Афсуски, бекатларни электрон таблолар билан жиҳозлаш ишлари тўхтатилди, аввал ўрнатилган таблолар ўчирилган ҳолатда ёки батамом
ўз ўрнидан демонтаж қилингани аниқланди.

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳри бўйича саноқли электрон таблолар мавжудлиги ишчи гуруҳ томонидан аниқланди. Масъуллар томонидан
бу муаммони мобил иловалар ёрдамида қисман ечилаётгани таъкидланди.

Йўловчининг эмас ҳайдовчининг хоҳишига қараб ишловчи дастурлар

Мобил иловалар ишини текшириш натижаси ҳам, бир қатор муаммоларни юзага чиқишига сабаб бўлди. Аниқроғи мобил илова фақатгина автобусларда GPS тизими фаол бўлгандагина, автобус ҳаракатланиш вақтини кўрсатиши, ҳайдовчилар томонидан GPS тизими фаол бўлмаган (ўчирилган ҳолатида) илова мутлақо ишламаслиги аниқланди.

Масъуллар томонидан соат 19-00 дан 21-30 гача бўлган вақт оралиғида GPS тизимини ўчириб қўйган ҳайдовчиларга нисбатан қандай чора кўрилиши юзасидан аниқ маълумотлар берилмади. Бу вазиятга агарда йўловчи соат
21-00 да бекатга келиб навбатдаги автобусни 60 дақиқа ёки ундан ҳам кўп вақт давомида кутиб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Энди нима қиламиз?

«Адолат» СДП ишчи гуруҳи юқоридаги масалалар юзасидан маҳаллий шароитни ва хориж тажрибасини ўрганган ҳолда қуйидагиларни таклиф этади.

Биринчидан, транспорт карталардан фойдаланиш жозибадорлигини ошириш учун вақтга бириктирилган дифференциал тариф пакетларини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Масалан, Қора-қамишдан Сергелига йўлга чиққан фуқаро 3 та ёки 4 та автобусга чиқиш лозим. Ҳозирда нечтасига чиқишидан қатъий назар ҳар бир йўналишга 1400 сўмдан тўлайди. Бундай ҳолатда фуқароларимиз йўналишли такси ёки енгил автомашина орқали боришни маъқул кўришади. Шунинг учун икки соат вақт оралиғида қуйидаги имтиёзларни бериш лозим.

Биринчи марта транспортда ҳаракатланиш учун йўл кира 1400 сўм, иккинчи мартасига 1100 сўм,  учинчи мартасига 800 сўм, тўртинчисига 500 сўм, кейинги ҳаракатланиш учун эса бепул бўлиши лозим.

Ушбу тариф пакетларини жорий этиш орқали аҳолини электрон тўлов тизимига ўтиши ва жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланишига рағбатлантиради.

Иккинчидан, автоматлаштирилган тизим орқали йўл кира тўлаш муддатлари орасидаги 6 дақиқалик вақт интервалини ҳам қайта кўриб чиқиш ёки умуман олиб ташлаш лозим. 

Учинчидан, барча аҳоли қатламида автобуслар ҳаракатини кўрсатувчи мобил иловалардан фойдаланиш имкони мавжуд эмаслиги ҳисобга олиниши зарур деб уйлаймиз. Яъни йирик автобус бекатларида йўналишлар ҳаракати жадвалини кўрсатиб турувчи электрон таблолар билан жиҳозлаш, ҳамда бунинг учун сарфланадиган молиялаштириш маблағларини шаффофлаштириш лозим.

Тўртинчидан, ҳайдовчилар томонидан кўпроқ одам олиш ва рақобат туфайли GPS тизимини ўчириб қўйган ҳайдовчиларга нисбатан белгиланган тартибда қатъий чора кўриш зарур деб ҳисоблаймиз.

Кўриб турганингиздек, юқоридаги таклифларимизнинг ҳеч бири уддалаб бўлмас топшириқ ёки самовий фикр эмас. Барчаси хориж давлатлар ва яқин қўшниларимизда муваффақиятли синовдан ўтган ва йўловчилар, халқ манфаатига хизмат қиладиган қулайликлар яратишни кўзда тутган.

Мазкур муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан мулоқот қилганимизда улар бериладиган барча таклифлар учун очиқ эканликларини ва йўловчига енгиллик берувчи таклифларни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилишларини таъкидладилар. Ҳаракатнинг қанчалик самара бериш ёки бермаслигини эса вақт кўрсатади.

Умид қиламизки, яқин орада жамоат транспортларимизда юришга нафақат аҳолимиз балки, хизмат машинасида юрувчи раҳбарлар, депутатлар ҳам ишқибоз бўлиб қолишади, — дейишмоқда депутатлар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг