Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким ҳайитлик улашди. Улар орасида уй ҳам бор

Ҳоким ҳайитлик улашди. Улар орасида уй ҳам бор

Рамазон ҳайити арафасида ҳар бир мусулмон киши савоб амаллар қилиши, хусусан, беморлар, ночор ва кўнгли ярим инсонлар ҳолидан хабар олиши ҳам фарз, ҳам қарздир. Тошкент вилоятида ҳам бундай тадбирлар анъанага айланган бўлиб, кўпчилик боқувчисини йўқотган оилалар, кўнгли ўксик инсонларнинг уйларига бориб, ҳол-аҳвол сўрашмоқда.

Ийд Рамазон ҳайитидан бир кун олдин вилоятдаги барча шаҳар ва туманлардаги 88 та сектор раҳбарлари, ҳомийлар ва тадбиркорлар ўз ҳудудидагига эҳтиёжманд оилаларнинг уйига бориб, совға-саломлар улашди. Вилоят ҳокими Рустам Холматов ҳам бир неча оилаларнинг хонадонида бўлиб, уларниннг ҳолидан хабар олди, аввало самимий суҳбатлашди. Уларга эсдалик совғалар, 2 миллион сўмдан моддий ёрдам ва бошқа қимматбаҳо совғалар улашилди.

Вилоят раҳбари дастлаб Ўрта Чирчиқ туманинг «Ўртаовул» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ҳамдўстлик кўчаси 56-уйда истиқомат қилувчи Илёсовлар хонадонига ташриф буюрди. Уй бекаси Арабгул ая узоқ йиллардан бери оғир касаллик билан курашиб келади. Тақдирни қарангки, онахоннинг фарзанди ва келини ҳам бугун оғир дарддан азият чекиб, муолажа олишмоқда. Рустам Холматов уларга ҳайитлик улашар экан, мулоқот давомида бу хонадонга келгусида ҳам зарур ёрдам кўрсатиш, аянинг фарзанди ва набиралари учун муносиб ҳаёт тарзини таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Нурафшон шаҳрида яшовчи Зуҳра Дадаева анча олдин турмушидан ажралиб, фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаб келмоқда. Айни пайтда оила аъзолари билан вақтинча ижрада туради. Вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида у шу кунда уй-жойга муҳтожлигини билдирди. Аҳволнинг оғирлиги ҳисобга олиниб, яқин кунларда Зуҳра аяга Нурафшон шаҳридан янги уй-жой ажратиладиган бўлди.



Кейинги манзил – Оққўрғон тумани «Зарбдор» маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда кетма-кет тақдир зарбаларига дучор бўлган, машъум фалокат туфайли ота-онасидан айрилиб, уч синглисини бир ўзи катта қилаётган фариштадек бир қиз яшайди. Бирин-кетин вояга етаётган, нигоҳлари масъум бу норасидаларни вилоят ҳокимлиги оталиққа олган. Яқинда ўтказилган «Минг оилага – минг туҳфа» акцияси доирасида қизларнинг оғзи оқликка етди – бу хонадонга соғин сигир туҳфа қилинган эди.

Мулоқот чоғида вилоят ҳокими қизларнинг келгуси ҳаёти, ўқиш ва ишлари билан қизиқди. Бири шифокор, иккинчиси биолог бўлишга ҳавасманд ёшлар ўз режа-мақсадларини гапириб беришди. Вилоят ҳокими, ўз навбатида, пойтахтимиздаги тўқимачилик корхоналаридан бирида меҳнат қилиб келаётган қизларнинг тўнғичи иш жойини яқинда Оққўрғон туманида фаолиятини бошлаган тўқимачилик корхонасига кўчириш, унга маълум енгилликлар бериш бўйича таклиф билдирди. Бундан албатта, оила аъзолари хурсанд бўлишди.

Шу куни Рустам Холматов Оққўрғон туманинг «Ҳамид Олимжон» фуқаролар йиғини Фидойи кўчасида истиқомат қиладиган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси – 100 ёшдан ошган Файзулла бобо Нурматов хонадонида ҳам бўлди. Катта ҳаёт ва турмуш тажрибасига эга бўлган отахон суҳбат чоғида юртимизда шу кунларда одамларнинг аҳиллиги, ҳаётдаги синовлар қаршисида мардонавор жипслашганини ҳайрат ва ҳаяжон билан айтар экан, ёшлик йиллари, умр ҳикматларидан сўзлади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, шу куни вилоят раҳбари яна бир неча юртдошларимиз хонадонида бўлиб, уларни ҳам муборак байрам билан қутлаб, ўз совғаларини топширди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг