Грузияда мотам куни эълон қилинди: 3 киши ҳибсга олинди
Бош вазир Иракли Гарибашвилининг сўзларига кўра, Грузия ҳукумати 11 октябрни мотам куни деб эълон қилди.
«Батумидаги фожиа туфайли қаттиқ қайғудаман. Ҳалок бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман. Улар билан биргаликда бутун Грузия ушбу даҳшатли фожиани бошдан кечирмоқда. Қурбонлар хотирасига 11 октябрь, душанба мотам куни деб эълон қилинишини қарор қиламан», — дейилади бош вазир баёнотида.
Унга кўра, расмийлар жабрланганларга ёрдам кўрсатади ва барча айбдорлар жазоланади.
«Имеди» телекомпанияси хабарига кўра, Батумидаги уй қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони саккиз кишига етди.
Аввалроқ олти кишининг оламдан ўтгани ҳақида маълум қилинганди: бештаси харобалар орасидан топилган, яна бир аёл шифохонада ҳаётдан кўз юмган.
«Қутқарувчилар Батумидаги вайроналар остидан яна икки кишининг жасадини олиб чиқишди. Бунгача ички ишлар вазири Вахтанг Гомелуари уч кишини қидираётгани ҳақида хабар берган, улар орасида ёш болали она ҳам бор», — дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, 26 май кўчасидаги етти қаватли бинонинг кириш қисми қулаб тушган. Уйдан 12 оила эвакуация қилинди, вайроналар остидан бир неча киши, жумладан, икки бола чиқариб олинди.
Ички ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан жиноий иш очди. Ҳозирда уч нафар гумонланувчи: биринчи қаватдаги квартиранинг эгаси ва у ерда таъмирлаш ишларини олиб бораётган икки ишчи ҳибсга олинган. Гомелаурининг сўзларига кўра, ҳалокатга биринчи қаватдаги деворнинг бузилиши сабаб бўлиши мумкин. Жиноятчилар ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши эҳтимоли бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter