Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Германияга виза, Берлин деворининг қулаши, президентлик сайловлари» – Германия элчиси Тило Клиннер билан интервью (видео)

Авваламбор, сизни Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланганингиз билан табриклаймиз. Элчиликка тайинланиш жараёнлари қандай кечди ва шу кунгача Ўзбекистон ҳақидаги фикрларингиз қандай эди?

– Мен айни дамда Ўзбекистонда эканимдан жуда ҳам мамнунман. Элчи этиб тайинланишим жуда тез фурсатда амалга ошди. Тайинланиш жараёнимда Афғонистондаги ҳимояга муҳтож шахсларни эвакуация қилиш жараёнлари кетаётган эди. Одатда бошқа давлатларга элчи этиб тайинланиш жараёни кўпроқ вақтни олади. Менинг ҳолатимда бу 10 кундан сал кўпроқ вақтни талаб қилди.

Сизнинг дастлабки карьерангиз суд-ҳуқуқ соҳасида бошланган. Жаноб элчи, қандай омиллар сизни халқаро дипломатияга олиб кирди?

– Мен бир вақтнинг ўзида адвокат сифатида ҳам иш юритганман. Фаолиятим давомида халқаро инсонпарварлик бўйича меҳнат қилардим ва шу соҳа бўйича Федерал ташқи ишлар вазирлигига ишга кирганман.

Дипломатик вакил сифатида Россия, Хитой, Покистон, Қозоғистон каби давлатларда фаолият олиб боргансиз. Сиз учун Ўзбекистон юқоридаги давлатлардан нимаси билан фарқ қилади?

– Ҳамма давлатлар бир-биридан фарқ қилади. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Ўзбекистонда узоқ тарихга эга бўлган анъаналар мавжуд. Бу ерда 2 ёки 3 минг йиллик тарихга эга бўлган шаҳарлар бор. Немислар учун Буюк ипак йўли давлати сифатида ҳам Ўзбекистон жуда қизиқарли ҳисобланади. Хабарингиз бор, Буюк ипак йўли деганда каттагина савдо-сотиқ ишларини ўзида мужассамлаштирган йўлни кўз олдимизга келтирамиз. Ҳозирги кунда «Янги ипак йўли» деган атама ҳам юзага келган. Бу ўринда, Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам муҳим ўрин тутади.

30 йиллик тажрибага эга дипломат сифатида Ўзбекистондаги сўнгги йиллардаги ўзгаришларни қандай баҳолаган бўлар эдингиз?

– Ўзбекистонни узоқ йиллардан бери биламан. Аниқроғи 90-йиллардан бошлаб Ўзбекистонга тез-тез ташриф буюриб турганман. Охирги 5 йил ичида бўлиб ўтган ислоҳотларни тилга оладиган бўлсак, уларнинг миқёси жуда ҳам кенг ва улар ўсишни, юксалишни ўзи билан бирга олиб келди. Бу ислоҳотлар аҳолининг яшаш тарзига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар азалдан яхши бўлган. Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар Шавкат Мирзиёев даврида қандай ўзгарди? Қайси соҳалардаги ютуқларни айнан эътироф эта оласиз?

– Ҳақиқатдан ҳам, жаноб Шавкат Мирзиёев даврида давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар фаоллашди. Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари ўртасида ҳам шахсий алоқалар мавжуд. Германия Президенти Ўзбекистонга ташриф буюрган ва ўзаро фикр алмашишган. Иқтисодиётдан ташқари институтлараро ва қонунчилик соҳаларига тегишли бўлган ислоҳотлар жуда муҳим ҳисобланади. Мунтазам шарт-шароитлар бўлса, иқтисодий ўсиш ўз мавқеида ва даражасида бўлади.

Германия Европа Иттифоқининг энг фаол аъзоларидан бири. Евроиттифоқнинг сиёсий йўналишлари айнан Германияда ўз аксини топган десак, адашмаган бўламиз. Германиянинг Ўзбекистондаги миссиялари нималардан иборат?

– Тўғри айтдингиз, Германия Европа Иттифоқининг бир қисми ҳисобланади. Унинг сиёсати Европа сиёсатининг бир қисмидир. Мақсадларимиз доимий равишда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик борасидаги битимга асосланади. Германия Европа Иттифоқи билан бирга, Ўзбекистон билан аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган барча соҳаларда кенг қамровли ва яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти мавжуд. «GIZ» деб аталади. Улар амалга ошираётган лойиҳаларнинг мазмунига кўра, бошқариш ҳуқуқига тааллуқли бўлган ислоҳотларда барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлатга бўлган кўринишини изоҳлаб беради. Бу барча фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошира олгандагина давлат ҳам бундан мамнун бўлади.

Ўзбекистонга Европа Иттифоқи томонидан «GSP+» номли лойиҳа тақдим этилди. Ўзбекистон маҳсулотларини бож тўловларини тўламасдан туриб, Европа Иттифоқига экспорт қила олади. Ўзбекистонда шириндан-шакар мевалар етиштирилади. Аммо уларни Европа бозорларига етказиш учун логистика керак бўлади. Ўзбекистон ёшлари учун малакали билим олишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган дуал тизимимиз ҳам бор. Дуал тизимида ёшлар бир вақтнинг ўзида ҳам мактабда ўқиб, ҳам ишлаб чиқариш корхоналарида ишлай олади.

Иккита жиҳатни айтиб ўтмоқчи эдим. Яқинда Ўзбекистон халқ таълими вазири билан учрашдим. Немис тилини чет тили сифатида ўргатишни янада кенг қамровли қилмоқчимиз. Мақсадимиз шуки, Ўзбекистон ёшлари немис тилини хоҳиш билан ўрганишсин. Илм-фан соҳасида айтадиган бўлсак, Шавкат Мирзиёев томонидан ташкиллаштирилган Янги Ўзбекистон университетида кўплаб немис профессорлари фаолият олиб боришяпти. Уларнинг бир қисми Мюнхеннинг техника университетидан келган. Бу университетда ишлаб чиқариш корхоналари, фирмалар ва саноат кластерлари биргалашиб ҳамкорлик қилади. Баварияда техника университетининг умумбавария ҳамжиҳатлиги бор. Биз ҳам шу режаларга қараб, иш олиб боряпмиз.

Ҳар йили кўплаб ўзбекистонликлар иш ва таълим учун виза дастурига ҳужжат топширадилар, лекин ҳамма ҳам виза олишнинг уддасидан чиқа олмайди. Виза бериш нималарга боғлиқ?

– Мен умумий жавоб бермоқчиман. Биринчи навбатда, мантиққа ва қонунга мос келадиган сабабни кўрсатиш керак. Кўплаб иқтисодий делегациялар Германияга бориш хоҳишини билдиришади. Бу ҳам қонуний асос. Бемалол бориш мумкин. Қандайдир мутахасис сифатида, ҳамшира сифатида ёки бошқа касбларни амалга ошириш учун Германияга борса бўлади. Биз керакли бўлган визани беришга тайёрмиз. Шарти шуки, у ерга боргач иш қидириши керак эмас. Улар тайёр ишга бориши керак.

Ўзбекистон билан айни пайтда қандай ҳамкорликлар кўзда тутиляпти?

– Бу саволга кўплаб соҳаларни мисол қилиш мумкин. «Thyssen Mining» компанияси ва «Eriell group» компанияси ўртасида тоғ-кончилик ва металургия соҳасидаги ҳамкорлик учун тузилган шартномага гувоҳ бўлдик. Модернизация йўналишидаги ҳамкорлик, тиббиёт техналогиялари, логистика, автоматизация соҳаларида ҳам ҳамкорлик қиламиз. Бу ҳамкорликни янада юқори натижаларга кўтариш ниятимиз бор.

Ҳар йили 3 октябр куни Германия бирлиги куни нишонланади. Айнан ўша пайтда Берлин деворининг қулаши сизда қандай таассурот қолдирган? Хотираларингизни бўлишсангиз.

– Берлин деворининг қулаши Германия бирлашишидан бир йил аввал содир бўлган. Бу ҳаммамиз учун кутилмаган ҳолат эди. Қочқинларнинг келиши ёз ойларига тўғри келган. Ҳолат барқарор эмас эди. Мен жуда ҳайрон қолдим. Кичкина ўтиришдан қайтиб, телевизорни олдига ўтириб қарасам, шундай нарсаларни кўрсатишяпти. Бунақаси бўлиши мумкин эмас, деб ўйладим. Бу ҳолат Европанинг марказида келажак учун йўналтирилган ҳолат бўлди. 1990 йил 3 октябрь куни биз Бранденбург дарвозалари остида эдик. Бу хоҳишга қараб, амал қилинган ҳолат эмас эди.

Германия бирлашгунга қадар ҳам ривожланаётган давлат эди, лекин бирлашгач жуда катта ютуқларга эришди. Германиянинг асосий ютуғи нимада бўлди?

– Германиянинг икки бўлаги қайтадан тинч ҳолатда бирлаштирилди. Бу, ўз навбатида, модернизацияни келтириб чиқарди. Шарқий қисмида бу сал орқада қолаётган эди, лекин ҳозир модернизация соҳасида бу икки давлат жипслашиб, боғланиб кетди. Германиянинг бирлашиши ўсишни олиб келди. Интеллектуал жиҳатдан туртки берди. Бошида Шарқий федерал ерларда бу осон бўлгани йўқ. Ҳозир Ена ва Лайспик шаҳри атрофлари яхши ривож топган.

Сизнинг элчиликка келиш вақтингиз Марказий Осиёдаги қайноқ сиёсий жараёнлар пайтига тўғри келди. Бу сиёсий жараёнларда Ўзбекистон жуда фаол бўлди. Бу кутилган ҳолатмиди?

– Шундай бўлди. Президентингиз айтганидек, Ўзбекистон хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бу жараёнларга аралашар эди. Ўзбекистон анчадан бери муҳим ўйинчи сифатида иштирок этаётган эди. Ўзбекистон томонидан Германия учун эвакуация миссиясини амалга оширишга кўрсатилган кўмакнинг мавжудлиги бу миссиясини самарали амалга оширишга имкон яратди.

Ўзбекистон ҳам худди биз каби Афғонистонда анархия вужудга келмаслигини хоҳлайди. Анархия билан бирга муаммолар келиб чиқиши мумкинлигини биламиз. Қандай қилиб Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш ҳақида ўйлаяпмиз. Гуманитар ёрдам сифатида Ўзбекистон маҳсулотлар етказиб беряпти. Афғонистонда аҳолининг бу йилги қишдан яхши ўтиб олиш учун Ўзбекистоннинг ҳиссаси катта бўлади. Афғонистондаги ҳукумат ўзини қандай тутади, уларнинг хатти-ҳаракатлари нималарга олиб келади, бу самарали ёки самарасиз эканини келажак кўрсатади. Нима бўлганда ҳам Марказий Осиёдаги барқарорлик, тинчлик учун Ўзбекистон кўплаб ишларни амалга оширди. Бу нарсани тан олиб, қўллаб-қувватлаймиз.

– 24 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. Бу Ўзбекистондаги сизнинг фаолиятингиздаги биринчи энг катта сиёсий жараён. Сайлов сизни қай даражада қизиқтирмоқда?

–  Президентлик сайловига қизиқишимиз катта. Сайлов сиёсий хоҳишни билдиришда энг муҳим жараён ҳисобланади. Биз кузатувчи миссиясини амалга оширишда биринчи навбатда элчихона вакиллари билан иштирок этамиз. Президентлик сайлови демократик тамойиллар орқали олиб борилади.

Элчининг дипломатик ва сиёсий фаолияти бир томон бўладиган бўлса, унинг қизиқишлари, хоббилари, бўш вақтини ўтказиш бир томон бўлади. Бўш вақтларингизда қандай маданий ҳордиқ оласиз?

– Мен ўспирин пайтларимдан бери тарихга жуда қизиқаман. Шунинг учун бўш вақтим бўлса, тарихий китобларни ўқийман. Математикага ҳам қизиқаман. Вақти-вақти билан пианино чаламан. Ўзбекистонда илк маротаба қишда чанғи учгани бормоқчиман. Буни орзиқиб кутяпман.

Жаноб элчи айтингчи, Меркель хоним даврида давом этаётган Ўзбекистон-Германия ўртасидаги ижобий алоқалар жаноб Олоф даврида қандай давом этади, деб ўйлайсиз?

– У билан бирга тузиладиган ҳукумат бу ягона бўлиши мумкин бўлган ҳукумат эмас. Эҳтимолларнинг бошқачаси ҳам мавжуд. Қайси партиялар билан коалиция тузишдан қатъи назар партияларнинг сўзларига биноан Ўзбекистонга бўлган ёндашув ўзгаришсиз қолади. Федерал президентимиз жаноб Франк-Вальтер Штайнмайер Социал-демократик партия вакили. Ўзбекистон билан алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори. Қандай коалиция тузилишидан қатъи назар позициямиз ўзгармайди, деб ўйлайман.

Жаноб элчи сизга мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирамиз.

– Раҳмат. Биз юртингиздаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон танлаган ривожланиш йўлини эътироф этамиз.

Санжар Шомуродов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг