Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жамшид Ниёзов

Олов ёнмаган жойдан тутун чиқмайди.

Нотариусларга аввало савод керак!

Нотариусларга аввало савод керак!

Фото: «700deneg.ru»

Бугунги кунда мамлакатимизда 704 нотариус фаолият юритмоқда. Нотариуслар ҳужжат билан ишлани учун нотариал идорага мурожаат қилмаган фуқаро деярли топилмайди. У тасдиқлаган ҳужжатлар кейинчалик инсон тақдирига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳам нотариус зиммасида катта масъулият бор.

Ана шундан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги томонидан нотариал идоралар фаолиятини янада яхшилаш, улар кўрсатаётган хизматларни оптималлаштириш ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, нотарусларнинг 21 фоизи, амалга оширилаётган барча нотариал ҳаракатларнинг учдан бир қисми Тошкент шаҳри улушига тўғри келиши инобатга олиниб, пойтахтдаги нотариал идоралар фаолияти шаҳар Адлия бошқармасидан бевосита Адлия вазирлиги бошқаруви остига ўтказилди.

Нотариуслар ва нотариал идоралар фаолияти устидан доимий жамоатчилик мониторингини амалга ошириш учун Тошкент нотариал идоралари 11 та секторга бўлиниб, уларнинг ҳар бирида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Аҳоли мурожаатлари, таклифлари ва шикоятлари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилиб, «Facebook» ижтимоий тармоғида «Адлия билан мулоқот» очиқ гуруҳи ташкил қилинди. Нотариусларнинг маҳаллаларда фуқароларни қабул қилиши ва нотариал ҳаракатларни ўша жойнинг ўзида бажариш тизими йўлга қўйилгани натижасида 5 мингдан ортиқ нотариал ҳаракатлар амалга оширилди.

Бироқ яқинда адлия идораларининг 2017 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоби ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган ҳайъат мажлисида нотариат соҳасида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар ҳали ҳам сақланиб қолаётгани айтилди. Фуқаролар билан ишлашда ҳанузгача қўпол муомалада бўлиш, уларни сарсон қилиш, кўрсатилган хизматлар учун ортиқча пул маблағларининг ундирилиши ҳолатлари мавжуд. Бундай камчиликларга йўл қўйганлиги учун 229 нафар нотариат ходимига нисбатан кескин чоралар кўрилган. Айримлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Нотариат тизимида тартибга солиниши керак бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар таҳририятимизга келаётган мурожаатлар, юртдошларимизнинг билдираётган фикр-мулоҳазаларида ҳам акс этаётир. Ана шулардан бири нотариусларнинг саводи билан боғлиқ.

«Нотариат тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик ўйича камида уч йил иш стажига эга бўлган, шу жумладан, нотариал идорада камида икки йил муддатли стажировкани ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси малака имтиҳонини топширган шахслар ўртасида танлов ўтказади. Уни ўтказиш тартиби «Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом билан белгиланади. Низомга мувофиқ танлов икки босқичда ўтказилади: биринчи босқич тест синови, иккинчи босқич эса ёзма-оғзаки имтиҳондан иборат. Танловнинг биринчи босқичида талабгорларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий, хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билим даражаси, иккинчи босқичида эса касбий билимлари аниқланади. Иккинчи босқич ёзма имтиҳон ва оғзаки суҳбат шаклида ўтказилиб, талабгорлар бешта саволга ёзма равишда жавоб ёзиши ва уларни комиссия аъзоларига оғзаки равишда гапириб бериши керак.

Танлов натижасига кўра, энг кўп балл олган талабгор танловда ғолиб деб топилади ва у билан меҳнат шартномаси тузилиб, нотариус лавозимига тайинланади. Амалдаги тартибнинг қисқача мазмуни шундан иборат.

Ушбу масалага бежиз тўхталмадик. Фикримизча, нотариус лавозимига тайинлаш бўйича ўтказиладиган танловга талабгорлардан диктант олишни киритиш масаласини кўриб чиқиш керакка ўхшайди. Ҳа, айнан диктант! Чунки нотариал ҳужжатларда учраётган имловий-услубий хатолар лавозимга тайинлашдан олдин нотариусларнинг саводини ҳам жиддий текшириш кераклигини кўрсатмоқда.

«Нотариат тўғрисида»ги қонунда нотариат ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Мазкур норма «Давлат тили ҳақида»ги қонунда ҳам ўз аксини топган бўлиб, унинг 24-моддасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланиши айтилади. Кўплаб нотариал ҳужжатларни кўздан кечириб, қонунларимиздаги юқоридаги талаблар қўпол равишда бузиб келинаётганига гувоҳ бўлдик.

Мисол учун. Нотариал идорада тузилган, тасдиқланган, шаҳодатланган аксарият ҳужжатларда «ў», «қ», «ғ», «ҳ» (айрим ҳолатларда «ё») ҳарфлари ишлатилмайди. Буни нотариуслар ва уларнинг ёрдамчиларининг компьютердан яхши фойдаланишни билмаслигига йўяйлик десак, «Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, лавозимга тайинлашдан олдин уларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билим даражаси синовдан ўтказилган. Яъни улар замонавий АКТни пухта билиши, талаб даражасида фойдалана олиши шарт. Демак, юқоридаги сабаб ушбу камчиликни оқлай олмайди.

Шу билан бирга, жумлалардаги ғализлик, сўзлардаги хатолар она тилини ҳурмат қилувчи ҳар қандай кишининг таъбини хира қилиши турган гап. Келинг, шу ўринда ҳужжатлардан сўма-сўз кўчирилган айрим жумлаларни эътиборингизга ҳавола этсак.

«инвентарь баХоси 2.795.2000 (икки миллион етти юз тўқсон беш минг) сУм бУлиб, ушбу Холатлар Мирзо Улугбек туман туман ер тузиш ва кУчмас мулк кадастри давлат корхонаси томонидан 2015 йил 4 декабрРда берилган маълумотнома билан тасдиқланИди»;

«умумий фойдаланиш майдони 53,14 (эллик уч бутун юздан ўн тўрт) кв.м.ни ташкил этиб — турар жой майдони 27,86 (йигирма етти бутун юздан саксон олти) кв.м. бУлган иккита яшаш хонаси, Хаммом, даХлиз, ошхона, ойнали айвАн, Хожатхона»;

«Узбекистон Республикаси ФуКаролик кодексининг 185-моддасига кУра ушбу шартнома «Тошкент шаХар ер тузиш, рУйхатдан Утказиш ва кУчмас мулк кадастри хизмати» давлат муассасаси Собир РаХимов тумани хизматида рУйхатдан Утказилган пайтдан бошлаб сотиб олувчида мулк ХуКуКи вужудга келади».

«СотилаЕтган хонадоннинг инвертаризацион баХоси 2,067.585 (икки миллион олтмиш етти минг беш юз саксон беш) сУмга баХоладик...»

Қизиғи шундаки, битта нотариал иродага битта нотариус томонидан бир мазмунда тузилган ижара шартномасининг матни, жумлалари турлича. Хусусан, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 10-сонли давлат нотариал идораси томонидан бошқа-бошқа йилларда тузилган хонадон (квартира)ни ижарага бериш шартномаси солиштириб, бунга амин бўлдик. Бири саводлироқ тайёрланган бўлса, бошқаси ҳақида бундай деб бўлмайди.

Шу кунларда Адлия вазирлиги томонидан нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танловлар ўтказилмоқда. Жараён Интернет тармоғи орқали онлайн трансляция қилинмоқда. Бу ҳам шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Танловда нотариусликка номзодлар ўзбек тилида тўғри ёзиш қоидаларини қанчалик билиши ҳам ҳисобга олинса мақсадга мувофиқ бўларди. Шундагина нотариал тасдиқланиб, узоқ муддат архивларда сақланадиган ҳужжатлар хатолардан ҳоли, қонун талабларига мос бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг