Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Иерархия «тартиб», «интизом», «самарадорлик»ми ёхуд итоат маданияти эркин фикрни бўғиши ҳақида

Иерархия «тартиб», «интизом», «самарадорлик»ми ёхуд итоат маданияти эркин фикрни бўғиши ҳақида

фото: franksonnenbergonline.com/

Олимлар билан суҳбатлашиш доимо мароқли. Уларнинг фикрлаши, дунёқараши, илмини кўриб ҳайратланганман, айниқса, у жуда ёш бўлса. Ахир ақл ёшда эмас бошда, деб бежиз айтишмаган. Бахтиёрхон Ахмадхоновнинг facebookда «бизда катталар доимо тепадан келиб гапиради, истаганча ўшқиради, жеркийди» мазмунидаги постга ёзган жавоби эътиборимни тортди: «Ака укаси, эр хотини, қайноналар ўз келинлари устидан босим ўтказиши, аслида фақат индивиднинг муаммоси эмас. Бу жараён ижтимоий позицияларнинг ҳокимиятдан тўйиниб озиқланган ва шу орқали қатъий ролларга «маҳкум» қилинган тизими бўлади. Бу тизимда ҳар ким – пастдагини сиқади, эзади, тепкилайди... Бу структура жамиятнинг ички «нормалари»ни ҳар куни қайта ишлаб чиқаради. Масалан, «акага ука ён берсин» деган тамойил ёки «келин сабрли бўлиши керак», деган меъёр, ёши катталарни муқаддаслаштириш ва танқиддан ҳимояланиш – буларнинг бари ижтимоий адолатсизликларни легаллаштиради».
Наманган давлат университетининг социология йўналишида таҳсил олаётган бўлғуси социолог билан танишувимиз шу тахлит бошланди.
– 2023 йилнинг бошида Ломоносов номидаги Москва давлат университетидаги ўқишимни ташлаб, Ўзбекистонга қайтиб келишга қарор қилдим. У ерда сиёсий иқтисод йўналишида таҳсил олаётгандим. Лекин бу қароримга фақат академик эмас, балки шахсий, оилавий омиллар ҳам сабаб эди: мен ягона ўғил фарзандман. Москвадаги мустақил ҳаёт ва интеллектуал эркинлик қанчалик ўзига тортмасин, оила масъулияти ва онамни эътиборсиз қолдирмаслик зарурати бу муҳим қарорни қабул қилишга олиб келди, – дейди у ўзини таништириш асносида. – Ўша қарор мен учун соддагина йўл танлаш эмас, балки турмушдаги устуворликларимни, инсоний масъулиятни, интеллектуал ўсишни оила ва жамият эҳтиёжлари билан мувозанатлаштириш зарурлигини англатарди. Бу қарор ҳатто илмий ёндашувимни ҳам ўзгартирди.
– Социология жуда қизиқ ва мураккаб, касб танлаш истагидаги ҳар қандай инсон бунга журъат эта олмайдиган фан...
– Ёшлигимдан адолатсизликларга, ижтимоий тенгсизликларга қизиқиб келганман. Ижтимоий рол ва идентитетлар қандай тарзда «яратилиши» – ихтиёрийликдан кўра, тузумлар, институтлар, идеологиялар томонидан белгиланиши мени чуқур ўйлантирган. Социология мен учун ана шу тузилмаларни таҳлил қилиш воситасига айланди. Аввалига Маркснинг синфий таҳлиллари орқали бу соҳа билан танишдим, вақт ўтиши билан назарий доирам кенгайиб, Эрик Олин Райт, Нанси Фрейсер, Жудит Батлер, Бурдио, Мишел Фуко, Луи Алтюссер, Самир Амин каби муаллифлар асарларига чуқурроқ кириб бордим. Пиер Бурдионинг концепциялари жамият ҳақидаги тасаввуримни ўзгартириб юборди. Мишел Фуконинг билим ва куч ўртасидаги нозик, аммо муҳим аҳамиятга эга алоқаларни очиб берувчи таҳлиллари орқали эса ҳокимият қандай «нормаллаштирилган» шакллар орқали жамиятга сингдирилишини тушундим.
Мен учун социология – бу оддий фан эмас, балки ижтимоий онгни қайта шакллантиришнинг, мавжуд тартиб ва «норма»ларни танқидий кўз билан кўришнинг бир воситаси. Айнан шу боис, бу йўналиш нафақат академик, балки эксистенциал, сиёсий ва ахлоқий танловимга ҳам айланган. Тил билишимга келсак, ҳозирда рус ва немис тилларида мукаммал суҳбатлаша оламан, бироз инглиз ва турк тилларида ҳам.
– Келгусида илмий ишингизнинг ҳам мавзуси аниқ бўлса керак?
– Ҳа, албатта. Асосий эътиборим – ижтимоий синфий онгнинг шаклланиши, сиёсий пассивликнинг сабабларини таҳлил қилиш ҳамда патриархал гендер тартиботларини танқидий нуқтаи назардан ўрганиш бўйича илмий тадқиқот олиб боришга қаратилган. Лекин бутун фаолиятимни фақат академияга боғлаб қўйишни хоҳламайман. Аксинча, назарий асос ва илмий билим доирамни кенгайтиргандан сўнг, бу билимларни амалда – реал ижтимоий ўзгаришлар учун ишлатиш келажакдаги режаларим марказида турибди.
Фақат назарий билимларнинг ўзи билан чекланиб қолиш, ижтимоий онгда инерт ҳолатга айланади. Чунки жамиятда синфий онг табиий ривожланмайди, уни шакллантириш учун сиёсий ва маданий кураш олиб бориш зарур. Айни шу сабабдан мустақил ўқув гуруҳлари, сиёсий таълим платформалари, оммавий суҳбатлар ва жамоавий таҳлил доираларини ташкил этиш орқали кенгроқ оммани онгли иштирокка жалб этишни ўйлаяпман. Ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали сиёсий ва синфий онгни ривожлантириш ҳамда инсонларни кичик синфий таҳлил клубларига жалб этиш учун стратегик режалар тузиб чиқиш ҳаракатидаман. Қисқаси, мен социологияни фақат «тушуниш» эмас, балки «иштирок этиш», «аралашиш» ва «ўзгартириш» воситаси деб биламан.
– Келинг, постга ёзиб қолдирган изоҳингиз атрофида суҳбатлашамиз, иерархия инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигига қандай таъсир кўрсатади?
– Иерархия – бу ижтимоий муносабатларнинг қатламлашган, поғонали шакли бўлиб, унда ҳокимият, ресурслар ва мавқе тенг тақсимланмаган бўлади. Бу тизим тарихан синфий тузилмалар, патриархал оилалар, бюрократик давлатлар ва корпорацияларда ўз ифодасини топган. Кўпинча у «тартиб», «интизом» ёки «самарадорлик» деб оқланади, аслида у устунлик ва бўйсуниш, баъзан зўравонликка асосланган ижтимоий назорат механизмидан бошқа ҳеч нарса эмас.
Ушбу тизимда фикр билдириш эркинлиги мавжуддек туюлади, аммо у кўпинча шартли: яъни фикр билдириш эркинлиги фақат «тизимга зарар етказмайдиган» ёки «раҳбариятга қарши чиқмайдиган» тарзда бўлиши керак, йўқса у барибир чекловлар остида қолади. Ҳокимият юқоридан пастга қараб тузилган ижтимоий муҳитда эркин фикрлар кўпинча «тартибга қарши чиқиш», «интизомсизлик» ёки «садоқатсизлик» сифатида баҳоланади.
– Итоат маданияти фақат ота-она, ёши улуғларга ёки бошлиқларга нисбатан эмас, балки ҳаёт тарзимизга ҳам сингиб кетган. Мана шу ички цензура танқиддан қўрқиш, фикр билдирмасликни келтириб чиқаради...
– Луи Алтюссернинг «мафкуравий аппаратлар» назариясида иерархик тузилмалар нафақат ташқи, балки ички интизом орқали ҳам ҳокимиятни давом эттириши илгари сурилган. Инсон ўз фикрини очиқ айтмаслиги кўпинча ташқи жазодан эмас, балки «мен одамларга қанақа кўринаман», «мени қоралашмасмикин» деган ўз-ўзини назорат қилишдан келиб чиқади.
Бизнинг жамиятимизда иерархия кўпинча «менталитет» деб айтиладиган маданиятга айланиб кетган, яъни ижтимоий фикрларнинг «ўрнингни бил», «тилингни тий», «ўзингдан каттани ҳурмат қил, гап қайтарма» каби иборалар орқали чегараланиши, нафақат танқидий фикрлашдан, балки фикр билдиришнинг ўзидан ҳам воз кечишга мажбур қилади.
Чунки «катта гапирдими, «хўп» де!» тамойили ҳанузгача ахлоқ ва тарбиянинг асосий мезони сифатида қабул қилинади. Катталарга бўлган ҳурмат ижтимоий қадрият сифатида қадрланади, лекин бу қадрият кўпинча муқаддаслаштирилиб, танқидга ёпиқ, иродасиз итоатга айлантирилади. Натижада, катталарнинг ҳар қандай талаби ёки босими «тарбия», «тажриба», «маданият» деб оқланади, уларни шубҳа остига олиш эса «ҳурматсизлик» ёки «одобсизлик» деб баҳоланади.
Мишел Фуко таъбири билан айтганда, ҳокимият фақат қонунлар орқали эмас, балки ижтимоий нормалар, урф-одатлар ва «одатий» муносабатлар орқали ҳам ишлайди. Яъни ота-оналар болалар, акалар укалар, муаллимлар ўқувчилар ва раҳбарлар ходимлар устидан ҳокимият субъекти сифатида шундай жойлашадики: «тузатиш», «ўргатиш», «уқтириш» ва «йўлга солиш» каби тарбия ниқоби остида ихтилофга ўрин қолдирмайди.
Хўш, бу ҳолат қачон зўравонликка айланади? Ҳар қандай ижтимоий муносабатда бир томоннинг овози бутунлай ўчирилса, ҳар қандай танқидий савол «қаршилик» сифатида баҳоланса, ҳар қандай эътироз «ҳурматсизлик» деб ҳисобланса – бу айнан зўравонликдир. Гап куч ишлатишда эмас – кучнинг қаердан келаётгани, қандай ниятда ва қандай ихтиёрни бостиришда ишлатилаётганида.
Шунинг учун, «тарбия» ва «маданият» деган тушунчаларни танқидий таҳлил қилиш муҳим: улар ҳақиқатда шахсий эркинликни рағбатлантиряптими ёки ўз фикрига эга бўлган инсонни итоатга мажбур қилаяптими? Агар бу «тарбия» – танловсиз бўйсунишга асосланган бўлса, у энди тарбия бўлмайди, балки ижтимоий жиҳатдан қабул қилинган зўравонлик шаклига айланади.
– Айтайлик, оилада иерархия йўқ, болалар тартибсиз ва масъулиятсиз бўлиб қолмайдими?
– Кўп ҳолларда шундай стереотипларга дуч келамиз: «агар оилада кимдир бош бўлмаса, бола тарбиясиз, тартибсиз ва масъулиятсиз бўлиб қолади». Психолог Диана Баумринд ва унинг издошлари томонидан ишлаб чиқилган ота-оналик услублари типологиясига кўра, энг салбий натижалар – айнан авторитар (яъни, кўр-кўрона итоатни талаб қилувчи) тарбия шаклида юзага келади. Боладан фақат итоат, жазо орқали интизом ва катталарнинг ҳар бир сўзини инкор қилмасдан бажариш кутилади. Бундай муҳитда бола «тартибли» кўриниши мумкин, лекин мустақиллиги, ташаббускорлиги ва танқидий фикрлаши ривожланмайди – уни жамиятдаги бошқа иерархияларга ҳам тайёр бўйсунувчи, саволсиз қабул қилувчи кимсага айлантиради. Яъни, катталарни кўр-кўрона ҳурмат қилишга ўргатиш – болани инсон эмас, ижрочи сифатида тарбиялайди. Аксинча, ўзаро ҳурматга асосланган, изчил, лекин демократик муҳитда улғайган болалар – кўпроқ масъулиятли, ўз фикрини аниқ ифода қила оладиган ва мустақил қарорларли шахсларга айланади. Бу ҳокимиятнинг шаффоф ва диалогга очиқ шаклда амалга оширилганидан далолат беради.
– Агар раҳбар қаттиққўл бўлмаса, ходимлар дангаса бўлиб қолади, деган фикрлар ҳам бор...
– «Агар раҳбар қаттиққўл бўлмаса», фикри шуни англатадики, демак бизнинг жамиятда инсонлар табиатан меҳнатдан қочувчи, фақат назорат ва жазодан қўрқибгина ишлашга мажбур... Аммо бу тасаввур замирида америкалик социал психолог профессор Мак-Грегор томонидан ишлаб чиқилган «Х назария» деб аталувчи бошқарув ёндашуви ётади. Бу назария ишчиларга нисбатан ишончсизликни, уларни доимий назорат остида ушлаб туришни ва жазога асосланган интизомни илгари суради.
Аксинча, «Й назария»сида инсон меҳнатни фақат мажбурият деб эмас, балки ўзини ифода этиш, ривожланиш, жамоага ҳисса қўшиш сифатида ҳам қабул қилади. Бундай шароитда раҳбар жазо орқали эмас, ишонч, мотивация ва ижтимоий масъулият уйғотиш орқали юқори самарадорликка эришади. Даниел Пинкънинг «Дриве» модели амалиётда инсонлар фақат уч турдаги муҳитда энг самарали меҳнат фаолиятини кўрсата олган: автономияда (яъни ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқига эга бўлганда), ишчига ўз ишининг реал ижтимоий фойдаси тушунтирилганда, ишчилар учун малака ва билим орқали ўсиш, кўтарилиш имконияти мавжуд бўлганда. Буларнинг барчаси – фақат иштирокчилик ва тенгликка асосланган муҳитда юз беради холос, иерархик муҳитда эмас.
Демократик бошқарувда қарорлар мавқеидан қатъий назар жамоадаги жамоатчилик фикрига асосланади. Бу эса ходимларда ўзини қадрлаш ҳиссини ошириш билан бир қаторда, муаммоларга комплекс ва инновацион ёндашув топиш имкониятини ҳам таъминлайди. Яъни, формал иерархия ва маданий тенгликкина жамиятни ривожлантиради. Бу дегани, раҳбар бор, лекин у буйруқ берувчи эмас, шунчаки координация қилувчи. Ходимлар эса ижрочи эмас, субъектив фикр билдирувчи субъект сифатида иштирок этади. Бунда тартиб – оғзаки таҳдид билан эмас, келишилган қадриятлар ва ички интизом асосида ишлайди.
Шунингдек, бу моделда ҳурмат – позицияга эмас, инсонийликка асосланади. Шу сабабли ижтимоий куч эгалари ҳам тез-тез ўз фикрини қайта кўриб чиқишга, танқидни қабул қилишга тайёр бўлади. Бу эса ижтимоий соғломликнинг индикаторидир.
Баъзи иш жойлардаги иерархия кўпинча расмий тузилмадан кўра шахсий муносабатлар, уруғ-аймоқчилик, содиқлик ва норасмий ҳокимият тармоқлари орқали шаклланади. Яъни, номинал лавозим – ҳар доим ҳам ҳақиқий қудратни билдиравермайди. Аксинча, «ким кимга яқин», «ким билан маслаҳатлашилади», «кимнинг сўзи ўтади» деган норасмий иерархия кўпроқ аҳамиятга эга бўлади. Бу эса муҳитни ноаниқ, шаффоф бўлмаган, таниш-билишга асосланган тизимга айлантиради.
– Итоат қилиш, катталарга, бошлиқларга сўзсиз қулоқ солиш жамиятда тинчликни сақлашга ёрдам беради, дейишади…
– Сиёсий назариётчи Шантал Муфф таъбири билан айтганда, «ҳақиқий демократия – қарама-қаршиликларнинг мавжудлигини тан олишдан иборат, уларни сукунат орқали тўсиб қўйишдан эмас». Агар жамиятда фақат ҳокимлар, катталар ёки иерархик юқоридагилар сўзласа, қолганлар эса сукут сақлашга одатланган бўлса – бу тинчлик эмас, бу босим остидаги жимлик ҳисобланади. Жимлик эса бу умуман адолат эмас.
Бундай муҳитда танқидий фикрлар сустлашади, эътирозлар «бузғунчилик» деб талқин қилинади ва энг муҳими – тенг имкониятлар принципи бузилади. Чунки иерархик жимлик – айнан ресурслар, имкониятлар, эътибор ва ижтимоий ҳимоя тақсимотидаги номутаносибликларни яширишга хизмат қилади.
– Иерархияга асосланган жамиятда ижтимоий лифтлар (потенциални кўрсатиш имкони) қанчалик очиқ?
– Иерархик жамиятларда ижтимоий лифтлар формал жиҳатдан очиқ кўринади – яъни имтиҳонлар, танловлар, лавозимлар назарий жиҳатдан барча учун мавжуд. Лекин амалда бу лифтлар турли тўсиқлар билан чеклаб қўйилади. Пиер Бурдио бу ҳолатни «маданий капиталнинг меросийлиги» деб атайди: яъни, ижтимоий лифтга кира олиш учун керакли кодлар, тил, эстетик сезги, ўзини «тутиш» маданияти – асосан ижтимоий элита доирасида шаклланади. Пастки табақадагиларнинг бунга кириш имконияти эса кескин суратларда чекланади.
Энг ёмон томони – иерархия ўзини «тартиб», «ҳурмат», «халқ менталитети» деб оқлаб кўрсатади, шу орқали жамиятда тенгсизликни табиийлаштиради.
Хуллас, бундай жамиятда ижтимоий лифтлар кўпинча мавжуддек кўрсатилади, лекин амалда улар ижтимоий позицияси аввалдан устун бўлганлар учун очиқ бўлади холос.
– Демак иерархия янгича қарашлар, инновацияларга ҳам тўсқинлик қилади?
– Инновациялар фақат технологик кашфиётлар эмас, балки жамиятни ўзгартиришга қаратилган янги фикрлар, янги муносабатлар, янги сиёсий ва иқтисодий услублар мажмуидир. Бу эса фақат саволлар беришга, изланишга ва танқид қилишга рухсат бор жойда юзага чиқади – тенгликка асосланган жамиятлар инновациялар учун унумли замин яратади.
Иерархик жамиятларда эса янгилик – реал хавф сифатида кўрилади. Чунки янгилик одатда мавжуд тузилмани, ҳокимият манбаларини ёки маданий кодларни савол остига қўяди. Мисол учун, сиз илмий, сиёсий ёки маданий инновация таклиф қилсангиз, иерархик тизимда бу «қоидабузарлик», «жамиятга кераксиз бошқача одам бўлиш» ва ҳаттоки «ҳурматсизлик» сифатида талқин қилиниши мумкин.
Шахсан менинг позициям: иерархия зарурми? Минимал, техник ва вақтинчалик даражада – ҳа. Масалан, ёнғин вақтида раҳбарнинг тезкор қарори керак бўлади. Лекин бу раҳбарлик маслаҳатга очиқ, жавобгарликка тортилиши мумкин, инсоний муносабатларга асосланган бўлиши шарт.
Иерархияни фойдали дейиш – «барчанинг фикри бир хил бўлса, яхши ишлаймиз» деган утопияга ишониш билан баробар. Фикрлар тўқнашуви орқали ҳақиқат туғилади, фикрлар хилма-хиллиги орқали эса инновация юзага келади. Шунинг учун энг илғор университетлар, айти компаниялар, ижтимоий ҳаракатлар айнан тенглик, очиқлик ва танқидий фикрлашни қадрлаган жойларда пайдо бўлади.
– Келажакда муваффақиятли жамият бўлиш учун қандай иерархия моделини танлаш керак?
– Жамиятимиздаги иерархия ҳар бир даврда ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, ҳар бир босқичда тарихий, сиёсий ва маданий омиллар ўз аксини топган. Шу сабабли иерархиянинг шаклланиши ва ривожланишига киритилган ўзгаришларни чуқур таҳлил қилиш зарур.
Келажакда муваффақиятли жамиятни яратиш учун, биринчи навбатда, иерархия моделини ўзгартириш лозим, яъни иерархия тўғридан-тўғри демократия асосида шаклланиши керак. Бу моделда жамиятни бошқариш жараёнига фуқароларни қарорлар қабул қилиш учун тўғридан-тўғри жалб қилишни назарда тутилади. Бундай ўзгаришлар, фақат очиқлик, ҳисоботчилик ва ротация принциплари асосида амалга оширилиши керак. Иерархиянинг янги модели, фуқароларни ижтимоий ва сиёсий жараёнларга фаол равишда жалб қилишни таъминлайдиган тизимни яратишга имкон беради.
Бунда горизонтал иерархия, яъни юқоридан пастга эмас, балки пастдан юқорига қараб шакллантирилган тизим, жамиятдаги ижтимоий тенгликни фақат ҳуқуқий баёнот сифатида эмас, балки амалда ҳам кафолатлайди.
Этьен Балибар таъбири билан айтганда, эгалитар демократия – бу нафақат ҳуқуқий тенглик, балки институционал тенгликни ҳам англатади. Бу, ўз навбатида, жамият аъзоларининг сиёсий ва иқтисодий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятларини яратиш учун муҳимдир. Демак, жамиятда тўғридан-тўғри демократия ва тенг ҳуқуқлилик асосида горизонтал иерархиянинг шаклланиши, келажакдаги муваффақиятли жамият қуриш учун муҳим бир жараён ҳисобланади.

                                                                              Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг