Эшак ва эцзяо саноати: шафқатсиз тери савдоси ортидаги гўзаллик қурбонлари

2011 йилда Хитойда эфирга чиққан «Жэн Хуань афсонаси» сериали нафақат тарихий фильм эканлиги билан аҳамиятли, балки аёллар орасида эцзяо (ejiao) воситасига талабни кескин оширди. Ушбу сериал Хитойнинг Чин сулоласи давридаги сарой ҳаёти, интригалари ва аёллар орасидаги курашларни ёритган бўлса-да, сарой маликалари эцзяо малҳами туфайли гўзал ва соғлом эканлигига урғу берилди. Сериал эфирга чиққандан кейин Хитойда эцзяога бўлган талаб кескин ошди.
The Donkey Sanctuary – эшаклар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи Британия ташкилоти 2020 йилги ҳисоботида шундай дейди: «2011 йилда «Жэн Хуань афсонаси» сериали намойиши эцзяога бўлган талабдаги бурилиш нуқтаси бўлди – Хитой бозорида эшак терисининг нархи беш баробарга ошди.»
Савдо шунчалик фойдали бўлдики, ҳайвонлар меҳнатига эҳтиёжи бўлган кўплаб ҳудудларда эшаклар сони кескин камайди, масалан Кенияда 2016 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда ярим аҳолининг жониворлари териси учун сўйилган. Нигерияда 2011 йилдан 2021 йилгача уларнинг сони 60% камайган, Эфиопия, Танзания, Гана каби мамлакатларда эшаклар популяцияси ҳалокатли даражада қисқарган.
(2017 йилда Кениянинг Баринго шаҳридаги лицензияланган қассобхонада қуёшда қуритилган эшак терилари.)
2024 йил статистикасига кўра, сўнгги 5 йил ичида ушбу дори воситасини ишлаб чиқариш тахминан 160% га ўсди, яъни ҳар йили 6 миллионга яқин эшак савдони кучайтириш учун ўлдирилади. Бу қўриқхонанинг энг консерватив ҳисоб-китобини акс эттиради ва 2027 йилга бориб 6,7 миллионга етиши кутилмоқда. Шу боис 30 дан ортиқ мамлакат Ботсвана, Кения, Танзания, Гана, Нигерия, Буркина-Фасо, Мали, Покистан каби давлатлар эшак савдосини тўхтатиш учун турли қонуний йўлларни қидирмоқдалар.
Эцзяо нима?
Қадимги Хитойда эшак терисидан тайёрланган желатин тиббий восита сифатида қадрланган ва бу анъана бугунги кунгача сақланиб келмоқда. Эцзяонинг пайдо бўлиши қадимги Хитой маданиятига бориб тақалади. Миллий тиббиёт китобларида, жумладан «Бэнь Цао Ган Му» (1578 йил) каби машҳур манбаларда унинг самарали таъсирлари ҳақида ёзилган. Унга нисбатан ишонч ва эътиқод узоқ йиллар мобайнида авж олган ва бу маҳсулот ҳозиргача Хитойда, унга яқин давлатларда соғлиқ, гўзаллик учун муҳим восита ҳисобланади. Бу эшак терисига ишлов бериб қайнатиш орқали олинадиган жигарранг елим суюқлик.
2018-йилда Донгэ шаҳридаги Донг-ЭE-Жиао Cорпоратион Лимитед томонидан бошқариладиган музейда эшак териси қадоқланган гел.
Вазият жиддий, қандай бартараф этилади?
Эшак териси савдоси ҳақидаги мақолаларда таъкидланишича, жониворларни ноқонуний контрабанда йўллари билан етказилиши туфайли шафқатсиз муносабатда бўлишади. Тирик юклар тушириладиган жойларда суяклари синган хўтикчаларни, туёқларни, узилган думларини, қулоқларини учратиш мумкин. Талаб катталиги сабаб ҳатто ҳомиладор эшаклар ҳам аяб ўтирилмайди, ярадор ва касаллар ҳам ўлдирилади. Кўп ҳолларда жониворлар бир неча кун юришади, чегараларни кесиб ўтишади, азоб-уқубатлари эътиборсиз қолдирилиб ташилади ва оч-наҳор, сувсиз ушлаб турилади, кўпинча энг даҳшатли йўллар билан сўйилади.
1992 йилдан бери Хитойда эшаклар сони 76 фоизга камайди ва унинг терисига бўлган талаб бутун дунё орқали қондирилади. Donkey Sanctuary ташкилоти бозор талабини қондириш учун эшак етиштиришга сармоя киритиш зарур, деб ҳисоблайди, аммо бу 20 йил давом этиши мумкин. Ташкилотнинг тадқиқот ва тезкор ёрдам бўйича директори Фаитҳ Бурденнинг айтишича, эшаклар жуда секин кўпаяди. Урғочи эшак бола туғишидан олдин бир йил ҳомиладор бўлиши керак, боласининг каттариши учун эса анча вақт кетади. Буюк Британиянинг Хитой ўсимлик тиббиёти бўйича рўйхатга олиш органи (RCHM) эшакларни тиббиёт мақсадида сўйиш амалиётини кескин қоралаб, замонавий хитой тиббиётида буни на ахлоқий, на зарур деб ҳисоблади. Ҳозирда 18 давлат вазиятни бартараф этиш учун чора кўрди. Бироқ, ҳатто Гана ва Мали каби эшак сўйиш тақиқланган жойларда ҳам, тартибга солинмагани яъни эшакларнинг камайиб кетиши энг қашшоқ минтақаларда 500 миллионга яқин аҳолининг турмуш тарзи ёмонлашишига олиб келган. Камбағал оилалар ишчи кучидан айрилганидан кейин бошқа эшак сотиб олишлари қийин, чунки уларнинг нархи ошган.
Эшак терисини олиб ўтиш саволи...
Мақола ёзиш асносида инглизча, хитойча тилларда эшак териси савдоси калит сўзлари билан манба қидирдим. Сайтлар ва платформаларда Ўзбекистондан эшак терисини олиб ўтиш қандай амалга оширилади, Олмаотадан эшак терисини олиб ўтиш мумкинми, деган саволларга ва жавобларга дуч келдим.
Ҳатто бу хорижнинг ушбу мавзудаги мақолаларида ҳам таъкидланган – ҳаракатлар кўпинча оддий кўринишда содир бўлади. Тартибга солинмаган электрон тижорат сайтлари ва таниқли ижтимоий медиа платформаларида ноқонуний товарлар билан бирга эшак терисини сотаётгани аниқланган.
Эшак терисини импорт қилиш учун қандай талаблар қўйилади? Қайси давлатлар эшак терисини импорт қилиши мумкин, деган саволларга эса қуйидагича жавобларни учратдим:
Эшак терисини олиб киришга қўйиладиган талаблар ҳайвонлар ва ўсимликлар карантини лицензияси, соғлиғи тўғрисида маълумотнома олиш, ноқонуний контрабандани тақиқлаш каби талабларни ўз ичига олади. Ҳозирда фақат Миср, Мексика ва Перу хомашё терисини импорт қилишга рухсат берилган. Ҳозирда Покистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Мўғулистон, Франция, Германия, Италия, Австралия, Канада, Уругвай, Миср, Мексика, Перу, Белгия каби 23 давлат эшак терисини импорт қилиши мумкин.
Демак, импорт, экспортга чеклов йўқ, бу дегани барибир жонзотларнинг тақдири ҳали вери яхшиланмайди дегани.
Оддий одамлар ҳаёти қийинлашмоқда...
Покистоннинг 2024 йил октябрь ойида эшак гўшти ва терисини Хитойга экспорт қилиш бўйича келишув хавотир ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ҳайвонларни ҳимоя қилиш гуруҳлари келишувни бекор қилишга чақирди. Шу билан бирга, одамлар эшакларнинг Покистоннинг норасмий иқтисодиётида муҳим роль ўйнашини ҳисобга олсак, гўшти ва терисининг йирик экспорти айрим камбағал қатламнинг турмуш тарзига таъсир қилишидан хавотирда. Покистон расмийларининг таъкидлашича, эшак экспортида ҳеч қандай чекловлар бўлмайди, чунки Покистон ўз популяциясини сақлаб қолиш учун уни кўпайтириш тармоғини яратади.
Гарчи эшаклар Покистоннинг норасмий иқтисодиёти учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлса-да, танқидчилар фикрича, Покистон нафақат иқтисодий манфаатлар учун гўшт ва тери экспорти бўйича Африкадаги инқирозга эътибор бермаган, балки экспорт жараёнини тезлаштириш учун Хитой компанияларига Карачи ва Гвадар порт шаҳарларида қассобхоналар очишга рухсат берган.
Ишлайдиган отлар, эшаклар ва хачирлар ҳаётини ҳимоя қилиш, яхшилашга бағишланган халқаро хайрия ташкилоти Брукнинг Покистондаги бўлими Покистон ҳукуматининг Хитойга эшак териси ва гўшти экспорт қилиш қарорига рози эмас ва келишувни бекор қилишга чақирди.
Улар Хитойнинг асл ниятларидан хавотир билдириб, Карачи порт шаҳри ва Гвадар денгиз портида қассобхоналар ташкил этилиши муносабати билан Хитойдан эшакка бўлган йиллик талаб 216 мингдан ошиб кетишини, бу эса маҳаллий аҳолини тирикчилик воситаларидан маҳрум қилиши мумкинлигини даъво қилмоқда.
«Биз йўл ва кўчалардан чиқинди йиғиш, маҳаллий ғишт заводларини транспорт воситалари билан таъминлаш, мижозлар учун шахсий ва тижорат товарларини ташиш каби оддий юмушлар билан шуғулланамиз», деди Панжоб вилояти маркази Лаҳор шаҳридаги ғишт печида ишлайдиган эшак арава эгаси Наби Бух, «Америка Овози» билан суҳбатда. «Биз шу арзимас ишлар билан кун кечирамиз, лекин бу келишув кучга кирса, тирикчиликдан айрилиб қоламиз».
Бухнинг таъкидлашича, Покистонда эшак нархи аллақачон ошиб кетган.
Пешовардаги маҳаллий дон бозорида ишлайдиган эшак араваси эгаси Абдул Каримнинг қўшимча қилишича: «Хитой сўйиш жойларига сармоя киритиб, Покистондан кўп миқдорда эшак терисини импорт қилиш содир бўладиган бўлса, бу маҳаллий бозорда эшакларнинг танқислигига ва миллионлаб эшак эгалари учун нархларнинг ошиши, иш жойларини йўқотишига олиб келади».
(Кениянинг Наиваша шаҳридаги Шининг Стар эшак экспорти қассобхонасидаги эшакларнинг жасадлари.)
Яна бир манбада Кениялик 44 ёшли Моррис Нжеру яқинда сўнгги эшаклари Девид, Мукурино ва Скратчнинг қонга бўялган жасадларини топгани айтади.
Эшак ўғрилари ҳайвонларнинг томоғидан кесиб, терисини шилиб, гўштини калхат ва сиртлонларга қолдирган.
Унинг эшагисиз даромади кунига қарийб 30 доллардан 5 долларгача камайди. У энди кичик мулкни ижарага олиш учун олган кредитини тўлай олмай, болалари таълимидан хавотирда. «Менинг ҳаётим бутунлай ўзгарди», деди у, – «Мен оиламни шу эшаклар билан боқаётгандим.»
Дарҳақиқат, Нжеру ва бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар учун эшаклар озиқ-овқат, сув, ўтин, маҳсулотлар ва одамларни ташишнинг асосий воситасидир.
Хитойга кириб келаётган эшак терилари Қирғизистондан, Бразилиядан Мексикагача турли манбалардан келади. Aммо Aфрика ўлдирилган эшаклар сони ва маҳаллий жамоаларга таъсири бўйича савдонинг маркази бўлиб қолмоқда.
Қурғоқчиликдан азият чеккан кенг тропик саваннада жойлашган Нгувиранинг қишлоқ аҳолиси бир йил ичида 475га яқин жониворларини йўқотган. Эшакдек ишчи кучи ўрнини боса олмаётган одамлар ҳамон нима қилишни билмай юрибди.
«Энди биз ҳаммамиз бахтсизмиз, чунки транспорт воситаларимиз, ҳайвонларимиз йўқ бўлиб кетди», деди фақат бешта эшагидан биттаси қолган Катаси Моко.
Эшак эгалари ва Кения ветеринария ассоциацияси шаҳарларда, жумладан Найробида норозилик намойишлари ўтказди. Нжеру ва мингдан ортиқ ўғирлик қурбонлари Кениянинг саноатни тартибга солувчи Қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва балиқчилик вазирлигига петицияда эшак териси савдосини зудлик билан тўхтатишга чақирдилар.
«Одамлар эшакларимизни ўғирлашмоқда ва сотишмоқда, ҳукумат буни тўхтатмаяпти», деди Нжеру. «Мен полицияга хабар бердим, лекин улар ҳеч нарса қилишмади.»
Декларация, қарор...
2022 йил декабр ойида Танзанияда бўлиб ўтган Пан-Aфрика эшак конференцияси Aфрика Иттифоқи Aссамблеясини келгуси 15 йил ичида тери экспортини тақиқлашга чақирган декларацияни эълон қилди. Бу ташаббус Aфрика Иттифоқининг саммитида ниҳоят амалга оширилди.
Нафақат Aфрика мамлакатлари, балки 2022 йил Бразилия бўйлаб эшакларни сўйишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Aвваллари Бразилия эшак териси ва гўштини асосан Осиё мамлакатлари минтақаларига экспорт қилинар эди.
Эшак териси савдоси масаласи сўнгги йилларда, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда аста-секин жаҳон эътиборини тортмоқда.
Жониворлар терисига бўлган талабнинг ортиб бориши, уларни нафақат назоратсиз сўйиш, балки қийнаш ва шафқатсизликни ҳам оммалаштирди. Эшак нафақат ҳайвон, балки бутун бошли оиланинг таянчи ва ҳаётининг бир қисми. Шунинг учун, ҳайвонлардан фойдаланишда инсонпарварлик, назорат ва барқарорлик асосий мезон бўлиши шарт.
Тери учун эшак сўйиш – бу шунчаки ҳайвон ўлими эмас. Жониворни гўшти ва териси учун сўйиш, шафқатсиз муомала охир-оқибат инсон юкни ўз елкасига олишга мажбур бўлиши, бу фақат ҳайвоннинг эмас, инсон қадрининг ҳам пастга тушиши демак.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter