Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Далаларда болалиги “гулбаҳор” ўтган дамлар...

Далаларда болалиги “гулбаҳор” ўтган дамлар...

“Ҳозирги замонда жуда елгил-елпи ҳаётга ўрганиб қолиб, меҳнатнинг жабрини тортмаган, қийинчилик кўрмаган ёшлар ўқишга қизиқмай қўйишди. Бу билан бугунги кун болалари ҳам жисмоний меҳнат қилишсин, биз каби далалардан кўкаришсин, демоқчимасман. Фақатгина шу кунларнинг қадрига етишсин, холос...” (суҳбатдош)

Яқинда қишлоққа йўлимиз тушиб, унинг катта-кичик чангин кўчаларидан ўтар эканмиз, юрак алланечук бўлиб, орзиқиб кетди. Биз шунда ўсганмиз, шунда улғайганмиз. Шу чангин кўчаларда оёқяланг югуриб, болаликнинг патила сочли, кемтик тишли лаҳзаларини ўтказганмиз. Шу  қишлоқда уйқуга тўймаган кўзларимизни ишқалаб, ямоқ нимчаларда тонг саҳарда далаларга отланганмиз. Кундузлари қуёш тиғию, шамоллар “уввоси”да пайкаллардан насиба излаганмиз. Туннинг ойдин нурларида китоб билан тиллашиб, тонг билан юзлашганмиз.

Ҳали-ҳали эсда, даладан ҳориб-толиб қайтсак, ювиниб-ювинмай, апил-тапил овқатланардигу, донг қотардик. 8-10 ёшли бола эдик ўшанда: даланинг оғир меҳнати осон эмасди-да, биз учун. Далаларда ўсган болалар катталардек сабрни билдик. Бахтли болалар, қақажону-қувноқ тенгдошларимиз борлигини фақатгина ойнайи жаҳонда намойиш этиладиган “Бахтли болалигим” кўрсатуви орқали кўрардик, холос. Уларни эртаклардагидек яшашади, дея ҳавас қилардик.

Ўқитувчимизнинг “қонуни” бригадир хивичидан ўтиб тушди

1984-1987 ўқув йилларининг пахта терими даврларида дарслардан “озод” қилинганмиз. Ҳашарчилар қатори кузнинг жазирама иссиғида кирган даладан қишнинг қор-қировли кунларида чиқардик... Пастлабгина биз томон елдек учиб келаётган “самолёт”ни “қий-чув”лашиб кутардигу, унинг пайкаллар аралаш бошимиз устидан сепиб ўтган дорисининг аччиқ ҳидидан бўғилиб, бор бўйимиз билан йиқилардик... Қор-ёмғир балчиган пайкаллардан пахтами ё ҳашакми-ей, терардик. Муҳими, режа тўлса, бас. Бажармасак, бригадир амакининг хивичи “ёмон”лигини яхши билардик.

Қайсики, совуқ чиллали кунларнинг бирида  эгатларда юролмай, уч-тўрт қизалоқ ўзаро келишишиб, “олтин далалар”дан қочдик. Афсуски, заҳкашнинг музлаган сувларидан кечиб ўтолмай, музли сувга ағандик. Шундаям бизни “қўлга туширган” муаллимимиз бизни шундай аҳволда яна пахта даласига қайтарди. Етмагандек талабчан ўқитувчимизнинг “қонуни” бригадир амакининг хивичидан ҳам ўтиб тушди. Ўша куни иссиқ чойу карам шўрвадан ҳам маҳрум этилдик.

“Болалигим-гулбаҳор”

Ҳар куни судралиб-чайқалиб “Болалигим-гулбаҳор” қўшиғини ўқитувчимиздан чўчиб, кўзларда ёш билан куйлаб, тун қоронғусида уйга қайтардик, 10 ёшли ўғилу-қизлар...

...Аммо, ҳар қандай оғир меҳнату, қийин шароитларга қарамай, ўқишга, китоб билан дўстлашишга доимо ҳаракат қилардик. Етук илм соҳиби бўлиб, орзу-истакларимизга эришиш, шу жон олгувчи далаларда тош қотиб қолмаслик илинжида бўлардик.

Шукурким, бугун яхши давронлар, янги замонлар келди. Интилиш, изланишлар ортидан самаларга эришилди.

Бугун эса яратиб қўйилган шундай шароиту, имкониятлар чексиз чоғда ҳам фикрлашда ожиз, билимга беписанд, илмга чанқоқ бўлмаган ёшларни кўриб, ҳар дақиқаси олтинга тенг вақтларини бекорга ўтказишаётганига ачиниб кетасан одам.  Тўғри, мақтаса илмид фахрланса, арзигулик ёшларимиз ҳам талай. Булардан кўз юмиб ўтолмаймиз. Аммо, ҳудудлар кесимида олинадиган бўлса, улар бармоқ билан санарли. Нега, нима учун шундай?! Балки, машаққатли меҳнатнинг, оғир синовларнинг йўқлигидир, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Қайсики, бугунги ёшларимиз оғир меҳнат ортидан келадиган ширин орому бараканинг қандайлигини тасаввур ҳам қилишолмас. Балки, мактабларда таълим-тарбия масаласи сусайгандир ва ёки ёшларнинг ўзи енгил-елпи ҳаётга ўрганиб, илмга интилмай қўйишдими?

Мактабда пул санашни ўрганиш учун келаётган болалар

Толиб Ҳамроев, ўқитувчи (Ромитан):

“Яқинда 3-синф ўқувчисидан нега тайёргарликларинг бунча суст, бироз ҳаракат қилсанг бўлмайдими, деб сўрасам, у бемалол, “Ота-онам пул санашни ўргансанг бўлди, деб айтишди”,-деди. Хўш, бунга нима дейсиз? Неча йиллик тажрибага эгамиз. Қанча-қанча шогирдлар етиштирдик, уларнинг орасидан етук касб эгалари етишиб чиқишди. Нега энди болаларнинг таълим-тарбиясини бугун сусайтиришимиз керак?! Болалар томонидан билим олишга интилиш анча суст. Юқорида айтиб ўтганимдек, фақатгина пул санашни ўрганиш учун мактабга келаётган ўқувчидан келажакда нимани кутиш мумкин?”

Малика Дониева, ўқитувчи (Когон шаҳри):

“Мактабда боланинг билим эгаллаши учун ота-онанинг ҳам роли жуда катта. Бола уйга қайтгач, ота-она унинг муаллими ҳисобланади. Дарсларида кўмаклашиб, уй вазифаларини бажараётган чоғда қаттиққўл бўлиб туриши керак. Бунда ота-онасининг таъсирини сезмаган бола ил олиш сари интилмайди.

Ўзи билимг ташна бўлса-да, фикрида: “Шу нарса менга зарурми ёки керакми?!” –деган тушунчага келади. Биз мактабда фақат таълим берибгина қолмай, унинг тарбияси билан ҳам шуғулланганимиздек, ота-она ҳам фарзандининг таълими борасида жуда пухта эътибор қаратиши керак”.

Мирхон Абдулов, ўқувчи (Бухоро шаҳри):

“Ҳозир кўпчилик жойларда мактабларда таълим жараёни анча орқага чекинган, деб эшитиб қоламан. Йўқ. Мен ўзим таҳсил олаётган мактабдаги таълим услубидан келиб чиққан ҳолда айтмоқчиман, илмга лаёқатсизлик ўқувчининг ўзидан ҳам. Уйида яхшигина шароитга эга, чўнтагида отасининг пулини қаппайтириб, ўзини кўрсатиш учун мактабга келаётган тенгқурларим ҳам кўпайган анчагина. Улар нега мактабга келиб-кетишаётганининг сабабини, ҳатто, ўзлари ҳам билишмайди. Синфдошларимнинг кўпчилиги ҳали қайси касб этагидан тутишни белгилаб ҳам олишмаган. Ўқитувчиларимиз эса ҳар доим ўқинг, ўқиган ҳеч қачон аро йўлда қолмайди, дея кўп таъкидлашади. Баъзи бир ҳавойи тенгқурларим эса шу гапнинг маъносини чақиб кўриш учун бошҳам қотиришмайди. Айтмоқчиманки, таълим бериш эмас, илм ўрганишга талпиниш сусайган”.

Чўнтак “юрса” ҳам, калла қотиб қолмас...

Биз кекса ўқитувчи ва айрим ўқувчиларнинг фикри билан қизиқдик. 87 ёшли Ҳакима ая Қурбоновани суҳбатга чорладик:

“Ёшларнинг ҳозир қорни тўқ, усти бут. Кимсан, фалончи тижоратчининг ёҳуд, писмадончи аканинг боласиман, дейишади. Унга ўқиш нега керак?! Наридан-бери мактабни тугатиб олса, қолганига ўзи эмас, чўнтаги юраверади, дейишади тап тортишмай. Хўш, чўнтак “юрса” ҳам, калла қотиб қолмас, ахир. Уқувсиз, ҳеч қандай билимга эга бўлмаган бош билан қайси эшикка, қачонгача сиғади?! Очиғи, ҳозирги замонда жуда елгил-елпи ҳаётга ўрганиб қолиб, меҳнатнинг жабрини тортмаган, қийинчилик кўрмаган ёшлар ўқишга қизиқмай қўйишди. Бу билан бугунги кун болалари ҳам жисмоний меҳнат қилишсин, биз каби далалардан кўкаришсин, демоқчимасман. Фақатгина шу кунларнинг қадрига етишсин, холос...”

Жамила Муродова, ўқитувчи (Ромитан):

“Раҳматли ота-онам очарчилик, йўқчилик даврида ўн болани тарбиялаб, тишида тишлаб, вояга етказди. Бурда нонга зор бўлсак ҳам бировнинг қўлига қараб турмадик. Далалардан, кесак устидан ризқу-насиба топдик. Қорнимиз оч бўлса ҳам китоб сотиб олиб, ўзимиз кўриб турган оғир дамларни ёруғ кунлар билан алишлаш илинжида зиёга талпиниб яшадик. Шукурким, бу кунлар чиндан ҳам биз кутган дамлардан минг чандон ортиқ имкониятлар яратди. Лекин, бугунги ёшларимиз шу кунлар қадрини англошолмаяпти. Насиҳатим, тинч, озод, илм даргоҳлари тўқликка шўхлик қилмай, илмга интилиб яшашсин. Зеро, билимда гап кўп. Ундан ҳеч қачон ҳеч ким кам бўлмаган”.

***

Яна болаликнинг масъум, серташвиш онларига қайтамиз. Кўз ўнгимизда елкасига зил-замбил пахта ортилган, юз-кўзлари чанг, ёмғиру-қордан балчиган пайкаллар аро ивиб кетган калишда қуёш қайтаётганда ҳам далаларда саросар кезаётган болалигимиз гавдаланади. У кунларни ҳам соғинч, ҳам кўзда ёш билан эслаб, имкониятлари кенг шу давронларнинг ёруғ остоналарида тонгдан шомгача китоб ўқигимиз келади...

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг