Чорвоқда гидроцикли билан икки кишининг ўлимига сабаб бўлган шахсга ҳукм ўқилди
Жорий йилнинг 20 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Чорбоғ сув омбори»да гидроцикли билан икки кишининг ўлимига сабаб бўлган 19 ёшли Қ.Ф.га нисбатан жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани судида ҳукм ўқилди.
Суд тергови баённомасида қайд этилишича, Қ.Ф. 2024 йил 20 июль куни соат 13:30 ларда гидроциклни ижарага олган ва амалдаги талабларни бузган ҳолда тегишли ҳужжатларсиз бошқариб, сув омборнинг «Бурчмулло» дам олиш пляжи қисмида рухсат этилган 10 км/соат тезликдан юқори (40 км/соат) тезликда ҳаракатланган. Натижада фуқаролар О.И. ва А.А. бошқариб кетаётган катамаранни уриб юборган. Бу вақтда эса фуқаролар – С.А., Ж.А. ва З.У.лар мазкур катамараннинг орқа томонига осилган ҳолатда келаётган бўлган.
Ушбу дарё-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар фуқаро – С.А. ва Ж.А.лар воқеа жойида вафот этган. З.А. эса енгил тан жароҳати билан шифохонага мурожаат қилган.
Судланувчи Ф.Қ. судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, эҳтиётсизлик оқибатида йўл қўйган қилмишидан пушаймонда эканлигини билдирган.
Жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакиллари судда судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, қасддан қилмаганлигини инобатга олган ҳолда, имкони бўлса уни қамоқдан чиқариб юборишни айтиб кўрсатув берган.
Суд, судланувчи Ф.Қ. нинг содир этилган жиноятини Ўзбекистон Республикаси ЖК 260-моддасининг 3-қисми «а» банди билан тўғри малакаланган ва ушбу моддалар бўйича айбдор деб топди.
Унга ЖКнинг ушбу моддаси билан 3 (уч) йил озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter