Болалари тортиб олинган ит ёхуд юмшоқ кўрпа, ўйинчоқлар, пиширилган товуқ
Қуёш ўйнар жавдар хирмонда,
Чипталарда нури тилла ранг.
Болалади она ит тонгда,
Етти кучук туғди малларанг.
Ювиб-тараб тиллари билан,
Оқшомгача эркалади у.
Она итнинг иссиқ бағридан
Қор устида эриб оқди сув.
Рус шоири Сергей Есениннинг ушбу шеърини ўқувчилигимда ўқиганман. Эҳтимол, шу шеър орқали кўпчилик болаларда ҳайвонларга нисбатан шафқат уйғонгандир. Эҳтимол, қаҳри қаттиқ болалар – бўлғуси оталар бу шеърни ўқимаган иккичи болалардир. Эҳтимол, шоирнинг ушбу шеърни ёзишига болалигида кўрган қайғули воқеалар сабаб бўлгандир.
Болаларнинг аксарияти ёшлигида ўзининг дўсти – ҳайвони бўлишини истайди. Ўша истак вақтида қондирилса бола умрбод ҳайвонга меҳрли бўлади, агар вақтида қондирилмаса ёки боланинг олдида катталар ҳайвонларга озор берса, улар ҳам кейинчалик катталар қилган ёвузликни қайтаради. Шеър одам тасаввур қила олмайдиган ва бир вақтнинг ўзида табиийдек қабул қилган ёвузлик ҳақида...
Оқшом пайти, товуқлар энди
Қўноғига тизилишган дам,
Уй эгаси хўмрайиб келди,
Қопга солди еттовини ҳам.
Шўрлик она чопди кетидан,
Узоқ-узоқ қувлаб борди у.
Муздек терлар оқиб этидан,
Аччиқ-аччиқ увлаб борди у...
Шеър яна ОНА итнинг изтироблари ҳақида. Биз ҳайвонларда ҳам худди инсон онасидек оналик инстинкти борлигини унутиб қўйганмиз. Зеро, ривожланган давлатлар аллақачон ҳайвонлар ҳам ҳис-туйғуларни бошидан кечиришини исботлаган бир пайтда, биз ҳамон уларни азоблаш билан бандмиз.
Хорижлик ветеринар – шифокор Линда Саймон: «Итлар одамлар ўйлаганидан кўра ақллироқ ва буни инкор этиб бўлмайди. Улар айбдорлик, қувонч, умидсизлик ва қайғу каби ҳис-туйғуларни бошдан кечиришлари мумкин. Мисол учун, ҳаммамиз итнинг танбеҳ берганимиздағамгин кўзларини кўрганмиз ёки мушук уларнинг овқатига чангсолганида нигоҳида қисқагина жирканиш ифодасига гувоҳ бўлганмиз. Ҳатто вафот этган эгаларининг қайтишини садоқат билан кутган итлар ҳақида маълумотлар бор. Улар нимадир ҳақида ўйлашаётгани аниқ...»
Ҳа дарвоқе, эгасини бир умр кутган Хатико эсингиздадир. Эгасига нисбатан соғинчни, қўмсашни ҳис қилган ит болалари ундан тортиб олинганда қай аҳволга тушаркин?
Ботқоқлардан кечиб ўтди лой,
Оёқлари толди, уринди.
Қайтар экан том устида ой,
Боласига ўхшаб кўринди.
Шўрлик яна боласин сўраб,
Кўкка боқиб увлади хаста.
Янги ой ҳам аста ғилдираб,
Тушиб кетди уфқдан пастта.
Бечорани эрмаклаб, кулиб,
Нон ўрнига отишгандек тош,
Ит кўзидан юлдузлар бўлиб,
Қорга оқди томчи-томчи ёш...
***
Бир қишлоққа тўйга бордик. Машинани тўй эгасининг қўшнисиникига қўйдик. Шунда елинлари кўриниб турган, тумшуғини олд оёқларига қўйиб ётган, бефарқ ит эътиборимни тортди.
«Вой кучугингизнинг боллари боракан-а», дедим уй бекасига.
Салом-аликни қуюқ қилган, ҳар сўзида «Худога шукр» айтишдан чарчамайдиган аёл: «Ҳа туққанийди, кўзи очилмасдан ташлаб келдик болларини», – дея жуда бемалол айтди бу гапни. Мен ғалати аҳволга тушдим. Бу ишининг қанчалик ваҳшийлик эканини уқтиришдан фойда йўқлигини англадим, аммо жим кетишни ҳам истамадим: «Она – аёл чақалоғини ярим кун эмизмаса, бола туққансиз буни биласиз, кўкраги тошдай қотади, сут оқади, бир, икки кун эмизмаса сут қотиб оғриқ азоб беради, боладан онани олиб қўйса она ўзини қўярга жой тополмай дунё кўзига қоронғу кўринади, бу ит ҳозир шу оғриқларни, шу ҳисни бошидан кечираяпти. У тушунмаяпти, боллари қаёққа кетди ва нега йўқ энди улар. Бизга шундай ёвузлик қилишса дод соламиз, дилозордан қочамиз, хафа бўламиз. Аммо бу сизга шу қадар содиқки қилган ёвузлигингизга қарамай уйингизни қўриқлайди». Аёл гапларимдан ғалати бўлди...
Она кучук ҳақида ёзилган ушбу постдан кейин бу аёллар гуруҳида ҳам муҳокама бўлди. Чунки оналар ушбу она итнинг туйғуларини ҳаммадан ҳам кўра чуқурроқ англайдилар:
Ойдин Тожиева: – Мен яшайдиган шаҳарда (Туркия) кўча ҳайвонларини сақлайдиган махсус жойлар бор. Эрта баҳорда кўчамизда бир кучук болалаган эди. «Мерия» ҳайвонлар бошпанасининг хизматчилари кучукчаларни ўша жойга олиб кетишди. Онани эсатопиша олмаган. Она кучук қайтиб келиб, кечалари увиллаб йиғлаб чиқарди. Шунда бир араб миллатига мансуб қўшним чидолмасдан, раҳми келиб она кучукни болаларининг олдига олиб кетди. Савобнинг жуда зўрини олдингиз, деб дуо қилгандик ўшанда ҳамма қўшнилар.
Ҳабиба Ибрагимова: – Болалагимда, момомнинг ити болалади, ёмғир ёғаётганди, биз уни болалари билан отхонага кўчирдик, иситдик, эски кўрпачалар тўшадик, ҳар бирига исм қўйдик. Ва биз ўзимизча чиройли-чиройлиларини танлаб олдик, катта бўлса шаҳарга олиб кетамиз дея. Икки, уч ҳафтадан кейин борсам момом опаларига ва бошқа қариндошларга кучукларимизни бериб юборибдилар. Шунақа тўполон қилиб йиғлаганман...
Шаҳноза Ҳакимова: –Уйимиз ёнида ҳали битмаган хонага бир ит туғибди – бешта. Бирам ширинки. Итнинг бўйнида ипи ҳам бор, эгаси бу ерда туғмасин деб қўйиб юборган шекилли. Ҳозир шунга дадам билан бирга қараяпмиз. Болаларининг кўзи очилмаган. Очилса одамларга боқиб олишга берамиз, биттасини ўзимиз ҳам боқиб олмоқчимиз...
Шафоат Камолиддинова: –Уйимда учта, кўчамда саккизта эгасиз ит, хонадонимда бешта мушук, кўчамизда ўн бештадан ортиқэгасиз мушукларимиз бор. Ҳар йил эмлатаман, қўшниларимиз билан боқамиз. Аллоҳ учун хар бир жонзот уммат ҳисобланади. Афсуски,юқоридаги хатолар кўпроқ ота-она тарбиясидан келиб чиқади. Онам раҳматли кўчада ташлаб кетилган ит-мушук бўлса олиб келардилар ва бу меҳр биз фарзандларга ҳам ўтган. Карантин пайти кўчадаги ҳайвонларни боқдим, тўхтаб қолган ишларим олдинга юришиб барака кирди хонадонимизга. Афсус, орамизда ваҳшийлар кўпайиб кетди. Аллоҳ инсоф берсин. Бизда жазо кучайтирилмаса бунақа ваҳшийлар кўпайса кўпаядики камаймайди.
Гули Иргашева волонтер: – Менга худди шундай кўзи очилмаган ит болларини олиб келишганида икки ой сўрғич орқали сут бериб катта қилганман. Уйқусиз кечалар... ўзим зўрға девор ушлаб юрганман, чунки ҳар 40 дақиқада уйғонарди. Иккита эди, ундан ташқари яна сал каттароқ(онасини ўлдиришган)кучук болачалари бор эди, жами 11та. Қолган мушукларимни гапирмай қўя қолай... Агар шу изоҳимни ўқиб турганлар орасида ҳайвонларга ёрдам беришни хоҳлаганлар бўлса биз хурсанд бўламиз. Сафимизга қўшилинг, ҳар кун биз машина урган, одам хафа қилган, ташлаб кетган, касал бечораларга ёрдам берамиз...
Ҳайвонларга ёрдам берадиган одамларнинг доимо иши юришгани, ғойибдан раҳматлар ёғилгани ҳақида жуда кўп мисолларни келтиришмиз мумкин, аммо уларга ваҳшийлик қилиш ҳам ҳеч қачон жавобсиз қолмас экан:
Дилором Ражабова: – Афсус...катта гуноҳга қолибди...Бир қўшнимиз худди мана шу ишни қилган, яъни ити болалаган заҳоти болачаларини олиб бориб йўқотар эди. Шу қўшнимизнинг 3нафар фарзандлари бор эди. Кўз ўнгимизда 18 ёшли қизи ўзини каналга ташлаб нобуд бўлди, 40 ёшга кирмай бир ўғли қанақадир касалликдан ўтиб қолди, яна бир ўғли 15 йиллар бўлиб қолди, аравачага михланиб қолган...
Мақолани ёзиш асносида ҳайвонларнинг ҳис-туйғулари, улардан болалари олиб қўйилганда бошидан нималарни кечиришларини билиш мақсадида интернетдан манба қидирдим. Ҳайвонларга мунорсабат бўйича ҳам биздан анча олдинга илгарилаб кетган хориж манбаларидан саволимга жавоб тополмадим. Чунки уларда кўзи очилмаган кучук болаларини ажратиб олишдек воқеа деярли учрамайди ва ўрганилмаган. Аммо 3-4 ойлик болаларини хонадонларга тарқатишнинг ҳатто тўғри эмаслиги ҳақида жуда кўп мақолаларга дуч келдим. (Бу энди алоҳида мавзу.)
Хориждан излаган манбалар орасидан кучук боласини тириклай кўмган ҳақидаги хабарларни топа олмаган бўлсам-да биз тасаввур қила олмайдиган меҳрга тўла воқеаларга дуч келдим...
Венди Тиббетс: «Яқинда ўн бир ёшли кучугимизни «ухлатдик»яъни «қўйиб юборишга» мажбур бўлдик. У сўнгги бир ярим йил давомида белидан паст – умуртқа поғонаси инсулти билан яшади, яъни фалаж бўлди. Биз унинг қолган умрига ажойиб ҳаёт билан таъминлаш учун ҳамма нарсани қилган бўлсак-да, кичик шериги билан далаларда бемалол югура олмади.
Грифон чиройли ит эди. Юмшоқ, меҳрибон ва жуда ёқимтой. У туфайли мен мигренни (кучли бош оғриқ) йўқотдим ва у менга кўп йиллар давомида тасалли берди. Итим инсулт бўлгандан кейин мен унинг «ҳамшираси» бўлиш навбатим келганини ҳис қилдим. У шунчалик ғайратли ва яшаш учун ҳаракат қилардики, биз дори билан ҳаётини тугатишга мажбур бўламиз, деб ўйламагандик. У ҳар доим яхши, қулай юмшоқ кўрпаси борлигига ишонч ҳосил қилган.Унга жуда кўп қучоқлаш ва меҳр бердим. Товуқ ва гуруч, омлет (сабзи, қовоқ ва бир оз нўхат), баъзида оддий музлатилган йогурт берардим.
Бур куни унинг жуда эринчоқ бўлиб қолганини билиб қолдим. Одатда хонага кирганимда у бошини кўтариб, ташқарига чиқаришимизни мамнуният билан кутарди.
Шу кечаси унинг исмини чақирганимда ҳам у менга эътибор бермади. Мен унинг ёнига бориб, кўзларига чуқур қараб оҳиста силаб қўйдим, нимадир нотўғри эканлигини дарҳол англадим. Ярим тунда у оғриқдан аниқ йиғлаб юборди. Кўз ёшларим билан турмуш ўртоғимни уйғотдим ва эртаси куни ишдан таътил сўраб ариза ёздим.
Туни билан дўстимнинг олдидан кетмадим. Бу ўзига хос хайрлашиш бўлди. Эрталаб биз ветеринаримизга қўнғироқ қилдик, у кўз ёшлари билан уйимизга келиб, абадий ухлатадиган дори-дармонларни берадиган ветеринария хизматининг рақамини берди. Биз унинг сўнгги дақиқалари даҳшатли ёрқин ветеринар кабинетида эмас, балки таниш муҳитда меҳрибон одамлар орасида бўлишини хоҳладик. Унга севимли овқати тухум ва товуқни пиширдим... Бу Грифоннинг охирги еган овқати эди. Кейин меҳрибон ва жуда ширинсўз ветеринар аёл келди. Мен йиғлаб юбордим. Шифокор унинг умуртқа поғонасига транквилизаторларнинг биринчи дозасини берди. Дарҳол у оғриқдан қутулди ва ҳатто бироз тетикланди, бу эса менга таскин берди. Кейин ветеринар унинг олд оёғигакатетер қўйди ва тинчлантирувчи дорининг охирги дозаси туфайли итимиз абадий уйқуга кетди...»
Facebookда яқинда бир Польшада яшаётган ҳамюртимиз ишлаётган хонадондаги итларга муносабат ҳақида пост қўйди. Унда таъкидланишича, рак ташхиси қўйилган итни абадий уйқуга кетказиш учун хонадон эгалари жуда кўп баҳслашишибди. Ва майли қанча яшасаям барча шароитларни яратиб берамиз деган фикрга келишибди. У оғриқни ҳис қилмаслиги учун барча муолажаларга тайёрлигини айтишганига гувоҳ бўлибди...
Ушбу постни ўқиб жуда кўп ҳамюртларимиз кулган смайлик қўйибди, кўпчилик ҳайратланибди, яна кўпчилик битта итга шунчаликми дебди, яна баъзилар ҳавас қилибди меҳрли одамларга.
Менинг эса аёл ёзган бир жумла ибора эътиборимни тортди:
«Бизнинг ҳам итларнимизнинг бирор жойи оғрирмикан?»
Ростдан ҳам ярим метр ипга боғланиб уззу кун катагидан чиқмайдиган бизнинг ҳам кучукларимизнинг бирор жойи оғрирмикан? Болаларини кўз ўнгида тириклай кўмиб ташласак, сувга чўктирсак нималарни ҳис қиларкин-а?Итларга юмшоқ кўрпа, ўйинчоқлар, товуқ гўшти, омлет, пиширилган тухум... бермасангиз ҳам майли, сомонхонада болалари билан қунишибгина, ҳеч қандай таъқибсиз, қўрқувсиз яшаш учун имкон беринг, шунинг ўзи етарли уларга...
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter