Проректор ўйинлари, қалбакилаштирилган тил сертификатлари, асоссиз тўланган стипендиялар...
Бухоро давлат тиббиёт институтида нималар бўлмоқда?
Проректор олган «пора»сини қайтараётганда ушланди
Проректор 5 ой илгари олган порасидан бир қисмини қайтараётганда, қўлга олинди.
Ҳуқуқ-тартибот органи вакилининг «Xabar.uz»га берган маълумотига кўра, жорий йилнинг январь ойида Бухоро давлат тиббиёт институти проректори институт таянч доктарантининг илмий ишлари кўмаклашиш эвазига олган пулдан улушни қайтариб бераётганда, қўлга олинган.
Ҳолат Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.
Билдирилишича, фуқаро Ф.А. Бухоро давлат тиббиёт институтининг илмий ишлари ва инновациялар бўйича проректори М.С. устидан шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Аризага кўра, М.С. ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, институтнинг физиатрия бўлими ассистенти Ф.А.нинг докторантурада ўқишида, келажакда уни қўшимча илмий раҳбар, деб эътироф этилишини айтиб, унинг илмий ишларини тайёрлаб бериш ва илмий унвон олишига кўмаклашишини билдирган. Бу «хизмат»ларни институт таянч докторантини «рози» қилиш орқали амалга оширишини айтиб, эвазига 1000 АҚШ доллари беришини сўраган. Ф.А. институт проректори М.С.га жорий йилнинг январь ойида 1150 АҚШ доллари берган. Бироқ, орадан вақт ўтишига қарамай, Ф.А.га проректор томонидан ҳеч қандай кўмак бўлмаган ва у ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Ф.А. ўзи томонидан берилган маблағни М.С.дан қайтариб олиш учун бир неча бор проректорнинг ўзига билдирган. Олган катта миқдордаги маблағини қайтаришни пайсалга солган проректор жорий йилнинг 6 май куни ундан олган порасидан 100 АҚШ долларини «улуш» сифатида қайтараётганда, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган.
Терговга кадар текширишда, проректор айбига иқрор бўлиб, қолган 900 АҚШ долларини ҳам ихтиёрий равишда қайтарган. Мазкур холатда, Бухоро Давлат тиббиёт институтининг илмий ишлари ва инновациялар буйича проректори М.С.нинг ҳатти-ҳаракатларида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни сунстъемол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш ва пора беришга далолат қилиш жинояти аломатлари мавжудлиги аниқланган.
Проректорга нисбатан Ўзбекистон республикаси жиноят Кодексининг 168- (Фирибгарлик) ҳамда 211-(Пора бериш) моддаларининг турли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши терговга тегишлилиги масаласини ҳал қилишлик учун вилоят прокуратурасига юборилган.
Қалбакилаштирилган халқаро тил сертификати
Сохта таянч докторантларига асоссиз тўланган 254 миллион сўмдан ортиқ стипендия.
Қайд этиш жоизки, мазкур институтда худди шундай ҳолат жорий йилнинг март ойида ҳам юзага келган.
Таъкидланишича, институтнинг 2023-2024 ўқув йили учун таянч докторантурасига 30 нафардан зиёд талабгорнинг халқаро тил сертификатлари ва бошқа ҳужжатлар қалбакилаштирилгани, ўртача балл кўрсаткичлари сунъий оширилгани, айримлари таянч докторантурага ноқонуний қабул қилингани, тест синовларида қатнашмагани аниқланган.
«Талабгорларнинг таянч докторантурага ноқонуний ва асоссиз қабул қилиниши оқибатида уларга жорий йилнинг январь-февраль ойларида жами 254 миллион 63 минг сўмлик стипендия пуллари тўлаб берилган ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган. Айни кунларда асоссиз тўланган стипендиялар миқдори яна мавжудлиги аниқланмоқда»,-дейди ҳуқуқ-тартибот органи вакили.
Олиб борилган терговга қадар текшириш ишларида тиббиёт институтининг таянч докторантурасига ноқонуний қабул қилинганлик ҳолатида мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш, ҳужжатларнинг қалбаки эканини била туриб, ундан фойдаланишда ифодаланган жиноят аломатлари аниқланган. Масъул мутасаддиларига нисбатан Жиноят Кодексининг 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш) ҳамда 228-(Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддаларининг турли бандлари билан жиноят иши очилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter