Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Сув адолатли тақсимланади» (видео)

2020 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланган эди. Орадан бир йил вақт ўтди. Демак, белгиланган топшириқлар ижроси билан қизиқсак ҳам бўлади.

Хўш, электрон ҳукуматни ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётга ўтиш бизга нима беради? Буни ҳар бир давлат ташкилотида амалга оширилиб, жорий этилаётган лойиҳалардан ҳам билиш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги бизнинг энг эътибор марказимизда турувчи тармоқлардан бири. Бу соҳа ривожланса, бозорларимиз, хонадонларимизда тўкин-сочинлик бўлади. Маҳсулотларимизни чет давлатларга экспорт қиламиз. Деҳқон ва фермерларимиз яхши даромад топади. Демак, бизнинг биринчи ташрифимиз Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бўлди.

Бугун қарорда белгиланган давлат дастури доирасида нима ишлар қилинмоқда? Бу ҳақда Вазирликнинг Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фозил Тешаев билан суҳбатлашамиз.

– Агросаноат соҳасида ягона интеграцион платформа жорий этилаётганини эшитдик. Айтинг-чи, у орқали қандай жараёнлар амалга оширилади?

– Ҳақиқатан, ҳозирги кунда агросаноат соҳасида ягона интеграцион платформа ташкил этиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Мазкур платформа қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш, турли идораларнинг ахборот тизимларини бир жойга жамлаган ҳолда асосий кўрсаткичларнинг мониторингини юритиш ҳамда зарур қарорлар қабул қилиш имконини беради. Айни кунларда платформани ташкил этиш бўйича архитектор консалтинг компанияни танлаш, Жаҳон банки томонидан молиялаштириш билан боғлиқ ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

– ArcGIS дастурий таъминоти ҳақида ҳам маълумот берсангиз. У нима?

– Эндиликда қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида уларнинг рақамли харитаси ишлаб чиқилиши, экин тури, ҳолати ҳамда техник ишлов бериш жараёнларини мунтазам кузатиб бориш учун ҳар бир контурнинг геоахборот маълумотлари яратилади. Бу лойиҳа ArcGIS дастурий таъминоти дейилади.

Ҳозирда геоахборот тизимига киритиладиган маълумотлар тўплами, уларга ишлов бериш орқали кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ҳамда тизимни жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиляпти.

– Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида амалга оширилган лойиҳаларга ҳам қисман тўхталсангиз. 

– Ҳозирги кунда «Давлат синовларидан ўтган, импорт қилинган ва республикада ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги ва мелорация техникаларнинг ягона давлат реестри» ахборот тизимини ишлаб чиқиб, синов тариқасида ишга туширганмиз.

Мазкур тизим қишлоқ хўжалиги ва мелорация техникалар тўғрисида маълумотларни сақлайди. У орқали фермерлар ўз техникаларини синовдан ўтказиш жараёнида қулайликларга эга бўлишади. Шу вақтгача улар бу масалани ҳал этиш учун тегишли идораларга бир неча бор қатнашга мажбур эдилар. Эндиликда улар қимматли вақтини бекорга кетказмай, электрон ариза бериш ва навбати келганда тезда кўрикдан ўтказиш имкониятига эга бўладилар.

– Шу вақтгача биз субсидияни асосан уй-жой олиш, таъмирлаш ишлари учун ажратилади деб билардик. Буни қарангки, қишлоқ хўжалигида ҳам субсидия бериш тартиби бор экан. Сизнинг йўналишингиздаги субсидия кимларга ва нима мақсадда ажратилади?

– Ҳақиқатан, аграр соҳада ҳам субсидия бериш тартиби бор. Ягона интегратор «UZINFOCOM» МЧЖ томонидан аграр соҳада ажратиладиган субсидиялар ягона давлат ахборот тизими ишлаб чиқилиб, биринчи босқичда унинг сув хўжалиги қисми ишга туширилди. Хўш, мазкур тизим нима беради?

Мисол сифатида тушунтирадиган бўлсам, биламизки, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти. Уларни қўллаган фермерларга эса ҳукумат қарорида сарфлаган харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш топшириғи белгилаб қўйилган. Аммо субсидияни олишдаги ҳужжатлаштириш жараёни кўпчиликка қийинчилик туғдиради. Энди бунга берҳам бериш мақсадида ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш автоматлаштирилган онлайн шаклга ўтказилиб, ахборот тизими орқали амалга оширилади. Ҳозирда лойиҳа пилот ҳудудда синовдан ўтказиляпти.

– Фермерлар ишини енгил қиладиган яна қандай янги лойиҳалар бор?

– Катта лойиҳаларимиздан бири Сув ресурсларини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш бўлиб, ҳозирги кунда унинг устида ишлаяпмиз. Бу борада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» ДМ ҳамда «ITU Uniservices» МЧЖ («RUBICON» компаниясининг Ўзбекистондаги расмий ҳамкори) ўртасида шартнома имзоланишига эришилди.

Бу лойиҳа Қишлоқ хўжалиги ерларида сув тақсимотини тўғри ва самарали бошқариш имконини беради. Яъни каналдан сув олувчи фермерларга сувни адолатли тақсимлаш, қайси йўналишга қачон, қанча сув очилишини масофадан кўриш ва бошқариш мумкин бўлади.

Бугунги кунда ушбу лойиҳа Қашқадарё вилоятида синов тариқаида йўлга қўйилиб, Миришкор канали (3,6 км), Қамаши канали (10,2 км), умумий узунлиги 13,8 км, 6500 га суғориладиган ер майдонида 43 млн. литрлик сувга бўлган талаб қондирилади. Бунда:

  • композит материаллардан ишлаб чиқилган ва ташқи таъсирга ўта чидамли шлюз ва автоматик қурилмаларни ўрнатиш;
  • cув ресурсларининг иқтисод бўлиши, сув тежамкорлигини 70 фоизгача етказиш;
  • ирригацион каналлар орқали экинларга сув етказиш даражасини
    37% дан 90% гача ошириш;
  • сув ресурсларини бошқаришнинг барча тизимларини автоматлаштириш кўзда тутилмоқда.

– Соҳада «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича нима ишлар қилинди?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 5 октябрдаги Фармонига мувофиқ Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг ягона давлат реестрининг интеграциялашган ахборот тизими ишлаб чиқилиб, синов тариқасида ишга туширилди (reestr.agro.uz).

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишишнинг ягона ахборот тизими ишлаб чиқилди ва синов тариқасида ишга туширилди (subsidiya.agro.uz).

Ҳозирги кунда Қишлоқ хўжалиги вазирлигида телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш, ijro.gov.uz тизимини тўлиқ жорий этиш, Очиқ маълумотлар (data.gov.uz) порталига маълумотларни тақдим қилиш орқали Вазирликнинг рақамлаштириш кўрсаткичларини яхшилаш чоралари каби қатор вазифалар устида ишлар олиб борилмоқда.

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг