Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Париж Паралимпиадаси ғолибларига уйлар қайси манбадан берилгани айтилди

Париж Паралимпиадаси ғолибларига уйлар қайси манбадан берилгани айтилди

Тошкент шаҳар ҳокими Ҳукуматнинг жорий йил 9 сентябрдаги «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни муносиб тақдирлаш тўғрисида»ги 558-сон қарори ижросини таъминлашга доир қарорини имзолаган.

Унга кўра, Париж шаҳрида 2024 йил 28 августдан 8 сентябргача бўлиб ўтган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчиларни «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган шахсий ғазна ҳисобидан тушган ҳомийлик хайриялари ҳисобидан совға сифатида уй-жойлар билан тақдирланган.

Ҳоким қарорида, шунингдек, ёзги Паралимпия ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчиларни бир марталик пул мукофоти ҳамда енгил автомобиллар билан тақдирлаш ва уларни тайёрлаган тренерларга бир марталик пул мукофоти тақдим қилиш ҳам назарда тутилади.

Эслатиб ўтамиз, Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясини Париж Олимпиадасига тантанали кузатиш маросимида Бош вазир Абдулла Арипов Париж-2024 Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига давлат томонидан бериладиган мукофот пуллари миқдори – чемпионларга 200 минг доллари, кумуш медаль соҳибларига 100 минг доллар, бронза медал совриндорларига эса 50 минг доллар эканини билдирган эди. 

Қайд этилишича, Ҳукуматнинг юқоридаги қарорида спортчиларга берилган уй-жойлар ҳамда енгил автомобиллар «Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси» сифатида мулк ҳуқуқи асосида спортчиларга бепул берилиши белгиланган.

Бундан ташқари, миллий терма жамоалар спортчилари, тренерлари ва бошқа мутахассислари учун бир марталик тўланадиган пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди ва уларга ижтимоий солиқ ҳамда суғурта бадаллари ҳисобланмайди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг