Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин: Трампнинг ҳаёти хавф остида

Путин: Трампнинг ҳаёти хавф остида

Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампнинг хавфсизлигидан хавотирда эканини билдирди.

«Трампга нисбатан маданий кураш усулларидан буткул йироқ воситалар қўлланди, бир неча бор қотилликка уриниш ҳам кузатилди. Дарвоқе, назаримда, у ҳозир хавф остида», – деган Путин Қозоғистонда журналистлар билан учрашувда.

АҚШ тарихида «турли ҳодисалар» рўй берганини айтган Россия раҳбари Трамп ақлли экани, у айни чоқда, эҳтиёткорликни қўлдан бой бермаслигига умид қилишини айтган.

Путин Трампга нисбатан асоссиз айблов ва камситишлар содир этилгани, оила аъзолари, болаларига нисбатан ҳам ҳужумлар бўлганини танқид қилган.

Сайловолди кампания даврида Трампга қарши бир марта суиқасд, икки марта суиқасдга уриниш рўй берди.

Жорий йил 13 июль куни Пенсильвания штатидаги сайловолди учрашув пайти президентликка номзод Трампга қарши илк суиқасд уюштирилганди. Ўшанда 20 ёшли Томас Мэтью Крукс исмли шахс томонидан отилган ўқ Трампнинг ўнг қулоғини ялаб ўтган. Сиёсатчи енгил жароҳат олган, мерган эса отиб ўлдирилган.

15 сентябрь куни қуролланган Раян Уэсли Роут исмли шахс навбатдаги суиқасд уюштиришга уринишда айбланиб, қўлга олинганди.

Октябрь ойида эса учинчи суиқасднинг олди олингани хабар қилинди.

Гарчи Россия ва АҚШ ҳозирда турли қутбларни эгаллаб турган бўлса-да, Трамп ва Путин муносабати илиқ экани тахмин қилинади.

Трамп жорий йил июнь ойида берган интервьюсида президентлик даврида Россия раҳбари билан муносабатлари «жуда яхши» бўлганини таъкидлаган эди. «Менга заифларга қараганда кучлилар билан тил топишиш осонроқ» дея, у Путинни «кучли» деб сифатлаганди.

Путин ҳам жорий йил февраль ойида америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида Трамп билан муносабатларини «дўстона ва яхши» деб баҳолаган.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ молия ва адлия вазирликлари жорий йил сентябрь ойида Россиянинг бир қатор давлат ОАВ ва уларнинг юқори мартабали вакилларига нисбатан санкция жорий қилди. Вашингтон Москвани ўз медиа лойиҳалари орқали АҚШдаги президентлик сайловига таъсир кўрсатишга уринишда айблаган.

Қўшма Штатлар расмийларига кўра, Кремль жорий йил 5 ноябрдаги президент сайловида Украинага молиявий кўмакни тўхтатиш тарафдори бўлган Трамп ғалаба қозонишини истаган. Дезинформация кампанияси ҳам шу мақсадга йўналтирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг