Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди бизда ҳам йўлнинг барча «касал»ини айтиб берадиган ускуналар бор

Энди бизда ҳам йўлнинг  барча «касал»ини айтиб берадиган ускуналар бор

Яқин-яқингача Ўзбекистон автомобиль йўллари қўмитаси ҳақида жуда кўп маълумотларга эга эмас эдик. Аммо яқинда фаолият бошлаган мазкур қўмита ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева ташаббуси билан уюштирилган пресс-тур кўпчилик журналистлар учун фойдали бўлди.

Дастлаб автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институтида йўлларни диагностика қилувчи, яъни йўллар сифатини аниқловчи замонавий техникалар билан танишдик. Мутахассислар томонидан ҳар бир техниканинг бажарадиган вазифаси бўйича атрофлича тушунча берилди. 

Йўллар рақамларда...

Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўллари тармоғининг жами узунлиги 209 минг 496 км.ни ташкил этади. Шунинг 42 минг 869 км, яъни 20 фоизи Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфидаги йўллар ҳисобланади.

Тасарруфдаги бу йўлларнинг 3993 километри халқаро аҳамиятдаги, 14 минг 203 километри давлат аҳамиятидаги ва 24 минг 673 километри маҳаллий йўллардир.

141 минг 882 км, яъни 68 фоизини қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини ташкил этади.

Қолган 24 минг 745 км, яъни 12 фоиз йўл идоравий ва инспекторлик йўллари улушига тўғри келади.

Йўлнинг «касал»ини рентгендек кўрсатиб беради...

Энди мана шу йўлларнинг ҳолати очиқроғи, «ўпка»сидан тортиб, «жигар»игача қай аҳволдалигини аниқлайдиган ускуналар мавжуд. Айтайлик, Қорақалпоғистондаги йўлнинг носоз жойини Тошкентдан туриб аниқлаш мумкин.

– Бу ускуналар асфальтнинг қалинлигини, қандай қўшилмалар қўшиб асфальт тайёрлаш мумкинлигини аниқлаш имконини беради. Авваллари қўлимизда йўлларни рейка билан қадамба-қадам юриб ўлчаган бўлсак, энди йўлнинг ҳолатини машиналардан тушмай аниқлаймиз. Бу машиналар эса рентген каби йўлларнинг ички ва ташқи «касалликлари»ни компютерга узатади. Яъни, бу ускуналар йўлларни таъмирлаш, уларнинг ҳолати, йўлдаги бўлаётган жараёнлар, келгусида уларни қандай таъмирлаш кераклигини тўлиқ мониторинг қилиш, прогнозлаш қувватига эга. Бу машиналар туфайли иш коэффеценти ошади, – дейди автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш бошқармаси бошлиғи Илҳом Ҳожиев.

«Автойўлинвест» агентлиги томонидани олиб келинган махсус техника ва жиҳозларни хориждан келган мутахассислар бошқаришмоқда, яъни маҳаллий мутахассисларга йўл-йўриқ кўрсатмоқда.

Масалан  Toyota RAV 4 (мобиль сканери)нинг техник имкониятлари бизни ҳам ҳайратлантирди, ҳам янгилик бўлди. Бу қурилма йўл бўйлаб барча маълумотларни олиш орқали йўл тармоғининг рўйхати ва кадастрини яратиш учун мўлжалланган. Ўлчов тизими лазер сканеридан фойдаланади ва масофани GPS ва ГЛОНAСС ёрдамида юқори кўрсаткичларда аниқлаб беради.

Иккинчи яна бир машина MFV MK II Toyota  (мобиль ускунаси). Унинг техник имкониятлари қуйидагилардан иборат: йўл иншоотлари ва уларнинг атроф-муҳитини инвентаризация қилиш имкониятини тақдим қилади, ҳаракатланиш ва йўлдаги нотекисликлар сифатини ўлчайди, йўл геометрияси ва GPS маълумотларини олади.

FORD F350 эса барча уловлардан кўриниши ва функцияси кўплиги билан ажралиб турибди: дефлектометр ускунасида – йўл қопламасининг физик хоссаларини баҳолайди, георадар – асфальт қопламаларининг баландлиги ва тузилишини таҳлил қилиш, шунингдек, ер ости коммунал тармоқлари мавжудлигини текширади.

Яна бу машинанинг орқасида ишқаланишни ўлчаш мосламаси ҳам жойлашган – юзаки ишқаланиш ва сирпаниш қаршилиги кўрсаткичларини ўлчайди. Бунда машина баллонига асфальтнинг қай даражада ишқаланиши, тормоз берганда тутиб қолиши ўрганилади...

WIM тизимидаги динамик назорат тарозида йўлдан ўтаётган, тўхтаб турган ёки секинлаштирмаган ҳолда ҳаракатдаги транспорт воситаларнинг оғирлиги ўлчанади. Бу ускуна айнан йўлларни тез абгор ҳолатга келтирадиган, меъёридан ортиқ юк ортган машиналарни аниқлайди ва шундан сўнг керакли жойга маълумот берилади. Чунки 20 тоннадан ортиқ юк машинаси ўтиши мумкин бўлган жойдан 40 тонналик юк машинасининг ўтиши йўлнинг муддатидан олдин яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўларкан.

Автоматик ҳаракат ҳисоблагичлар, яъни йўлларда ҳаракатнинг интенсивлигини ва транспорт оқими таркибини аниқлаш учун мўлжалланган ускуна йўлчиларнинг ишини анча осонлаштирмоқда. Бундан ташқари, Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги йўл корхоналари балансида жами 5 051 та йўл техникалари (автотранспорт – 2 613 та, машина-механизм – 2 438 та) мавжуд.

 Навбатдаги манзил – Янги Ўзбекистон кўчасида «Автойўлинвест» агентлиги томонидан олиб келинган махсус техника ва жиҳозларнинг функционал имкониятлари бўйича тақдимот ўтказилиб, амалий жараёнлари намойиш этилди.

  

Йўл ва йўл бўйлаб барча маълумотларни олиш орқали йўл тармоғининг рўйхати ва кадастрини яратувчи техникаларнинг ҳаммаси рақамлаштирилган бўлиб, йўл ҳолати бўйича маълумотлар қисқа фурсатларда институт базасига келиб тушади.

Ҳатто бу жараёнда журналистлар ҳам иштирок этишди – ҳайдовчи ёнида, анча масофагача йўлларнинг ҳолатини компютер орқали кузатиб боришди.

 Лабораторияда қум, цемент, шағалнинг таркиби ҳам ўрганилади                                        

Кейинги манзилимиз илмий-тадқиқот синов лабораторияси бўлди. Лабораторияларда худди ўсимликлар таркиби ўрганилгандек, ушбу масканда қум, шағал, цемент каби қоришмаларнинг таркиби ўрганиларкан. Лаборатория бошлиғи Салоҳиддин Қурбоновнинг айтишича бу ерда 6 йўналиш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Минтақамиздаги асфальт қоришмалари, уларнинг таркиби ўрганиларкан. Йўлларга органика ва ноорганика маҳсулотлари билан ишлов бериш, кўприклар учун ишлатиладиган қоришмаларни ўрганиш ҳам шу ерда амалга ошириларкан. 40 га яқин тажриба майдонлари қурилибди. Германиядан келтирилган лаборатория жиҳозлари ходимларнинг ишини осонлаштирмоқда. Яқинда илмий ишлар учун ажратилган маблағлар ўз натижасини бера бошлади, яъни камчиликлар аста-секинлик билан барҳам этилмоқда.

Пресс-турдан чиқарган хулосамиз – йўлчилар қурган йўллар элларни-элларга, манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим воситага айланиб бораверади.

                                                                                                                  Барно Султонова

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг