Ибрат, бурч ва қарз
Ўз халқининг дарду ҳасратини, орзу ва армонларини, ҳақиқий ҳаётини билган инсон юртга раҳбар бўлиши, бу ўша халқнинг ютуғи, бахтидир. Ҳеч муболағасиз айтсак, биз ана шундай бахтиёрликдан баҳраманд мамлакатда яшаяпмиз. Бундай дейишга жуда кўп сабаблар бор, келинг, улардан айримларига тўхталиб ўтайлик.
***
Бефарқлик — энг ёмон иллат. Лоқайд киши жамият учун турган битгани хатар. Ҳушёрлик ва зийраклик эса ҳамиша яхшиликка сабаб бўлади. Президентимиз хатти-ҳаракатида, жидду жаҳдида ана шундай доимий уйғоқ инсон тимсоли мужассам.
Самарқандда ўқирдик. Ижара уйда яшаб, ойда бир ёки икки марта Сиёб бозорига ул-бул харид қилиш учун борардик. Регистондан Сиёб томонга кетишда, кичкина йўлнинг ўнг бетида 21-мактаб бор. Ҳа, Ислом Каримов ўқиган мактаб. Шу мактабга қараб ҳам ҳавасим келарди, ҳам ачиниб қўярдим. Ҳавасим келгани, кимсан: Президент ўқиган мактабни кўриш бўлса, шундай мактабнинг афтодаҳол эканлигидан ҳайрон қолардим. Президент савод чиқарган даргоҳ ўша йиллари нураб-тўкилгудек бўлиб ётар, шаҳар кўрки ва довруғига мос эмас эди. Самарқандда бир нечта одам раҳбар бўлиб ишлади, аммо Ислом Каримов ўқиган мактаб хароблигича қолаверди. Фақат 2002 йилга келиб ушбу мактаб тубдан янгича қиёфа касб этди. Зеро, Шавкат Мирзиёев вилоятга ҳоким бўлиб келгач, кўп ўтмай шу бинони назардан қочирмади, унга меҳр кўрсатиб, устози, миллат етакчиси таҳсил олган даргоҳни гуллатиб қўйди... Кейинчалик Бош вазир бўлиб иш бошлаган Шавкат Мирзиёев Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури қабул қилиниб, юртимиздаги жамики хароб мактаблар қайта янгиланишига, эҳтиёж бор жойларга эса янги мактаблар қад ростлашига сабабчи бўлди. Миллиардлаб маблағ талаб қиладиган бу ишни амалга ошириш осон бўлмаган. Аммо қаловини топиб, мактабларни Тожмаҳалга айлантирган инсон Шавкат Мирзиёев эди. У Самарқандда Ислом Каримов ўқиган мактабни тамоман бошқа қиёфага келтириш орқали таълимда инқилоб бўлган — “Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури”ни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда ҳеч ким кутмаган йўлдан борган эди.
Шу тариқа мактабларни бутунлай ўзгартиришга бел боғланди ва бунга эришилди. Аммо у кишини яна бир нарса қийнарди. У ҳам бўлса, ўқувчиларнинг, муаллимларнинг, талабаларнинг дала ишларига, жумладан, пахта теримига жалб этилиши эди. Бу ҳақда гап борар экан, давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида шундай деган эди: “Аҳвол шу даражага етиб борган эдики, уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади. Мактаб болаларини ҳам пахтага ҳайдадик. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ўз даврида чуқур дард ва изтироб билан “Миллион эгатларга сочилган ўзбек”, деб ёзганидек, юз йил эгилиб пахта тердик.
Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди.
Афсуски, асосий иши таълим бериш бўлган ўқитувчилар дала ишларидан ташқари қурилиш ишларига ҳам олиб кетиларди. Ҳеч ким улардан борасанми, бормайсанми, деб сўраб ҳам ўтирмасди. Мамлакатимизда тезлик билан ҳал этиш керак бўлган ўткир муаммолар бошқа соҳаларда ҳам йиғилиб қолган эди. Ҳаммаси жойида, деган кайфият билан уларни билиб – билмаганга, кўриб – кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юравериш ҳам мумкин эди. Лекин бу ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат бўларди.
Очиқ айтмоқчиман: менинг табиатим бундай сохта ҳаётни мутлақо қабул қилолмайди. Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир.Мен миллионлаб инсонларнинг тақдири учун масъулиятни зиммамга олган эканман, ислоҳотлар борасида бошқача йўл тутишим, ҳаммасини аввалгидек қолдиришим асло мумкин эмас.
Такрор айтаман: олдимизда турган ишларнинг барчасини ўзимиз, ўз кучимиз билан қилишимиз керак, ҳеч ким четдан келиб биз учун биронта муаммони ҳал қилиб бермайди”.
Доимо уйғоқ
Ҳамма замон ва маконда шундай: раҳбарлар ҳақида ҳар хил гаплар юради. Шавкат Мирзиёев ҳақида гап кетганда, у кишини қачон ухларкан, қачон бунча ишга улгураркан, деб ҳайратларга чўмганимиз рост. Бу саволга эса йиллар ўтиб жавоб топдикки, у киши шундай туғилган, шундай камолга етган экан. Бўлмаса, навқирон ёшидаёқ пойтахтдаги туманга раҳбарлик қилишнинг ўзи бўладими? Ўзи ҳоким бўла туриб, ижара уйда яшаса ҳам фикру хаёли уйсиз одамларни ватанли қилиш, дардмандлар дардига шифо бўлиш учун ўта мураккаб масалаларга ечим топиш, тиқилиб ётган саноқсиз муаммоларни бартараф этишда бўлган. Бу гапиришга осон. Ҳозир ҳам шунақами: бирорта ҳоким уйсизми? Уйсиз эмас, ўйсиз ҳоким кўп... Аллоҳ бандасини яхши кўрса, ва, у банда ҳам бир халқ олдидаги жавобгарликни дилдан ҳис қилса, шундай уйғоқ ва элпарвар қилиб қўяркан.
Шу ўринда бир мисол: “Халқ сўзи” газетасида ишлардим. Бир куни ярим тунда телефон жиринглади. Ўрнимдан туриб аввал соатга қарадим: 01:42, кейин телефонга кўз тикдим: “Бош муҳаррир”. Хуллас, Вазирлар Маҳкамасига етиб боришим, қандайдир ҳужжатларни тайёрлашда у ердаги масъулларга ёрдам бериш кераклиги бўйича топшириқ олдим. Рости, тун ярмида ҳам шунақа топшириқ бўладими, деб малолланиб Вазирлар Маҳкамасига етиб бордим. Уч-тўртта масъул кишилар билан бир хонага энди йиғилган эдик ҳамки, яна бир киши кириб келди. Не кўз билан кўрсак, Бош вазирнинг ўзлари. У киши саломлашиб, ҳар биримиз билан сўрашиб, бизга нима иш қилиш кераклигини тушунтирдилар, нима ёрдам керак бўлса, қилиб берамиз дедилар. Шунда... боягина малолланганимдан уялиб кетдим. Шавкат Мирзиёевнинг шижоатга тўла ҳолатидан таъсирландим, ўзимга куч олдим. Ватан, юрт манфаати учун нафақат йигирма тўрт соат, балки ҳар доим, ҳамма вақт хизмат қилишга шай туриш даркорлигини тушуниб етдим.
Барча йўллар Сергелига элтади
Анчадан бери Қўйлиқ томонга, Сергели тарафга ўтмаган одам шу кунларда келса, танимай қолади бу манзилларни. 6-7 йил олдин Қўйлиқ бозори, то Роҳат муюлишигача метро боради деса, ким ишонарди? Енгил машинага қўл кўтариб, Сергели томонга дейилса, такси ҳайдовчилари гаплашишни ҳам эп кўрмай кетиб қоларди. Энди эса бутун дунёга машҳур ўша ибора билан айтганда, пойтахтнинг барча йўллари Сергелига элтмоқда. Замонавий турар жойлар, муҳташам савдо масканлари, ер усти метроси, баланд қаватли уйлар ва уларнинг ҳовлисидаги майдончалар. Вақтингиз бўлса, кечаси бир марта шу туманни айланинг: Нью-Йоркдан қолишмаслигига амин бўласиз.
Худди шунингдек, Самарқандда аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган “Боқий Самарқанд” мажмуасини олинг. Яқин-яқингача хароба бўлган бу манзилга шу кунларда бир боринг. Ич-ичингиздан бир иқрор келади: ана мўъжиза, ана бунёдкорлик. Бу масканни таърифлаш қийин, яхшиси оилавий бориб, айланинг. Олдиндан айтай: бу ерни айланишга бир кун камлик қилади.
Буларнинг бари шу халқни яхши кўришдан, халқимиз шунча йил қийналиб келди, ҳар бир раҳбар улардан кечирим сўраши керак, деган улуғвор ва мардона гапнинг амалдаги тасдиғидир!
***
Ислом Каримов даврида эълон қилинадиган ҳар бир фармон ва қарор ижросига масъул этиб Шавкат Мирзиёев қайд этиларди. Ҳужжат имзоланган кундан фурсат ўтмаёқ унинг ижроси бажариларди. Халқимиз, жамоатчилик ўша пайтдаги Бош вазирнинг иш тутумига, ҳар бир жараённи ўз назоратига олганига, умуман, бирор бир масала ўзибўларчиликка ташлаб қўйилмагани Мирзиёев фаолияти билан боғлиқ эканлигини тушуниб етган эди. Бугун ҳам мамлакат тақдирига дахлдор муаммо борки, ўз вақтида ечим топмоқда. Аввалгидай йилда бир ёки икки марта бўладиган мажлисларда эмас, кунда-кунора ўтадиган видеоселектор орқали шахсан Президент бошчилигида долзарб масалаларнинг йўл-йўриғи, ҳал қилувчи нуқтаси кўрсатилиб, бартараф этилмоқда.
Эътибор беринг, Президентимиз қайси соҳада гапирмасин, ўша соҳанинг икир-чикиригача, баъзан асл мутахассислар тушуниб, ҳис этмайдиган энг кичик жиҳатларини ҳам теран таҳлил қилади. Икки-уч соат қоғозга қарамай гапириш, яна кўпчиликни номма-ном айтиб, мурожаат қилиши, вилоятларга борганда, оддий касб эгаларини ҳам худди қадрдондек исмини айтиб чақириши замирида ҳам улкан меҳр мужассам.
Дарвоқе, меҳр ҳақида. Адашмасам, 2021 йилнинг август ойи эди. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тадбиркорлар билан илк учрашув бошланди. Мавзуга оид жуда чуқур мушоҳадалар билдириб ўтди Президент. Сўнг имтиёзлар, имкониятлар ҳақида гапирди. Шунчалик шароит қилиб берилдики уларга, беихтиёр ҳамма ишни ташлаб тадбиркор бўлгиси келади одамнинг. Давлат раҳбари яна қандай фикрлар бор деб, улкан мониторга кўз тикди. Вилоят раҳбарлари, ҳудудларда ном таратган машҳур тадбиркорлар ўз фикрларини билдиришни бошлади. Навбат Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровга келди. Ҳоким энди гап бошлаган эди, Президент уни сўздан тўхтатиб: “Аҳволинг, саломатлигинг яхшими?” деди. Чунки ўша кунлари вилоят ҳокимининг жиддий амалиётни бошидан ўтказгани ҳақида эшитган эдик. Бозоров мамлакат раҳбарининг бу саволидан бир зум каловланиб қолдида, сўнг ҳаммаси яхши, дея дарду безовталиклар ортда қолганини билдирди. Президент эса унга доим саломатлик ва муваффақият тилади.
Бир қарасангиз, шунчаки савол-жавобга ўхшаб кўринган бу мулоқот аслида одамийликнинг, юрт раҳбари шу мамлакатдаги каттаю кичик ҳар бир кишини алоҳида эъзозлашининг ёрқин далили эди бу. Шунинг учун бўлса керак, ҳеч мавриди ёки мавзуга дахлдор бўлмаса ҳам иштирокчилар гулдурос қарсак чалишган эди. Бу олқишлар улкан меҳрнинг таъсиридан пайдо бўлган эди.
Воҳидовлар, Ориповлар етишмайди
Шавкат Мирзиёевнинг ижодкорларни, шоир ёзувчиларни эъзозлаши ҳаммамизга маълум. Қалам аҳлига бўлган эътибор кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Бундай ардоқ у киши Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бўлиб ишлаган йилларданёқ куртак отган. Ўшанда қанчалик иши, ташвиши кўп бўлишига қарамай, Эркин Воҳидовдан, Абдулла Ориповдан доимий хабар олиб турган. Мажлисларда, анжуманларда бу икки улуғ шоирнинг шеърларидан намуналар келтириб туришини ҳам биламиз. Кейинчалик миллатимизнинг бу икки даҳосига нима сабабдандир муносабат ўзгариб, ҳурмат-иззат камайганда ҳам Шавкат Мирзиёев ўз қарашларини асло ўзгартирмади. Аксинча энг оғир пайтларда ҳам уларни катта меҳр ила йўқлаб турганини уларнинг фарзандлари, аҳли оиласи фахр ва ғурур билан айтишади. Хусусан, Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа ая Мустафоеванинг айтишича, Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани, кейинчалик Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими бўлиб ишлаган чоғларида ҳам, мамлакат Бош вазири лавозимида фаолият юритганида ҳам доим Абдулла акани йўқлаб турган.
Халқнинг суюкли фарзандига давлат раҳбари томонидан бу қадар баланд муносабатда бўлиш ҳеч бир юртда кузатилмаса керак. Ўтмишда бўлса бордир, аммо бугунги шиддатли замонда, адабиёту маърифат, матбуот ва маънавият тушунчалари кимлар учундир эски даврда қолди, дея талқин қилинаётган кунимизда ижодкор шахсияти, зиёлиларга мамлакатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборидан хулоса чиқарадиганлар камайиб кетгандек, назаримизда.
Ҳолбуки, учинчи Ренессанс пойдевори сифатли таълим, мустаҳкам тарбия орқали шаклланади. Китоб кўрмаган, газета-журнал ўқимаган, умуман, зиё омилларисиз ўсиш, юксалиш мумкин эмас. Ушбу ҳақиқат теран англанган юртимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янгидан янги мактаблар ташкил этилмоқда. Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳам шундай масканлардан биридир.
Юртбошимизнинг: “ҳозир бизга Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби одамлар етишмаяпти”, деган гапини эшитгансиз, албатта. Бу гап замирида ҳам миллатга ватанпарвар инсонлар ҳар доимгидан кўра бугун зарурлиги ҳақидаги ниятлар мужассам.
Ижодкорларга қанот бўлиш, рағбатлантириш каби саъй-ҳаракатлар кейинчалик Зоминда асос солинган адабиёт байрамини юзага келтирди. Ушбу машварат туфайли 1997 йилдан то ҳозирга қадар қанчадан қанча шоиру ёзувчи кашф этилди. Энг муҳими, бундай эъзоз бугун янада кенг кўлам ва мазмун моҳият касб этаётганини ҳаммамиз кўриб, билиб, ҳис этиб турибмиз.
Тақиқлар тақиқланди
Ўзи илгари ғалати ишлар бўлган. Четдан биров эшитса, куладиган қора рўйхатлар, тақиқлар бўларди. Эл суйган одамларга нисбатан чекловлар, босимлар бор эди. Дадаҳон Ҳасановдан гапирманг, Шерали керак эмас, Фаррух Зокировга нима етишмайди, Озода беқилиқ қабилидаги гаплар ва қўпол қилиб айтганда “артистларнинг ётиш туришигача назорат қилиш” кимларнингдир иш режасига айланиб қолганди. Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, бундай бачкана ва ўта шармандали ҳолатларга батамом нуқта қўйилди. Одамлар ўзлари ёқтирган санъаткорларнинг дийдорини яна кўрадиган, уларнинг ижодидан баҳраманд бўла бошлади.
Масалан, кўпчилик Шерали Жўраевнинг катта саҳналарга қайтишини 2016 йил билан боғлайди. Бу ҳам тўғри. Аммо сал ортга, 2002-2003 йилларга қайтсак, бу борадаги мардлик ва шижоат намунасини эсга оламиз. Халқ ўз ҳофизини экранларда кўрмаганига, газета журналларда суҳбату суратларини соғинганига анча йиллар бўлган пайтда Шерали Жўраев Самарқандда концерт берармиш, яна расмий тадбирлар ўтадиган жой — Амфитеатрда ўтаркан бу концерт деган гап тарқалди. Бунга, дафъатан ҳеч ким ишонмади. Шу яхши хабар тарқалганда мен Шерали аканинг уйларида эдим. Бир умр миллатни маънавий юксалтиришга бел боғлаган, миллионлаб одамларнинг қалб қўридан жой олган ҳофиз ана шу муждадан воқиф бўлгач, ёш боладай қувонгани кўз ўнгимда турибди. Миш-мишлар ҳақиқат бўлиб чиқди. Ҳофиз нафақат кўҳна шаҳар марказида, балки Ургут ва Тайлоқ туманларидаги марказий стадионларда ҳам концерт бериб, мухлислар олқиши ва қуршовида қолган эди. Катта истеъдодга кенг йўл очиб берган инсон эса Самарқанд вилоятининг ўша пайтдаги раҳбари Шавкат Мирзиёев эди...
Дўстларимиз кўпайди
Кўз олдингизга келтиринг: девор-дармиён қўшнингиз бору, аммо у билан йиллар давомида кўришмайсиз, гаплашмайсиз. Сабаби мавҳум: қўшни арпангизни хом урмаган, сизнинг ҳам унга хусуматингиз йўқ. Шундай пайтда узоқдаги қариндошингиз ёки бирор танишингиз меҳмон бўлиб келди-ю, гапдан гап чиқиб ҳамсояларингиз ҳақида сўради. Тайинли жавоб йўқ. Меҳмон эса сизнинг сукутингизни ноаҳиллик, оқибатсизлик, меҳру мурувватсизлик ҳеч қачон инсонга наф келтирмаслиги ҳақидаги пандлари билан бузади. Сиз унинг бу насиҳатлари олдида уялиб қоласиз, ич-ичдан унинг ҳақ эканлигини англайсиз.
Чин, биз йиллардирки, қошу кўздек яқин ана шундай қўшниларимиз билан димоқ-фироқда юрдик. Гоҳ ўзимизни улардан баланд қўйдик, гоҳида уларни унутдик. “Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги сомон афзал”лигини эсдан чиқардик. Энди ҳаммаси ортда қолди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ШАХС сифатида қарашлари ўлароқ, биз дунёга юзлашиш учун, аввало, қўшнилар билан муносабатларни мустаҳкамладик. Тиканлар, зирҳлар олиб ташланди. Симли тўсиқлар ўрнини қардошлик, дўстлик, биродарлик ҳақидаги нақллар тўлдирди. Бундан нафақат биз, балки қўшни мамлакатлар аҳолиси ҳам беҳад таъсирланди. Кўп йиллар давомида борди-келдиси йўқолган одамлар бир-бирининг бағрига талпинди. Меҳрга, дийдорга зор опа-сингиллар, қуда-андалар бир-бирининг нафасини, тафтини ҳис қилди. Тожиклар, қирғизлар, қозоқлар, туркманлар, афғонлар Ўзбекистон қайдасан, деб соғинч ила йўлга чиқди. Биз ҳам уларни йўқлаб бораётирмиз. Қанчалик гўзал манзара!
“Кулиб юрганим билан, дардим ичимда...”
Кузатган бўлсангиз керак: Президентимиз сохталикни, олди-қочди гапларни умуман ёқтирмайди. Мажлисларда, учрашувларда умумий гапларни айтадиган, кераксиз, сафсата статистикадан кимдир сўз очса, уни доим тўхтатган. Миллатнинг асл фарзанди сифатида у киши мамлакатимиздаги мавжуд аҳволни кафтдагидай билиб туради. Шу боис фикри ожизимча, у кишини алдаш ўзимизни алдаш деб қаралиши керак. Эсимда, Шавкат Мирзиёев 2018 йил 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўзбўямачиликлар ҳақида гапириб, шундай фикрлар билдирган эди: “Мен осмондан пайдо бўлиб, тушиб келмайман: бир кун олдин қайси вилоятга ташриф буюришим ҳақида маълумот етказилади. Лекин, кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Очиғи, менга бу ноқулай, кўзбўямачилик менда нафрат уйғотмоқда.
Ўқитувчиларни мажбурлаб чиқариб қўйиб, ободонлаштириш, уларга кўча супуртириш, “тайёргарлик”ка жалб этиш – сиёсатга хиёнат. Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, сиёсатга ҳам хиёнат”.
Давлатимиз раҳбари деярли 4,5 соат давом этган йиғилиш бошланиши биланоқ “мақтов ва қарсакбозлик” даври тугаганини таъкидлади. Шунингдек, Президент учун ҳозирланаётган кўзбўямачилик уни ранжитишини айтганди.
“Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, Бизнинг дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз (маҳаллий ҳокимият раҳбарлари назарда тутилмоқда) мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг...
Мени юрагимда жуда катта армон, азоб бор. Халқимизнинг қандай аҳволда яшаётганини мендан бошқаси яхши билмайди. Ўзим кулиб юрганим билан, дардим ичимда. Юракдан чиқариб айтяпман, дўст бўлсангиз, бу ишларни тўхтатинг…”
Бу гаплардан ҳар биримиз хулоса чиқариб, чин дўстнинг ишини қиладиган замон аллақачон келганини англаб етайлик. Токи, деворлар йиқилиб, унинг ортидаги ҳақиқат бор бўй-басти билан кўз ўнгимизда намоён бўлсин.
Самимият ғалабаси
Маҳалламизда Умрқул ота деган нуроний бор. У киши қаҳатчиликни ҳам кўрган, уруш йилларидаги очарликкка ҳам гувоҳ бўлган. Умрқул бобонинг айтишича, ҳеч бир замонда халққа қайишиш ҳозиргидек бўлмаган. Отахон бунга сабаб қилиб Шавкат Мирзиёевнинг туғма халқпарвар эканлигини айтади. “Табиат ҳар кимга бундай фидойиликни раво кўрмайди. Юртбошимиз оддий одамларнинг қалбини эгаллади”, дейди нуроний.
Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси, жаҳонга машҳур адиб Анар фикрича, Шавкат Мирзиёев тарихни ўзгартирди, эскича қарашлар, қотиб қолган анъаналарга чек қўйди. “Президентингиз ташаббуси билан минтақада дўстона муҳит пайдо бўлди. Илгари ҳамма ўз ҳолича эди. Энди эса давлат раҳбарлари бир-бирига нафақат ҳамкасб сифатида, балки дўст ва елкадош, самимий ҳамкор деб қарамоқда. Бугунги давр Шавкат Мирзиёевдек шахснинг иқтидорга келишига муҳтож эди”, дейди ёзувчи.
Туркиялик адабиётшунос, профессор Сулаймон Кизилтопрак эса Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар самимиятга йўғрилганини таъкидлар экан, жумладан шундай деган эди:
“Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюрганида жуда кўп жойлар қатори тарихий масжидларимизга ҳам қадам ранжида қилди. Шавкат Мирзиёевнинг чин ихлос ва катта диққат-эътибор билан масжидларни томоша қилганидан ҳайратландим. У одатий меҳмонлардан эмаслиги, тарихий жойларни шунчаки кўздан кечирмаганлиги билан менда ёрқин таассурот қолдирди. Англадимки, у ота-боболаримиз эътиқод қилган ислом динини юксак қадрлаши билан ибратга лойиқдир”.
Бугун Ўзбекистон жуда кўп соҳаларда дадил одимламоқда. Иқтисодий тараққиёт билан бир қаторда маънавий юксалишга эришилаётгани эса қўшалоқ музаффарликдир. Президент қўшни ва қардош давлатлар билан кўп йиллардан бери узилиб қолган, расмиятчиликдан нарига ўтилмайдиган ришталарни тиклади. Нафақат тиклади, балки унга янгича руҳ берди.
Деҳлидаги Жамия Миллия Исламия университетининг профессори Шоҳид Таслим Ўзбекистонни алоҳида меҳр билан тилга олади. У юртимизга турли халқаро анжуманлар туфайли тез-тез келиб туради. Ўзбекчани мукаммал билади. Навоий ва Бобур, Машраб каби бобокалонларимизнинг кўплаб ғазалларини ёддан билади.
— Ўзбекистон — алломалар юрти, — дейди Шоҳид Таслим. — Бу заминда камол топган муҳаддислар, олиму уламолар, табиблар, шоирлар Ер юзининг барча минтақасида маълум ва машҳур. Жумладан, ислом дини равнақига улкан ҳисса қўшган буюк олим Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийдек зоти мукаррамнинг таълимоти бугунги давримиз учун ҳам ўта муҳим ва долзарбдир. Худди шунингдек, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурхониддин Марғилоний, Замахшарий сингари улуғ мураббийларнинг бой маънавий меросидан баҳраманд бўлиш ҳар бир инсонга, айниқса, ёшлар учун кони фойдадир. Президентингиз ана шу мутафаккирларнинг асарларини кенг ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш учун барча шарт-шароитларни яратиб бергани таҳсинга сазовор.
Тарихи, ўзлиги эъзозланадиган юртда ўсиш, ўзгариш бўлишини бугун Ўзбекистон мисолида кўриб турибмиз.
Ҳар бир мамлакатнинг эртанги тақдири бугун вояга етаётган ўғил-қизлар қўлида. Уларнинг замонавий билим олишлари учун шарт-шароит яратиб берилгандагина кўзланган манзилларга эришиш мумкин. Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, бугунги танланган йўл оқиллик, узоқни кўра билиш ифодасидир.
Аждодлардан мерос қадрият ва урф-одатларни улуғлаш, уларнинг муборак изидан бориш, ёшларга кенг имкон бериш, бошини силаш, одамларни эъзозлаш, халқнинг розилигини олишга интилиш — бу чин комиллик белгиси, аслида. Биз бугун ана шу етукликни, олиб борилаётган сиёсатда эса мукаммалликни кўряпмиз. Шу боис ишончимиз юксак, умидимиз улкан. Зеро, ишонч ва умид эртанги ёруғ истиқбол сари дадил одимлашга, буюк келажакни биргаликда қуришга ундайди.
Амал ва ниятлар уйғунлиги
Ҳар бир мамлакатнинг қудрати, салоҳияти, имкониятлари нима билан белгиланади? Бу саволга ялпи ички маҳсулотнинг улкан ҳажми, саноатнинг юксак тараққиёти, катта даромади, ишлаб чиқаришнинг барқарор суръатлари ва бошқа омилларни кўрсатиб жавоб бериш мумкин.
Албатта, уларни асло инкор этиб бўлмайди. Шунинг билан бирга давлатнинг қудрати ва салоҳиятини тарихий мерос ва аждодлар маданияти ёрқин тарзда акс эттиради, десак янглишмаймиз.
Ўзлигимиз, насл-насабимиз гавҳари — улуғ бобокалонларимиз ибрати, қолдирган бой илмий-адабий мероси, жасорати, панду насиҳатларини ўрганишни, сабоқ чиқаришни мақсад қилдик. Шу аснода улар хотирасига бўлган эҳтиромимизни, ворислик садоқатини чин дилдан, катта ғайрат-шижоатлар ила изҳор қилдик. Чунончи Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби азиз-авлиёларимиз руҳларини шод этмоққа киришдик.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тарихий обидаларни асраб-авайлаш, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди, Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий, Қарши туманидаги Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳлари ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Гап шундаки, ана шундай хайрли ишларнинг мантиқий давоми ўлароқ, Президентимиз Шавкат Мирзиёев шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг шаънини, қадр-қимматини эъзозлагани халқимиз томонидан жуда катта хурсандчилик билан кутиб олинган эди.
У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. Бу улуғ ватандошимиз Бутундунё мутафаккир уламолари уюшмасининг Ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг, Иордания қироллик академиясининг ҳам аъзоси эди. У киши Миср Араб Республикасининг “Нил лаври” олтин нишони, шунингдек, Россия, Ливия ва бошқа давлатларнинг кўплаб юксак мукофотларига сазовор бўлганди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга қаратилган эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг турли тилларда чоп қилинган асарлари ёш авлод учун улкан тарбия ва ибрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
Ўтганларни хотирлаш, азиз-авлиёларнинг руҳларини шод қилиш борасида бажарилаётган хайрли амалларнинг савобу самараси юртимизга янада файзу баракот келтириши шубҳасиз. Негаки, бундай эзгулик асрлар ўтса-да, келгуси авлодлар учун мангу ибрат бўлиб қолаверади.
Ибрат, бурч ва қарз
Юртимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғоялари асосида азизларимиз эъзозланиши, умуман, ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ислоҳотларни қадрлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аслида юқорида тилга олинган ўзгаришлар маънавий юксалишга қаратилган улуғвор янгиланишларнинг бир зарраси, холос. Муҳими, бундай ибратли ишларнинг барчаси сўз ва амал уйғунлигини исботлаб, сизу бизнинг, шу бағрикенг халқ билан бир тану бир жон бўлиб яшаётган турли элат ва миллат вакилларининг дилбандлари учун хизмат қилаётганини унутмаслик жонажон Ватан олдидаги қарзимиздир.
Улуғлик шарофати
Дунёнинг тўрт томонида турли талафотлар, можаролар, келишмовчиликлар рўй бераётган, оқибат, меҳр-мурувват сингари улуғ тушунчалар ўрнини “Босиб оламан”, “Ҳукмронлик қиламан”, “Еб битираман”, “Мен зўрман” деган бемаъни даъволар эгаллаб олаётган бир пайтда буларни нега ёзяпмиз?
Гап шундаки, ҳар тонг яхши ниятлар билан дуолар қиладиган ота-оналаримиз бор экан, бу юртдан оқибат кетмайди.
Ўқ овози ўрнига муаззам азонлар эшитилиб турадиган, бомбалар ўрнига карнай-сурнайлар, тўйу томошалар овози жаранглаб турар экан, бу рубъи маскуннинг Ўзбекистон деб аталмиш чаманини Тинчлик ва оқибат тарк этмагай. Агар биттагина одамнинг кўнглида эзгу умид пайдо бўлса, адолатни кўп тилга оладиган Миллат Сардорининг шарофатидан бу.
Агар берк йўллар очилиб, бағрикенглик, дўстона муносабат кўзга ташланаётган экан, бу шому саҳар тиним билмай ишлаётган Инсоннинг орзулари ушалаётганидандир.
Келинг, Юртбошимиздан ўрнак олиб, халқ манфаатини устун қўяйлик.
Мақсуд Жонихонов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter