Болаларнинг ўз ёш тоифасига мос келмайдиган томошабоп тадбирларда иштирок этиши мумкин эмас (экcперт изоҳи)
Оммавий коммуникация воситалари мониторинги Ўзбекистон Республикаси миллий ахборот маконида ёшлар онгига ва соғлиғига салбий таъсир қилувчи, уларни чалғитувчи ахборотлар тарқатилаётганини кўрсатмоқда.
Жумладан, интернет тармоғида диний-экстремизм ва терроризм, порнография, ҳаёсизлик, шавқатсизлик ва зўравонлик, қиморга асосланган ўйинлар, гиёҳвандлик, алкагол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб қилувчи ахборотларнинг тарқатилиши ҳолатлари йил сайин кўпайиб боряпти. Айниқса, 2017 йилда интернет-ресурсларда ёшлар орасида суиқасд қилишга даъват этадиган ўйинларнинг кенг тарқатилгани кузатилди. Бу ўйинлар Ўзбекистон ёшлари орасига ҳам кириб келгани хавотирли ҳолат, албатта. Ўрганишларда маълум бўлишича, суиқасд қилишга чорловчи онлайн-майдончаларидан дунё бўйлаб 900 мингдан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 600 нафардан кўпроғи ўзбекистонлик ёшлар экани аниқланган.
Ёшларни, айниқса, болаларни бу каби зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш зарурати ўз-ўзидан давр талабига айланди. Шу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ўтган йили «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ишлаб чиқилган ва 9 сентябр куни расман эълон қилинган эди. Мазкур қонунни ишлаб чиқишда йигирмадан ортиқ вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб боришган. Ушбу қонун эълон қилинганидан олти ой ўтиб, 9 мартдан кучга кирди.
Қонуннинг мазмун-моҳияти, зарурати ва аҳамияти нималардан иборат? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот ресурсларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Толибжон Мирзақулов билан суҳбатлашдик.
— Интернет технологиялари шиддат билан ривожланиб, ахборот алмашиш соҳасида давлатлар ўртасидаги чегараларни йўққа чиқарди, — дейди суҳбатдошимиз. — Агар авваллари ахборот маҳсулотлари, ахборот сиёсати тартибга солинган ҳолда амалга оширилган бўлса, ҳозир интернет тармоғидан фойдаланувчилар сони ошиб бориши натижасида ахборот тарқатувчилар учун чегаралар йўқолди. Интернет орқали исталган киши исталган маълумотини топиши мумкин. Албатта, глобал тармоқдаги маълумотларга эга бўлишнинг ижобий томонлари кўп.
Иқтисодиётнинг турли соҳаларини оладиган бўлсак, турли инновацион ечимлар, илмий мақолалар, таълимий йўналишдаги манбаалардан эркин фойдаланиш имкони пайдо бўлди. Бироқ бошқа жиҳатдан қаралса, маълум турдаги ахборотлар борки, улар кичик ёшдаги болаларга зарарли таъсир қилиши мумкин. Бу — жамият олдида янги муаммоли масалаларни келтириб чиқарди.
— Демак, болаларнинг тўғри ривожланишини таъминлашда уларни зарарли ахборотдан ҳимоялаш давр талабига айланди.
— Албатта. Болалар ҳамма ахборотни ҳам тўғри қабул қилиш имконига эга эмас. 2000 йилдан кейинги ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Корея Республикаси ва бошқа қатор давлатларда болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича қонунлар қабул қилина бошланди. Бу қонунлардан асосий мақсад — ахборот таъсирида болаларни тўғри ривожланишдан оғишмаслигини таъминлаш, уларни соғлиғини ҳимоя қилиш, уларни ахборотдан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Бир тарафдан бундай қонунлар уларнинг ҳуқуқларини ҳимояласа, иккинчи тарафдан руҳий ва маънавий соғлиғини ҳимоя қилишга қаратилган.
Бутун дунёда бунга талаб пайдо бўлганидан кейин, бизда ҳам бу масалага алоҳида аҳамият қаратиш зарурати юзага келди.
Ахборот технологиялари тобора ривожланиб бораётган бир пайтда бизда ҳам болаларнинг интернетга боғланиб қолиш ҳолатлари кузатиляпти. Шу сабабдан уларни тўғри йўналтириш, маънавий, ҳуқуқий онгини шакллантириш, руҳий ва жисмоний жиҳатдан тўғри камол топишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишимиз давр талаби бўлиб қолди. Натижада ушбу қонун ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун билан болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш фаолиятини амалга оширувчи ва ушбу фаолиятда иштирок этувчи ташкилот ҳамда органлар, уларнинг ваколатлари, роли аниқ белгилаб берилган. Жумладан, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, деб кўрсатиб ўтилган. Қонун билан таълим йўналишидаги вазирликларга, соғлиқни сақлаш вазирлигига ва бошқа тегишли ташкилотларга ҳам қўшимча ваколатлар, вазифалар белгилаб берилган.
— Болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш қандай амалга оширилади?
— Бу, биринчи навбатда, ахборот маҳсулотларини ёшга доир таснифлашга асосан амалга оширилади. Ёшни таснифлашни аниқлаш бўйича халқаро тан олинган методикалар бор. Ушбу методикаларга кўра, болаларнинг ахборотни қабул қилиш даражасидан келиб чиққан ҳолда, улар бешта асосий тоифага бўлинади.
Биринчи тоифа бу — 7 ёшгача бўлган болалар. Кейингиси 7 ёшдан 12 ёшгача, 12-16, 16-18 ва 18 ёшдан катта бўлган тоифалар. Бизнинг қонунчилигимизда «ёшлар» ва «болалар» деган тушунчалар бор. «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунда «ёшлар» сифатида 30 ёшгача бўлган шахслар белгилаб берилган. «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда эса «болалар» дейилганда 18 ёшгача бўлган шахслар назарда тутилиши кўрсатиб ўтилган. Янги қонунда болалар таснифи шунга кўра асос қилиб олинган.
Аммо бошқа жиҳатини ҳам эътиборга олишимиз керак: бу қонун ҳамма ахборот ҳам ёш тоифасига кўра таснифланиши лозим деган талабни қўймайди.
— Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишда биринчи масала нимадан иборат?
— Ахборот маҳсулотларини ёш тоифаси бўйича таснифлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш пайтида тегишли ёш тоифасини (0+, 7+, 12+, 16+, 18+) жойлаштирган ҳолда тарқатиш масаласи белгилаб бериляпти. Аммо бошқа жиҳатини ҳам эътиборга олишимиз керак: бу қонун ҳамма ахборот ҳам ёш тоифасига кўра таснифланиши лозим деган талабни қўймайди.
Қонуннинг 3-моддасида қонунни амал қилиш соҳаси кўрсатиб берилган ва бу модданинг 2-қисмида «Ушбу Қонуннинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий кимматга эга бўлган ахборот маҳсулотининг айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди» деб белгилаб берилган. Яъни, илмий ахборот бўлса, буни ёшларга зарари бор, деб чеклов таснифи қўйилмайди.
Яна бир ҳолат: бу қонунда «ахборотни таснифлаш», дейилмаяпти. Қонуннинг 4-моддасида асосий тушунчалар келтирилиб, бунда «ахборот маҳсулоти» деган тушунчага алоҳида изоҳ бериб ўтилган. Унга кўра, «ахборот маҳсулоти — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланиш учун мўлжалланган оммавий ахборот воситалари маҳсулоти, босма маҳсулот, ҳар қандай турдаги ташувчилардаги аудиовизуал маҳсулот, дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, телекоммуникация тармоқларига, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган ахборот, компютер ўйинлари, шунингдек томошабоп тадбирлар воситасида тарқатиладиган ахборот» дейилган.
Демак, инсонлар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувлари, икки ташкилот ўртасидаги ахборот алмашинувлари бунга кирмайди. Бу ерда кенг омма мўлжалланган ахборот маҳсулотларини Ўзбекстон Республикасида тарқатишдан аввал ёшлар бўйича таснифлашни амалга ошириш белгилаб берилади.
— Ёшга оид таснифлаш ким томонидан амалга оширилади?
— Бу ҳам жуда муҳим жиҳат. Қонуннинг 17-моддасида «Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) тарқатувчилар томонидан, шу жумладан экспертларни жалб этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш бошлангунига қадар амалга оширилади» деб кўратилган.
Ёшга оид таснифлаш мезонлари ва тартиблари ишлаб чиқилиб, шунга кўра, мисол учун қандай ахборот маҳсулотлари 7 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланади, қайси маҳсулотга 12+, қайси бирига 16+ деган таснифларни жойлаштириш мезонлари белгилаб берилади.
Демак, таснифлашда асосий масъулият маҳсулот яратувчининг зиммасига тушади.
Ахборот маҳсулотини яратган муаллиф ўзи мустақил равишда белгилаб берилган мезонлардан келиб чиққан ҳолда ёш таснифини аниқлайди ва ўша белгини жойлаштирган ҳолда маҳсулотини тарқатади. Бунда фақат кинофилмлар назарда тутилмайди, бу — китоб маҳсулотлари ёки бошқа турдаги маҳсулотлар бўлиши мумкин.
Демак, таснифлашда асосий масъулият маҳсулот яратувчининг зиммасига тушади. Агар эртага кимдир бу ахборот маҳсулоти шу ёш тоифасидаги болаларга тўғри келмаслиги тўғрисида махсус ваколатли давлат органига мурожаат қиладиган бўлса, тегишли ўртаниш-экспертиза ўтказилади. Экспертизада ростдан ҳам таснифлаш ёши тўғри қўйилмагани аниқланса, жавобгарлик маҳсулот яратувчининг чекига тушади. Шунинг учун ҳам агар кимдир ишлаб чиқарган ахборот маҳсулотини нотўғри таснифлаб қўйишдан иккиланса ёки чўчиса, у экспертларни жалб қилиши мумкин.
— Экспертлар кимлар?
— Экспертлар махсус ваколатли давлат органи томонидан ўрнатилган тартибда аккредитациядан ўтган, маълум бир ёшга доир психология, физиология ёки тегишли йўналишларда чуқур билимларга эга бўлган мутахассислар ҳисобланади.
Экспертлар йўналишларга қараб ажратилади. Дейлик, кимдир болалар психологияси ва компьютер ўйинларини яхши билади. У аккредитациядан ўтган ҳолда экспертга айланиши ва компьютер ўйинларини ишлаб чиқарувчилар ёшга доир таснифлашда унга мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Яъни, давлатнинг минимал аралашуви, ахборот маҳсулотларини тарқатишда эркинликни таъминлайди.
Экспертларнинг реестри шакллантилиб, ваколатли орган сайтига жойлаштирилади. Ахборот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар шу реестрдан ўзларига мос экспертларни шартномавий келишув асосида ўз маҳсулотларини таснифлашга жалб қилишлари мумкин. Бу тартиб — шу йўналишдаги либерал сиёсатни белгилаб беради. Яъни, давлатнинг минимал аралашуви, ахборот маҳсулотларини тарқатишда эркинликни таъминлайди. Бу биринчи масала.
Иккинчиси, юқорида айтиб ўтганимиз — ахборот маҳсулоти экспертизаси масаласи. Фуқаролар, жамоат ташкилотлари, ОАВда қайсидир ахборот маҳсулотининг ёшларга зарари ёки нотўғри ёш таснифи ҳақида маълумот бўлса, шу масала юзасидан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига мурожаат қилишлари мумкин. Шунга мувофиқ ахборот маҳсулоти экспертизадан ўтказилади. Буни ўзига хос жамоатчилик назоратининг муҳим тури, десак ҳам бўлади. Экспертиза жараёнида мурожаатда кўрсатилган эътирозлар ҳақли деб топилса, маҳсулот ишлаб чиқарувчисига кўрсатма ва экспертлар хулосаси тақдим қилинади.
— Мазкур қонунда ахборот айланишига доир қандай талаблар қўйилган?
— Ахборот маҳсулотининг айланишига доир талаблар ва хусусиятлар қонуннинг 18-19-моддаларида белгилаб берилган. Уларда бир нечта талаблар кўрсатиб ўтилган. Хусусан, «Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан болаларни ҳимоя қилишни таъминлашнинг маъмурий ва ташкилий чора-тадбирларини, дастурий-аппарат ва техника воситаларини кўлламай туриб, ушбу ахборотнинг жамоат жойларида айланишига йўл қўйилмайди» дейилган.
Жамоат жойларда болаларни соғлигига зарар етказувчи ахборот маҳсулотини фақат ёпиқ ўрамларда тарқатишга йўл қўйилади. Яъни, катта ёшдаги аудиторияга мўлжалланган китоб, журналлар ёпиқ ўрамларда жамоат жойларда тарқатилиши белгилаб берилган.
Мисол учун, жамоат жойларда болаларни соғлигига зарар етказувчи ахборот маҳсулотини фақат ёпиқ ўрамларда тарқатишга йўл қўйилади. Яъни, катта ёшдаги аудиторияга мўлжалланган китоб, журналлар ёпиқ ўрамларда жамоат жойларда тарқатилиши белгилаб берилган. Шунингдек, болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотининг болалар учун мўлжалланган таълим, болалар тиббиёт, санаторий-курорт, жисмоний тарбия-спорт муассасаларида, болаларнинг маданият, дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотларида тарқатилишига йўл қўйилмайди. Болаларнинг ўз ёш тоифасига мос келмайдиган ахборот маҳсулоти намойиш этиладиган томошабоп тадбирларда иштирок этиши ҳам мумкин эмас.
Қонунда белгиланган умумий механизм шулардан иборат. Мазкур қонуннинг кучга кириши билан болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий асос яратилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter