«Сўзда осон, лекин амалда қийин» – АҚШ элчиси демократик жамият қуришнинг шартини айтди
АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари ҳеч қачон бугунгидек мустаҳкам бўлмаган. Бу ҳақда элчи Жонатан Ҳеник Тошкентда Қўшма Штатлар мустақиллиги куни муносабати билан ташкил этилган анжуманда гапирди.
Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати номидан бош вазир Абдулла Арипов қатнашди.
«1776 йилда Қўшма Штатлар Мустақиллик декларациясини эълон қилди ва бугунги кунда бутун дунёда демократияни таъминлашда давом этаётган кўплаб тамойилларни жорий қилди. Демократик ғоялар нима учун бардавом бўлди ва тарқалди? Чунки уларда одамзоднинг эркинлик, тенглик ва адолатга бўлган умуминсоний интилиши акс этади. Президент Абраҳам Линколн кейинчалик бу тушунчаларни қуйидагича умумлаштирди: “Халқ ҳукумати, халқ томонидан бошқарилади ва халқ учун ишлайди”. Демократик мамлакатларда ҳукуматлар демократик жараён орқали танланиши, улар ҳисобдор бўлиши ва фуқароларнинг эҳтиёжларига хизмат қилиши керак. Айтиш осон, лекин амалда қўллаш жуда қийин», – деди АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник.
Дипломатга кўра, орадан қарийб 250 йил ўтса-да, Америка демократияси ҳамон мукаммал эмас ва мамлакат янги юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда.
Вашингтон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини таъкидлаган элчи ўтган 30 йиллик даврдаги ютуқларга ҳам баҳо берди.
«Ўзбекистон мустақилликка эришганига атиги 30 йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб, у ҳам ўзининг демократик институтларини мустаҳкамлаш борасида сезиларли ютуқларга эришмоқда. Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукумати, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқи билан бу ислоҳотларни янада илгари суриш учун ҳамкорлик қилишга содиқдир. Зеро, узоқ муддатда демократия Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги, хавфсизлиги ва фаровонлигининг энг яхши кафолатидир», – деб таъкидлади у.
Украина босқини тараққийпарвар дунёни ташвишу хавотирга солгани бор гап. Ушбу уруш жаҳондаги демократик жараёнларга ҳам таҳдид туғдирди.
«Сўнгги воқеалар шуни кўрсатдики, биз бу тушунчаларни ўз-ўзидан келадиган нарса каби қабул қилмаслигимиз керак. Президент Путиннинг Украина суверенитетини бузиши биз мамлакат ичкарисида демократияни мустаҳкамласак ҳам, хориждаги демократик ҳамкорларимиз билан бирга диктатура, репрессия ва шафқатсизликка қарши туришимиз кераклигини эслатади», – дейди Ж.Ҳеник.
Дипломатнинг таъкидлашича, АҚШ Ўзбекистоннинг дўстлари сафида нафақат тинчликни таъминлаш ва фаровонликка кўмаклашиш, нафақат соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини такомиллаштириш, балки мамлакат фуқаролари учун эркинлик, тенглик ва адолатни илгари суриш йўлида ҳамкорлик қилаётганидан фахрланади.
Аввал хабар берганимиздек, Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам жорий йил 1 март куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Вашингтон Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишда собит эканини таъкидлаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter