Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳар етти ойда қул каби сотилган Инобат

Ҳар етти ойда қул каби сотилган Инобат

Фото: «Caravan.kz»

46 ёшли Ўзбекистон фуқароси Инобат Пўлатова узоқ муддат гаровда қолиб кетган. 2019 йилда ҳеч қандай ҳужжатсиз Aктобега келиб қолган. Ҳаттоки олти ёшли ўғлида ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома мавжуд эмас. Ўзини умидсиз аҳволга солиб, аёл бир ярим йил давомида маҳаллий фермаларда фақатгина қорин тўйғазиш учун ишлашга мажбур бўлган. Ва ҳар етти ойда у оддий қул сифатида сотиб юборилаверган.

Инобат Чимкентга 2005 йилда келган.

— Эрим Қозоғистон фуқароси, у Ўзбекистонда ишлаган. Мен ундан учта фарзандли бўлдим. Каттаси аллақачон турмуш қурган ва Чимкентда яшайди.

Бизнинг пулимиз йўқ эди ва ўртанча ўғлимизни туғилганидан кейин дарҳол болалар уйига беришга мажбур бўлганмиз.

Ҳаёт яхшиланганида уни олиб кетишни режалаштирган эдик. Ҳозир у 14 ёшда. Кичик ўғлим Дамир 2014 йилда туғилган, аммо мен туғруқхонада бўлганимда эримни машина уриб юборган. Ҳужжатсиз ва пулсиз кўчада қолдик, — дейди Инобат.

У Aтирау вилоятига борганида бир аёл билан танишиб қолади. Аёл уни ўз уйига олиб кетади ва оз бўлса ҳам пул билан таъминлаб туради. Аёл Инобатга ўғлига ҳужжат олишда ёрдам бермоқчи бўлади, аммо минг афсуслар бўлсинким ўтган йилда бевақт оламдан ўтиб қолади.

Аёлнинг ўлимидан сўнг эри унга нисбатан жуда ёмон муносабатда бўлади, ҳаттоки занжир билан қаттиқ калтаклайди.

Бу азобларга чидай олмаган Инобат уйдан қочиб кетишга мажбур бўлади. Натижада Шалкарга келиб қолади ва бу ерда ҳам бир эркак билан танишиб қолади. Эркак унга бошпана ва иш таклиф қилади.

Эркак унга «ишла, пул йиғ, кейин Олмаотага борасан. Ўғлингга ачинаман, ҳали ҳеч нарсани кўрмади. Ҳужжати ҳам йўқ, шу сабабли мактабга ҳам бормаган», дея куюниб гапиради. Шу тариқа Инобат бир ярим йилда уч жойга кўчиб бориб ишлайди.

— Шу вақт мобайнида ҳамма ишни қилдим, уй эгалари ҳатто мени ўғирликда айбладилар. Ҳеч қачон менга маош беришмаган. Мен уларнинг «ўғлингни ҳужжатларини тўғирлаб берамиз» деган ваъдаларига ишониб яшадим. Уларга ойлик сўрамасдан, кечаю кундуз ишлайдиган одам керак эди, холос.

Охирги бор ишлаган уйимнинг эгаси мени Темир тумани ички ишлар бўлимига олиб борди ва ўша ерда қолдирди. Ички ишлар ходимлари шундай совуқ қиш кунида қаерларга юборишини билмас эди, шунда йиғлаб улардан ёрдам сўрашдан бошқа иложим қолмади. Қаттиқ тушкунликка тушиб қолдим, — дейди Инобат.

Энди Инобатнинг бор умиди маслаҳат марказидан.

— Улар уйимга қайтишга руҳсатнома қилиб беришлари билан бу ердан кетаман. Ватанга қайтаман, у ерда қариндошларим бор, ёрдам беришади. Муҳими, ўғлимнинг ҳужжатларини тўғирлайман, натижада ҳамма болалар сингари мактабга бориши мумкин бўлади, — дея сўзларини якунлайди Инобат.

— Яқинда Инобат уйга қайтади, уларни қайтариш тўғрисида керакли ҳужжатлар тайёр, — дейди марказ директори Гулнур Идигиеева.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг