Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода эскираётган янги уйлар (видео)

Бухоро вилояти Когон шаҳридаги Зиёкор маҳалласи, Бухоро шоҳкўчасида барпо этилган кўп қаватли эскираётган янги «дом»лар аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Бухоро вилояти Когон шаҳридаги Зиёкор маҳалласи, Бухоро шоҳкўчасида «Махсус автоқурилишсервис» қурилиш ташкилоти томонидан 5 қаватли кўп қаватли уйлар барпо этилган. 2020 йилдан бошлаб, ҳали қурилиши ниҳояланмаган бу уйлар  фуқароларга сотила бошланган ва улар бугун кўчиб келиб яшашмоқда.

Ҳали «коробка» шаклида топширилганига 3 йил ҳам тўлмаган кўп қаватли уй бугун қайта таъмирга муҳтож. Ташқи қисми сувоқлари қўпорилган, бетон қопламали зиналари титилган, зах ва нам таъсирида ертўлаларга кирув деворлари тўкилиб кетган. Афсуски, бугун янги, замонавий уйлар сафини тўлдириб турибди.

«Xabar.uz»га мурожаат қилган фуқаролар: «Кўп жойларга ёздик, югурдик. Бари фойдасиз. Охири, сизларга чиқишга мажбур бўлдик. Энди «ёзувчи»га чиқаришса ҳам чидаймиз. Чунки, шикоят қилган фуқаро борки, муаммони ҳал қилиш ўрнига, унга «ёзувчи» деган тамғани илиб қўйишади» – дейишди.

Бир қарашдаёқ, янги «дом»нинг тўкилиб кетаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Болалар учун мўлжалланган майдон тикан ва қурилиш ишларидан қолиб кетган тошлар билан тўла. Уй-жойни сотиб олувчи ва уни сотувчи ўртасида тузилган суғурта шартномасига кўра, кўчмас мулкнинг қолдиқлари ёки қолдиқлардан тозалаш ишлари қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилиши, қурилиш ишлари ҳам белгиланган лойиҳага мувофиқ амалга оширилиши лозим. Бироқ, «Махсус автоқурилишсервис» масъулияти чекланган жамият томонидан қурилиш ишлари ниҳояланмай қолдирилган. Сувоқлари кўчган, шифтлари учиб ва синиб кетган айвонларни кўриб ачинасиз. Гўёки қурилиши давом этаётганини намойиш қилиб турган узун темир нарвон уч йилдан буён ердан «узилиб» қолган. Техник хавфсизлиги таъминланмаган.

«Нафақат, болаларимиз учун, ёши катталар учун ҳам жуда хавфли ҳолатда ҳар икки подъезд ёни ташқи деворларига узун темир нарвон биттагина сим билан боғлаб қўйилган. Шуни олдириб ташлаш бўйича шаҳар ҳокимлигига ҳам, қурилиш ташкилотига ҳам жуда кўп маротаба мурожаат қилдик. Лекин натижа йўқ», – дейди ўзи ҳам шу кўп қаватли уйда яшаб келаётган «Зиёкор» маҳалла фуқаролар йиғини ходими.

Атрофга аччиқ ва қўланса ҳид тарқатиб турган, ҳожатхонадан чиққан ахлатга тўла, фаол ишлаш тизимига эга бўлмаган канализация қувури ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. 

«Бу уйда канализация деярли ишламайди. Ичимлик суви ҳам вақти-вақти билан келади. Сув идишларни тўлдириб қўйишга мажбурмиз. Гоҳида жўмракларни очиб қўйиб, 15 дақиқадан бир соатгача сув келишини кутамиз, –  дейди бошқа бир фуқаро. – Бундан ташқари, ертўлалар ҳам қаровсиз аҳволда. Ҳар хил ҳашаротларнинг пайдо бўлиб, хонадонларимизгача чиқмаслигига кафолат борми? Бирон-бир ташкилот бу борада ҳеч қандай чора кўрмаган».

Фуқаро Аъзам Баҳроновнинг сўзига кўра, кўп қаватли уй битказилмасдан топширилган.

«Уйни қуриб битказмасдан туриб, унга қандай кириш мумкин? Шулар инобатга олиниши керак эди. Сув таъминоти хизмати нотўғри йўлга қўйилган. Шу боис, насослар ўрнатилган эди. Насослар ҳам «йўқолди». Худди шунингдек, электр энергияси таъминотида ҳам муаммолар мавжуд. Лойиҳа нотўғри бўлган ва бажарилмаган», – дейди Аъзам Баҳронов.

Суриштирувга кўра, мазкур уй-жойлар бундан уч йил илгари “Махсусавтоқурилишсервис” масъулияти чекланган жамиятининг марҳум иш бошқарувчиси томонидан барпо этилган. Айни пайтда эса жамият раҳбарлиги ва қурилиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун ишлари унинг ўғли Мирзамир Мираев бошқарувида қолган.

«Болалар учун спорт майдончаси, беседка тиклаб бериш, уйнинг  ташқи (фасад) қисмини қайта таъмирлаш, сувоқлаш, ўриндиқлар ўрнатиш каби чала қолиб кетган ишларни битказиб беришни Мирзамир ўз бўйнига олганди. Ва уни тўла бажаришни ваъда берган эди.  «Отангизнинг руҳи олдида ваъда беринг, уч йилдан буён эътибордан қолдириб келяпсиз» деганмиз... У ўшанда: «Уйнинг 1-қаватидаги учта дўконни сотиб, муаммоларингизни ҳал қилиб бераман», – деган эди. Дўконларини сотди, афсуски, муаммони ҳал қилмади», – деди уйбоши Гулжамол Сатимова.

Уйбоши, бир нечта мурожаатчилар ҳамда суриштирув давомида ҳолат жойига етиб келган мутасаддилар билан ертўлаларни кўздан кечирдик. Канализация тармоқлари эскиришга улгурган. Турли чиқиндиларга тўла. Ертўлада жойлашган электр симлари очиқ ва осилиб ётибди.  Ёнғин содир бўлса, электр симларининг қисқа туташувини сабаб қилиб кўрсатиш осон. Лекин шаҳар ёнғин хавфсизлигига масъул шахслар эътиборсизлиги ушбу манзарадан ҳам яққол кўриниб турибди.

Аҳоли асосан, сув ва канализация муаммоларидан қийналаётганини билдирди. Уй зиналарига кўтарилаётганда, олд тўсин шишаванд деворлардан ойна-дарча қўйилмаган. Жазирама ҳавода шишадан ўтаётган кучли иссиқлик поъездларни димлантириб юборгудек даражада. Уй йўлаклари ҳам аллақачон қайта таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Чиқиндихона бўлса-да, уюлган ва сочилган чиқиндилар уй атрофини «безаб» қўйган.

«Мен сотиб олган уй уч хонали. Бешинчи қаватда жойлашган. Шифти ёпилмаган, ҳатто. Ёмғир кунлари шифтдан қор-ёмғир ўтди. Ҳали таъмирлаб, яшаш учун шароит қилиб улгурганимиз йўқ. Аммо, абгор ҳолатда. Табиий газ қувурлари тортилган бўлса-да, счётчиклар ўрнатилмаган. Шу туфайли кундалик эҳтиёж учун турли электр жиҳозларидан фойдаланишга мажбурмиз. Хонадонлар ичи айнан қурилиш ташкилоти созлаши керак бўлган ишлари шундоқ чала», – дейди шу яшовчи Мунаввара Тошева.

Аҳолининг шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларга бу борадаги мурожаатлари эътиборсиз қолдирилган. Ушбу кўп қаватли уй ва унда яшаётган аҳоли турмуш шароити билан боғлиқ муаммолар талайгина. На сектор раҳбарлари ва на мутасаддиларни қизиқтирмаган. Қизиқтирганида, аҳоли шунча муаммога дуч келмаган бўларди. Энг қизиғи, шу куни қурилиш ташкилоти раҳбарини топишнинг имкони бўлмади. Унга тегишли бўлган барча телефон рақамлар «доирадан ташқарида» эди.

«Нафақат, қурилиш ташкилоти, балки Когон шаҳар ҳокимлиги масъули сифатида ўзингизни ҳам жавобгар ҳис қилмайсизми? Шундай шароитда яшаётган аҳолининг ўрнига ўзингизни қўйиб кўрсангиз. Агар вақтида аҳоли орасига кириб, дардини тинглаганингизда, балки, муаммолар бунчалик чуқурлашиб кетмасмиди?» – сўраймиз қурилиш ишлари бўйича шаҳар ҳокими ўринбосари Алишер Аминовдан.

Алишер Аминов ва унинг ҳамроҳларидан саволларимизга етарлича жавоб ололмадик. Телефон рақамлари ҳам ўчириб қўйилган қурилиш ташкилоти раҳбарини унинг яшаш хонадонигача излаб бордик. Афсуски, чиндан ҳам уни топишнинг иложи бўлмади.

«Қурилиш ташкилоти «ўлган». Кўриб турибсиз, топишнинг иложи бўлмаяпти. Керак бўлса, ички ишлар органлари орқали қидиртирамиз. Аммо, аҳолини қийнаб келаётган муаммони тез кунда бартараф этамиз. Ваъда бераман. Бажарамиз!” – деди Алишер Аминов.

Биз ҳолатни ўрганиш билан овора бир пайтда, маҳалла раиси томонидан ободонлаштириш ходимлари кўп қаватли уй атрофини тикан ва ахлатлардан тозалаш ишларига жалб қилинишган экан. Айни қуёш тикка тушган, жазирама пайт. «Тушлик пайти, бундай иссиққа бизни олиб чиқишга ҳақлари йўқ!», «Одамларнинг ўзи ҳамма жойларни ахлатга тўлдиришганми, ўзлари тозалаши керак!» – дейишди хотин-қизлар бир-бирларига норози кайфиятда.

Ҳақ гап. Атроф-муҳитнинг чиқинди ва ахлатларга тўлишида аҳолининг ҳам эътиборсизлиги ва бефарқлиги йўқ эмас.

Ярим соатгина вақт ичида уй атрофи тозаланган, болалар ўйингоҳи тикану бегона ўтлардан «халос» бўлган ва ҳатто, кўп қаватли уйнинг олд томонида бир неча кундан бери тўпланиб турган шағал ҳам текисланиб улгурилган эди.

«Уйлар атрофида доимий равишда ободонлаштириш ишларини олиб борамиз. Ободонлаштириш ходимларни жалб этамиз», – дейди маҳалла раиси секингина ўзини айбдордек ҳис этиб.

«Ахир, маҳалла тозаловчи ташкилот эмас-ку! Бу ерда аҳолининг ўзи ҳам саришталикка эътибор қаратиши шарт эди», – деймиз. Майли, бу биз бошлаган мавзуга деярли, тегишли бўлмаган ҳолат.

Юқорида «Ваъда берамиз, Бажарамиз!» дейилганидек, мутасадди раҳбарга ишонишга мажбурмиз. Зеро, «раҳбарлар ваъда берадию, бажармайди» деган қўштирноқ ичидаги “қоида” бу ерда ишлатилмаслигига умид қиламиз.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг