Тошкент шаҳридаги ЙТҲларда бир йилда 91 киши вафот этган: бу ҳар 4 кунда бир киши дегани

Тошкент шаҳар ҳудудида 2024 йил давомида 1 280 та йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, мазкур ҳодисаларнинг 1 189 таси тан жароҳати, 91 таси ўлим каби оғир оқибатлар билан якунланган.
Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши мажлисида қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, 720 та пиёдалар билан боғлиқ, тезлик билан боғлиқ 98 та йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилган.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши пойтахт ИИББ ЙҲХБ олдига йўлларда хавфсизликни ошириш, ЙТҲларни камайтириш бўйича қатор вазифалар қўйди.
Жумладан, идора йўл-транспорт инфратузилмаси талабига жавоб бермайдиган кўчалар ва чорраҳалар рўйхатини шакллантириб, камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилотларга таклиф киритади. Шунингдек, Тошкент шаҳар кўчаларида транспорт ва пиёдалар оқими, пиёдалар билан боғлиқ содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қилиб, авариянинг ўчоқ нуқталарини аниқлайди ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича қўшимча чораларни кўради.
Бундан ташқари, йиғилишда Тошкент шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБга 10 дона кўчма (мобил) фото-радар қурилмасини харид қилиш, Бошқарма ҳузуридаги техника назорати бўлинмаларини замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш ва пиёдалар йўл қатнов қисмини белгиланмаган жойидан кесиб ўтганлиги оқибатида содир этилган ЙТҲлар таҳлилидан келиб чиқиб темир панжаралар ўрнатиш ишлари амалга оширилади.
Шу билан бирга вояга етмаганлар иштирокидаги ЙТҲларни олдини олиш мақсадида жорий йил давомида пойтахт кўча ва йўлларидаги 12 та жойга қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари ташкил қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter