Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Икки марта жазо олган шахс қамалаётганда «ёшлиги»ни рўкач қилди

Икки марта жазо олган шахс қамалаётганда «ёшлиги»ни рўкач қилди

Бухоро вилояти, Қоракўл туманилик фуқаро Б.Ж. икки йил аввал, яъни 2022 йилда  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси (Ўғрилик) ва 164-моддаси (Босқинчилик) жиноятини содир этганликда айбланиб,  4 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган.  Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2023 йилдаги ажримига кўра, Б.Ж.нинг ўталмай қолган 2 йил 8 ой 11 куни ахлоқ тузатиш ишлари жазоси билан алмаштирилган. Бироқ, шу даврда яна жиноятга қўл урган. Ва жиноят процессуал кодексининг 221- (Ушлаб туриш асослари), 227-моддалари (Ушлаб турилганларни сақлаш жойлари) тартибида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га билдиришича, Б.Ж. кейинги жинояти учун ўташи лозим бўлган озодликни чеклаш жазоси даврида ўзига тегишли хулоса чиқармай, яна қасддан жиноят содир қилган.

Эндигина 20 ёшга кирган Б.Ж. жорий йилнинг  май ойида тахминан соат 01:30ларда Қоракўл тумани, Қозон маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳ.Қ.нинг яшаш хонадони олдида эшиклари очиқ ва калити ўзида қолдирилган «Damas» русумли автомашинани олиб қочган. Автомашинани «Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши» йўналишидаги халқаро аҳамиятга эга бўлган М-37 автомобиль йўли бўйлаб бошқарган. Йўлнинг 325-километрига етганида, қарама-қарши томондан келаётган бошқа бир автомашина билан йўл транспорти ҳодисасини содир қилган ва «Damas»ни ташлаб қочиб, воқеа жойидан яширинган.

Шу куни воқеа жойидан қочиб кетаётиб, ўзига аввалдан таниш бўлган маҳалладоши Ҳ.Ҳ.нинг ҳовлиси олдидан ўтаётганда, унинг дарвозахонаси ёнида турган «Onix» русумли автомашинанинг пульти ва калити ўзида эканини кўрган. Автомашинани ўғирлаб кетган. Аввалига қаерга боришни билмаган Б.Ж. «Тожикент» маҳалласида яшовчи ва ўзи ёқтирган қиз Д.И.га қўнғироқ қилган. Қиз билан учрашиб, у билан бошқа бировга тегишли автомашинада туман марказий кўчаларида бамайлихотир айланган. Сўнг Д.И.ни уйига этиб қўйган ва кейин автомашинадан такси сифатида фойдаланиб, пул ишлаш мақсадини кўзлаган. Қоракўл тумани бош бекат олдига борган ва «Дўрмон» маҳалласигача икки нафар йўловчини олиб, уларни манзилига олиб бориб қўйган. Қайтаётганда яна йўл транспорт ҳодисасини юзага келтирган. «Onix» йўл чеккасига ағдарилиб кетган. Қўрқиб қолган Б.Ж. воқеа жойидан яна қочган.

Соат 17:30 ларда фуқаро Ҳ.Ҳ.га ички ишлар органлари томонидан қўнғироқ қилиб, ўзига тегишли бўлган автомашинанинг ағдарилиб ётгани, яна худди шу ҳудудга яқин манзилда «Damas» ҳам талофат кўргани билдирилган. Ҳ.Ҳ. эса ўзи уйда экани, бугун ҳеч қаёққа чиқиб кетмагани ва  автомашинаси дарвозахонаси олдида эканини айтган.  Бироқ, Ҳ.Ҳ. кўчага чиқиб қараганида, автомашинаси жойида эмаслигини ИИБ ходимларига билдирган.

Олиб борилган тезкор қидирув ва тергов ҳаракатлари давомида ҳар икки жиноят ҳам битта шахс – Б.Ж. томонидан содир этилгани аниқланган. Б.Ж. қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ва жабрланувчига етказилган зарарни ишлаб тўлаши ҳақида кўрсатма берган.

«Ёшлигимга бордим ва мен ҳали ёшман. Ёшлигим ва қизиққонлигимни инобатга олиб, қонуний енгиллик беришингизни сўрайман», — деган Б.Ж.

Суд эса шунча огоҳлантирувларга ҳамда озодликни чеклаш жазосини ўтаётганига қарамай,  жиноий хатти-ҳаракатлари билан бирмас, бир неча маротаба қасддан жиноят содир қилган Б.Ж. нисбатан суд ҳукмини ўқиган.  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси ҳамда 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш)да кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган 20 ёшли йигитга 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг