Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев боксни янада ривожлантириш бўйича қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёев боксни янада ривожлантириш бўйича қарорни имзолади

Фото: «Lifekostroma.ru»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мамлакатимизда ёшларнинг боксга бўлган оммавий қизиқишини инобатга олиб, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) тизимини янада такомиллаштириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг моддий рағбатлантирилишини яхшилаш, шунингдек, ўзбек боксининг дунёдаги етакчилигини сақлаб қолиш ва давом эттириш мақсадида боксни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Туризм ва спорт вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон бокс федерацияси ҳамда Андижон, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг дастлаб Андижон вилояти (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари), Бухоро вилояти (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари), Қашқадарё вилояти (Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари) ҳамда Тошкент вилоятларида (Сирдарё ва Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри) Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларини давлат муассасаси сифатида ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Бокс мактабларида:

фаолият иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ва уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилади;

ўқиш 7-синфдан ташкил этилади, таълим олиш муддати 5 йил этиб белгиланади;

ўқувчиларга бепул таълим олиш, олимпия захиралари коллежларининг ўқувчилари учун бир кунлик озиқ-овқат меъёрларига мувофиқ озиқ-овқат билан таъминланиш ҳамда ўқувчилар турар жойида бепул яшаш ҳуқуқи берилади;

раҳбарлар, тренерлар, спортчилар ва бошқа ходимларга ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Бокс бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулотлар базасини яратиш мақсадида Туризм ва спорт вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри, Янгиобод қўрғони ҳудудида жойлашган Республика олимпия захиралари спорт коллежи балансидаги 1,5 гектар майдонга эга бўлган собиқ стадион, сузиш ҳавзаси, шунингдек, ошхонани 2029 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон бокс федерациясига мақсадли текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Бунда мазкур ҳудуд атрофида спорт зал, ётоқхона, ошхона ҳамда бошқа маиший-хизмат бино ва иншоотларни қуриш учун камида бўш турган 1 гектар ер майдони ажратилиши таъминланади.

Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри, Заковат кўчаси, 2-уйда жойлашган собиқ Саноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биноси, шунингдек, спорт иншооти ва ёнидаги спорт майдони Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан инвестиция мажбурияти асосида сотиб олинишига розилик берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг