Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев МДҲ хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарларини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев МДҲ хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарларини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг Тошкентдаги йиғилишида иштирок этадиган делегациялар бошлиқларини қабул қилди.

Учрашувда хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мамлакатимизнинг Ҳамдўстликда 2020 йилги раислигининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.

Ташкилотга аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш, шу жумладан тезкор ахборот алмашиш ҳамда терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликни бартараф этиш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кибержиноятчиликка қарши курашда, интернет ва бошқа ахборот-коммуникация технологияларидан зўравонлик ва радикал қарашларни тарғиб қилиш мақсадида фойдаланишга чек қўйиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланли.

Меҳмонлар самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, ўз мамлакатлари раҳбарларининг салом ва энг эзгу тилакларини етказдилар.

Учрашувда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг бошқа долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг