Қирғизистонда икки кунлик мотам эълон қилинди
1-2 май кунлари Қирғизистонда Тожикистон билан чегарадаги можарода ҳалок бўлганлар хотирасига мотам эълон қилинди.
«Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров фармонни имзолади, унга кўра 2021 йилнинг 1-2 май кунлари Қирғизистон Республикасида миллий мотам кунлари деб эълон қилинди», дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Мотам кунлари бутун мамлакат бўйлаб, шунингдек хориждаги дипломатик ва консуллик идоралари биноларида давлат байроқлари туширилади, маданият муассасалари ва телеканалларда кўнгилочар тадбирлар ва дастурларни бекор қилиш тавсия этилади.
Қирғизистон ҳукумати маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда қурбонлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш учун чоралар кўради.
Эслатиб ўтамиз, 29 апрел куни Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара ҳудудлари маҳаллий аҳолиси ўртасидаги зиддият икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашувга айланиб кетди. Қирғизистон ва тожик чегарачилари ўртасида тўқнашувлар олти соатдан кўпроқ давом этди. Иккала томондан 40 нафарга яқин одам ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши яраланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter