Аномал иссиқдан соғлом чиқиш учун нима қилиш керак?
2023 йилнинг ёзи қайноққина об-ҳаво билан кириб келди. Гарчи «Ўзгидромeт» жорий ёзда аномал иссиқ бўлмайди, дея баёнот берган бўлса-да, июн ойи меъёрдан 2-3 даража иссиқроқ бўлиши ва ҳарорат 40-42 даражагача кўтарилишидан ҳам огоҳлантириб ўтди.
Глобал иқлим ўзгаришлари оқибатида юз бераётган экстремал об-ҳаво билан боғлиқ ҳодисалар биз учун кутилмаган ҳол эмас: аномал қишдан кейин жазирама ёз келиши анча олдин тахмин қилинган эди.
Ёз иссиғини енгил ўтказиш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзининг қатор тавсияларини ишлаб чиққан ва уни ҳар йили янгилаб боради. Умуман олганда, кўпчилик ёзда нима қилиш кераклигини билади: офтобда юриш мумкин эмас, кўпроқ сув ичиш зарур… Амал қилишга келганда эса, ҳар доим ҳам ҳафсала топилавермайди.
Олимлар аллақачон аномал совуқдан кўра иссиқ об-ҳаво одам организми учун хавфлироқ деган хулосага келган. Масалан, АҚШнинг Гарвард университети тадқиқотчилари иссиқлик одам учун совуқ ҳаводан 5 баробар хавфли эканлигини исботлаган. Чунки совуқ ҳавода ёзга қараганда 30 фоиз кўпроқ кислород бўлади. Бактерия ва микроблар совуққа чидамли эмас, қор эса ҳақиқий ҳаво фильтридир. Тоза совуқ ҳаво чарчоқни енгиллаштириб, стрессларни енгишга ёрдам беради. Афсуски, иссиқ эса бунинг акси.
«Xabar.uz» ЖССТ тавсиялари асосида ёзни енгил ўтказиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқди.
Кимлар учун хавфли?
Иссиқ ҳаво, биринчи навбатда, қариялар, чақалоқлар, сурункали касаллиги бор беморлар ва очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун хавфли. Иссиқда узоқ қолиш юрак-қон томир, нафас олиш ва буйрак касалликларини ва руҳий саломатлик муаммоларини кучайтириши мумкин.
Ёзнинг яна бир катта муаммоси: ёшман, соғломман, деб ҳисоблаб, иссиқни назар-писанд қилмаслик ва оқибатда қуёш уриши ёки ундан ҳам ёмони, иссиқлик уришидир. Оқибатда тана сувсизланиб, бош оғриғи, тана ҳарорати ошиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, бурундан қон кетиши ва ҳатто хушдан кетиб, йиқилиш ҳолатлари кузатилади.
Шундай нохуш ҳолатга тушмаслик учун:
- Қуёш нури фаол бўлган вақтда кўчага чиқмаслик: 12:00 дан 16:00 гача бўлган вақт оралиғи энг хавфли ҳисобланади.
- Деразалардан қуёш нури тўғридан-тўғри тушишининг олдини олиш: кундуз кунлари қалин парда ёки жалюзи билан тўсиш ёрдам беради.
- Хона ҳарорати кундуз кунлари 32 даражадан, кечки вақтда эса 24 даражадан ошиб кетмаслигини назорат қилиб туриш керак.
- Оғир жисмоний ишларни куннинг салқин вақтида бажариш тавсия қилинади.
- Болалар ва ҳайвонларни автомобил ичида қолдириш ўта хавфли.
- Тана сувсизланишининг олдини олиш учун чанқамасангиз ҳам, тез-тез ва оз-оздан сув ичиб туринг. Кофе, энергетик ва спиртли ичимликлар, шакарли ширин сувлар иссиқда танани қийнайди, холос. Оддий сув, турли дамламалар, айрон, лимонли сув эса енгиллик беради.
- Ёғли ва оқсилга бой овқатларни камроқ истеъмол қилган маъқул.
- Илиқ душ қабул қилинг. Бу усул танадаги ортиқча иссиқликни чиқаришга ёрдам беради.
- Табиий матодан тикилган, очиқ рангли ва кенг кийимлар кийишга ҳаракат қилинг.
- Кундуз кунлари бош кийим, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнаксиз кўчага чиқманг.
- Дориларни сақлашда ҳам ёзда кўпроқ эътиборли бўлиш керак. 25 градусдан баланд ҳароратда дори сифати ўзгаради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter