Клаудио Раньери профессионал фаолиятига якун ясади
Италиялик футбол мураббийи Клаудио Раньери профессионал фаолиятига якун ясашга қарор қилди. Бу ҳақда Sky Sports журналисти Жанлука Ди Марцио хабар берди.
Элдор Шомуродов тўп сураётган «Каляри» 72 ёшли Раньери бошқарган сўнгги клуб бўлди. 2023/2024 йил мавсумини ушбу жамоа Италия чемпионатида 15-ўрин билан якунлади.
Клаудио Раньери футболчи сифатида 1973 йилда «Рома» (шу жамоа тарбияланувчиси)да фаолият бошлаб, кейинчалик «Катандзаро», «Катания» ва «Палермо»да тўп сурган, бироқ биронта натижага эришолмаган.
Мураббийлик фаолиятини 1986 йилда бошлаган. Узоқ йиллик фаолияти давомида 20 га яқин жамоаларни бошқарган, бу рўйхатда «Наполи», «Интер», «Ювентус», «Рома», «Атлетико Мадрид», «Челси», «Монако» сингари донгдор жамоалар бор. «Фиорентина»ни А серияга олиб чиқиб, Италия кубоги ва суперкубогини ютган, «Валенсия» билан Испания суперкубогини, Интертото кубогини ҳамда УЕФА суперкубогини қўлга киритган. Аммо энг эсда қоларли мавсуми Англияда ўтган: 2015/2016 йиллар мавсумида турнирда жон сақлаш учун курашаётган «Лестер»ни АПЛ чемпионига айлантириб сенсация қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter