Бухоро прокурори 6 ёшли бола акаси томонидан қийноққа солингани ҳақида гапирди
Яқинда Бухорода бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят кенгаши 94-сессиясида янги тайинланган прокурор Улуғбек Ҳамдамов ўз маърузасида Бухоро шаҳрида ўз акаси томонидан 6 ёшли бола қаттиқ қийноқ остида тиланчиликка мажбурланганини маълум қилди.
«Конституциямизнинг 77-моддасида давлат етим ҳамда ота-она қармоғидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш, уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлаши белгилаган. Бироқ, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга масъул бўлган идоралар ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганликлари оқибатида бу борада бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Нотўғри маълумотлар берган 125 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Булар орасида 73 нафари маҳалла раислари, 52 нафари таълим муассаса раҳбарлари», — деди Бухоро прокурори.
Улуғбек Ҳамдамовнинг билдиришича, Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Н.А. такроран ўғирлик жинояти учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Унинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди қаровсиз қолиб кетгани ҳақидаги маълумотлар Олимхўжа маҳалласи фуқаролар йиғини раиси томонидан яшириб келинган. Вилоят прокурори бу каби ҳолатларни бошқа маҳаллалар мисолида ҳам кузатиш мумкинлигини айтиб ўтди.
Таъкидлашича, васий ва ҳомийларнинг ўз мажбуриятларини бажариш аҳволи васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан бирор марта ўрганилмаган. Оқибатда вояга етмаганлар қаровсиз қолиб, ачинарли ҳолатда жиноят қурбони бўлишган.
Ҳолатга кўра, фуқаро И.Қ. Бухоро шаҳар ҳокимининг қарори билан 6 ёшар ўгай укаси А.Қ.ни ўз васийлигига олган. Уни тарбиялаш, руҳий-маънавий, ахлоқий камол топтириш ўрнига уни тиланчилик қилишга мажбур қилиб келган. Уни муттасил равишда уриб, оловда қиздирилган ошхона қошиғи билан тана аъзоларини куйдириб, тан жароҳати етказган.
«Ушбу ҳолат юзасидан И.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси, 2-қисми билан у эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинди ва унга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди», — деди Улуғбек Ҳамдамов.
Бундан ташқари, вилоят прокурори воя етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидан қайтган 48 нафар вояга етмаган шахсни келгусида қаровсиз ва назоратсиз қолиши, улар томонидан ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этилишининг олдини олиш ва жиноят қурбони бўлишининг олдини олиш бўйича ҳам амалий профилактик тадбирлар ўтказилмаганига тўхталди.
«Мазкур марказга вояга етмаган, онаси Россия Федерациясида бўлган М.Ш. исмли қизнинг жойлаштирилганига беш кун бўлган бўлса-да, масъул ходимлар кўзланган натижага эришилганини ўрганмай туриб, уни онасининг кафиллигига уйига юборишган. Вазирлар Маҳкамасининг 490-сонли қарорига кўра, марказда вояга етмаганлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш натижасига эришгунга қадар 45 кунгача сақланиши белгиланган. Афсуски, марказдан уйига қайтиб келганидан икки кун ўтиб, назоратсиз қолган 14 ёшли вояга етмаган қиз жинсий турдаги жиноят қурбони бўлган. Гарчи ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган бўлса-да, бу каби вояга етмаган қизларнинг келгусидаги тақдири барчани бирдек ташвишга солиши шарт ва зарур», — деди вилоят прокурори.
Айни кунларда вилоятда вояга етмаганларнинг назоратсиз ва қаровсиз қолишларининг олдини олишга қаратилган ишлар прокуратура органлари томонидан алоҳида назоратга олиниб, қатъий тартибдаги амаллар бажарилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 февралида Бухорода янги прокурор тайинланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter