Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Eco Expo Central Asia: Тошкентда илк бор экологик технологиялар кўргазмаси бўлиб ўтади

Eco Expo Central Asia: Тошкентда илк бор экологик технологиялар кўргазмаси бўлиб ўтади

19–21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти яшил инновациялар марказига айланади: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу шунчаки кўргазма эмас – барқарор келажак йўлида глобал экологик ҳамжамият, саноат, давлат ва хусусий тузилмаларни бирлаштирадиган ҳаракатдир.

«Eco Expo Central Asia 2025» кўргазмаси илғор экологик технологиялар, амалиёт ва ечимлар алмашиш учун минтақадаги биринчи ихтисослаштирилган платформадир. Бу ерда ҳамма нарса намойиш этилади: экологиядаги сунъий интеллектдан тортиб сувни тежаш ечимларигача, яшил энергиядан экотуризмгача. Марказий Осиёда илк бор Туркия, Хитой, БАА, Япония, Корея Республикаси, Саудия Арабистони, Германия ва бошқа 25 дан ортиқ давлатдан экспонентлар иштирок этади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан эълон қилинган «Атроф-муҳитни асраш ва »яшил иқтисодиёт» йили доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ташкил этилмоқда. Бу мамлакатимизнинг экология соҳасидаги миллий ва халқаро фаоллиги ошиб бораётгани, экологик ислоҳотлар кучайтирилаётгани ва дунёнинг етакчи давлатлари билан ҳамкорлик мустаҳкамланаётганидан далолатдир.

Кўргазма иштирокчилари учун Eco Expo нафақат ўзларининг яшил ташаббусларини намойиш этиш, балки янги бозорларга чиқиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, экологик инновациялардан илҳом олиш ва глобал экологик тенденциянинг бир қисмига айланиш имкониятидир. Бу ерда бизнес учрашувлари, тақдимотлар, экспертлар панеллари, шунингдек, стартаплар ва экологик лойиҳалар тақдимотлари бўлиб ўтади.

Кўргазмада Ўзбекистоннинг яшил ташаббуслар илгари сурилаётган ҳудудлари, барқарор амалиётни фаол жорий этаётган вазирлик ва идоралар, экологик фикрлашни ўргатувчи саноат таълим муассасалари, экомаршрутларни таклиф этувчи туристик жойлар ва бошқалар намойиш этилади. Қуйидаги бўлимларга алоҳида эътибор қаратилмоқда: яшил шаҳарлар, тоза технологиялар (clean-tech), экомолия, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шунингдек, яшил транспорт ва ободонлаштириш.

Асосий кўргазмадан ташқари меҳмонларни экспертлар ва соҳа етакчиларининг тақдимотлари, мамлакатнинг табиий меросига бағишланган видеотанлов ва фотокўргазма, Ўзбекистон экологияси ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиши, табиат ва инсон уйғунлигини акс эттирувчи бадиий кўргазмалар кутмоқда.

«Eco Expo Central Asia 2025» — Марказий Осиёдаги энг муҳим экологик тадбирнинг бир қисмига айланиш учун ноёб имкониятдир. Уч кун давомида кўргазма минтақанинг экологик кун тартибини ўзгартиришга, барқарор ва экологик тоза технологиялар соҳасида тадбиркорликни ривожлантириш учун янги истиқболларни очишга имкон берадиган платформага айланади.

https://ecoexpo.uz/ ҳаволаси орқали стендни олдиндан банд қилиб, экокўргазма иштирокчисига айланишингиз мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг