Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путиннинг матбуот котиби 17 ёшли ўғли сабаб ноқулай аҳволда қолди

Путиннинг матбуот котиби 17 ёшли ўғли сабаб ноқулай аҳволда қолди

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков вояга етмаган ўғли Миканинг ижтимоий тармоқдаги можароли пости юзасидан изоҳ беришга мажбур бўлди.

17 ёшли Мика Песков «Инстаграм»даги саҳифасида Москванинг Кутузов шоҳкўчасида рўй берган автоҳалокатга муносабат билдирар экан, ҳали вояга етмаган бўлса-да, машина бошқаришини тан олди.

«Ғалати руҳий кайфият: ҳар гал бирор автоҳалокатни кўрганимда ёки танишларимдан бирортаси қурбон бўлганида, ўз-ўзимга машинани калламни ишлатиб бошқараман, кимўзарга ҳайдамайман деб сўз бераман. Аммо икки-уч кун ўтгач, яна ўша эски аҳвол бошланади», – деб ёзади Мика Песков.

Юқори рутбали амалдорнинг ўғли қоидабузарликлар қилиб туришига шама қилган ушбу пост ижтимоий тармоқларда эътирозли фикрлар туғдирди. Дмитрий Песков ҳолатга изоҳ берар экан, ушбу фикрлар муаллифи ўғли эмаслиги, балки у бошқа бировнинг пости билан бўлишганини айтди. «У машина ҳайдамайди!» – деди Россия президенти матбуот котиби.

20 ноябрь шанба куни Москванинг марказий кўчаларидан бирида автомобиллар тўқнашди. Россияда тилга тушган автоблогер Саид Губденский воқеа жойида, унинг ҳамроҳи – Доғистон автомобиль спорти федерацияси президенти Заур Ибрагимов шифохонада вафот этди.

Хабарларга кўра, марҳум автоблогер машинада хавфли ҳаракатларни намойиш этиб интернетга жойлаб борган. Москва прокуратураси ҳам «BMW» автомобили ҳайдовчиси бир неча марта жиддий қоидабузарликлар учун жавобгарликка тортилгани, ҳатто транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилганини билдирган.

2012 йилдан буён Россия президенти матбуот котиби вазифасида ишлаб келаётган Дмитрий Песков кўп болали амалдорлар сирасига киради. Уч марта уйланган мансабдорнинг 3 ўғил, 1 қизи бор.

Бундан бир неча йил аввал Дмитрий Песковнинг қимматбаҳо соати муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Маълумотларга қараганда, сиёсатчи қўлидаги «RM 52-01 Skull Tourbillon» русумли соат эксклюзив тарзда Швейцария ширкати томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, нархи 620 минг доллар туради. Песковнинг ўзи соатни рафиқаси, Олимпиада чемпиони Татьяна Навка совға қилганини билдирган. Россия блогерлари ўшанда қиёс сифатида АҚШ президенти Барак Обама 259 долларли, Германия канцлери Ангела Меркель 89 евроли, Франция раҳбари Франсуа Олланд 120 евроли соат тақиши ҳақида ёзган эди. 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг