Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған телефонда мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған телефонда мулоқот қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 23 май куни Туркия Республикаси президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бутун мусулмон олами учун шодлик ва шукроналик, хайр-саховат ва эзгулик айёми бўлган қутлуғ Рамазон ҳайити муносабати билан ўзаро табрик алмашдилар, бир-бирларига ва қардош халқларимизга бахт-саодат ва фаровонлик тиладилар.

Президентлар икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги масалаларга алоҳида тўхталдилар. Замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда яқиндан ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Коронавирус тарқалишига қарши курашиш борасида иккала мамлакатда кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар, ушбу хавфли касалликнинг салбий оқибатларини камайтириш, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва бизнеснинг ривожланишига кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган инқирозга қарши дастур қўллаб-қувватланди.

Давлатимиз раҳбари Туркия президентига пандемияга қарши курашда, шунингдек, Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса муносабати билан кўрсатилган амалий ёрдам учун самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон ва Туркия самарали минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш, жумладан, «Боку-Тбилиси-Карс» темир йўлидан фаол фойдаланишдан, шунингдек, юк ташишлар ҳажмини ошириш учун қулай шароитларни шакллантиришдан манфаатдор.

Суҳбатда кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия муносабатларини, аввало савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Олий даражада эришилган келишувларни, шу жумладан Стратегик ҳамкорлик кенгашининг жорий йил бошида Анқара шаҳрида ўтган биринчи йиғилиши қарорларини ўз вақтида амалга ошириш муҳим экани таъкидланди.

Савдо кўрсаткичлари динамикасини сақлаш ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи компания ва банклари иштирокидаги устувор инвестиция лойиҳаларини илгари суриш бўйича биргаликдаги ишларни, шу жумладан икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Мулоқот якунида минтақавий ҳамкорлик ва халқаро сиёсатнинг қатор долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Президентлар Туркий кенгашга аъзо мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, савдо ва транспорт вазирликлари раҳбарлари ўртасидаги онлайн учрашувларнинг самарали натижаларини юксак баҳоладилар.

Суҳбат ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг