Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барча тирик мавжудотлар қувиб чиқарилган оролда илонлар қандай кун кечирмоқда?

Барча тирик мавжудотлар қувиб чиқарилган оролда илонлар қандай кун кечирмоқда?

фото: priroda.club

Бразилия қирғоқларидаги бу орол экстремал туризм учун ажойиб курорт бўлиши мумкин. Бу табиати жаннатга монанд жойда ҳамма нарса бор: паст, аммо тик қоялар, қояли қирғоқлар, оролнинг марказидаги зич ўрмон ва энг муҳими, ғайриоддий юмшоқ иқлим ва ёлғиз маёқ тепасидан ажойиб манзараларни кўриш имкони. Лекин афсуски сайёҳлар бу оролнинг қирғоғига қадам қўйиш у ёқда турсин, яқинида сузиб ўтишдан ҳам қўрқишади. Бундан ташқари, оролда умуман аҳоли яшамайди.

 

сурат:priroda.club

Кеймада-Гранди ороли сайёрадаги энг катта табиий серпентариум, аниқроғи илонлар яшайдиган макон (волер). «Геораф ва глобус»нинг батафсил маълумот беришича, бу ерда ҳатто ҳайвонлар ҳам йўқ, чунки оролнинг ягона «аҳолиси» илонлардир. Соҳилдаги маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, оролда уларнинг сони жуда кўп – 1 квадрат метрга 5 та судралиб юрувчилар тўғри келади. Бунга ишониш қийин, албатта, айниқса, олимлар тадқиқотига қулоқ тутсангиз ва уларнинг ташвишланишича, илонлар сони 60% га камайди. Аммо илонлар сони камайгани билан бу орол хавфли бўлиб қолмоқда.

Оролда сайёрадаги энг заҳарли илонлардан бири – найза бошли орол илони яшайди, у кимёвий таркиби бўйича кобра ёки тўмтоқ илон заҳаридан бир неча баробар хавфлироқ бўлган ҳалокатли заҳарга эга. Заҳар шунчалик кучлики, у тишлаган жойда органик моддалар эриб кетади. Бунинг учун зидди заҳар йўқ. Агар илон чаққан одам ўлмай қолса-да, зарарланган ҳудудларни тиклаш учун жуда узоқ вақт керак бўлади.

сурат: оролдаги илонлар (priroda.club)

Бу илонларнинг узунлиги 1,5-2 метрни ташкил қилади, улар чиройли олтин рангга эга (айтмоқчи, оролнинг номи маҳаллий аҳоли тили билан айтганда олтин илонлар ороли деб таржима қилинган) ва бутун оролда – қоялар, тошлар орасида ва ўрмондаги дарахт шохларида яшайди. Яшил ўт-ўланлар остида уларнинг сони шунчалик кўпки, оролнинг чакалакзорларида доимо шитирлаш овоз эшитилади – булар озиқ-овқат излаб, нафақат ўтлар орасида, балки шохдан шохга судралиб юрадиган илонлардир.

Улар бу оролда нима ейишади, ахир бу ерда бошқа ҳеч қандай жонзот йўқку?  Бу илон (Bothrops insularis) асосан кўчманчи қушлар билан озиқланади, яъни қушлар ўзларини кутаётган хавфдан бехабар, хотиржамлик билан дарахт шохларига қўнишади... Ушбу илонлар ҳашаротлар, ноёб амфибиялар ва оролнинг бошқа илонлари билан ҳам озиқланади.

Бир пайтлар судралиб юрувчилар материкда яшаган, аммо бу ўрмончиларга ёқмаган. Улар чакалакзорларни шафқатсизларча ёқиб юборишган ва ботқоқларни қуритишган. Аста-секин одам жонзотлар устидан ғалаба қозонди ва заҳарли илонлар оролдан бошпана топишди. Олимларнинг фикрича, бу орол авваллари тор йўлак орқали материк билан боғланган. Айнан шу орқали илонлар оролга кўчиб ўтган. Узоқ давом этган геологик жараёнлар натижасида йўлак сув остида қолиб кетди ва орол Ботроп-илонларнинг ҳақиқий уйига айланди.

Маҳаллий аҳолига оролдан фойда йўқлиги учун илонлар у ерда қулай яшашган. Бироқ тарихда судралиб юрувчилар ўз ҳудудларини ҳимоя қилишга мажбур бўлган. XIX асрда Бразилия компанияси унумдор ерларда банан етиштиришга қарор қилди. Аммо илонлар қатъий қаршилик билан жавоб беришди – ишчилар оролга қадам қўйишлари билан судралиб юрувчилар томонидан шафқатсизларча ҳужумга учради. Уларни ҳатто қўнжи баланд этиклари ҳам қутқара олмади – Ботроплар юқоридан, зич баргли дарахтлар шохидан ҳужум қилишни жуда яхши билишарди.

Шошилинч равишда ўрнатилган маёқнигина тозалашга улгуришди. Аммо унинг учта қўриқчиси ҳам илон чақиши оқибатида бирин-кетин вафот этди. Кейинчалик маёқ автоматик режимга ўтказилди ва орол яна бўшаб қолди.

Оролни забт этишга XX аср бошларида иккинчи марта ҳаракат қилинган. Бу сафар ишчилар пухта тайёргарлик кўришди ва чақишга чидамли қалин резина матодан костюмлар кийишди. Аммо одамлар иқлимни ҳисобга олишмади – бундай костюмларда ишлаш мумкин эмас эди ва резина ниқоб, бошдаги қалпоққа юрак шунчаки бардош бера олмади. Оролни ёқиш ҳам муваффақиятсизликка учради – тропик ёмғирлар оловни ўчирди. Охир-оқибат, одамлар оролдан воз кечиб, орқага чекинишди. Бразилия ҳукумати Кеймада-Грандини  қўриқланадиган ҳудуд деб эълон қилди ва унга киришга уринишларни тақиқлади.

Энди илондан ҳимоялайдиган ускуналар билан малакали шифокор, илоншунос олимларгина бу ерларга келиши мумкин.

Аммо орол сайёҳлар учун беркитилгани билан расмийлар барибир пул ишлашга муваффақ бўлишмоқда. Илон ороли ҳақидаги миш-мишлар бутун дунёга тарқалиб кетгани сабабли, кўплаб сайёҳлар уни ўз кўзлари билан кўришни орзу қиладилар. Расмийлар улар учун экскурсиялар уюштирадилар. Албатта, ҳеч ким сайёҳларнинг оролга киришига рухсат бермайди, лекин сиз қирғоқ бўйлаб қайиқларда сузиб юришингиз мумкин. Ва бундай масофадан илонларни учратиш деярли имконсиз бўлса-да, қўрқинчли оролни узоқдан кўриш ҳам қизиқарли.

Оролда нафақат расмийлар, балки браконерлар ҳам пул ишлашади. Баъзи манбаларга кўра, битта катта ёшли Ботроп тахминан 2700 долларга баҳоланади. Балки шунинг учундир ёки илонларнинг оролда озиқ-овқат топиши тобора қийинлашиб бораётгани сабаблидир судралиб юрувчилар сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Аммо Кеймада-Гранди – бу заҳарли илонлар яшайдиган сайёрадаги ягона жой. Демак, илонлар билан курашиш эмас, уларни сақлаб қолиш ҳақида қайғуриш керак.  

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг