Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўрбошининг кесилмаган боши

Қўрбошининг кесилмаган боши

– Меним бошимни кесиб олиб кет, – деди Саъдулла ҳамроҳига. – Токи бир умр кофирларга эгилмаган бошим ўлимимдан кейин ҳам улар қўлига тушмасин...

Аммо Шалтой ярадор қўрбошининг айтганини қилмай, аксинча унинг тўппонча ва хуржунини олиб, қочиб кетди. Ярадор қўрбоши зўрға судралганича шу яқин атрофдаги бир уйга кирди. Бу уйдаги ёлғиз кампир эса... уни миршаб бўлса керак, деб ўйлаб, миршаблар бошлиғи Қориевга бориб айтди. Қориев тўрт миршаб билан келиб кўрсаки, ярадор анча йиллардан бери қўлга тушира олмай юрган қўрбоши Саъдулла экан.

Саъдуллабек қўрбоши Хоразмда 1920–1928 йиллар давомида истиқлолчилик ҳаракатини олиб борган шахслардан бўлиб, асосан, камбағалларни ҳимоя қилгани, бойликка муккасидан кетган кишиларнинг молини уларга эҳсон этгани, большевикларга берган қақшаткич зарбаси ва тутқич бермаслиги билан ном қозонган эди.

Унинг Жунаидхон билан ҳамкорлиги, замонавий қуролларга эга бўлган 500 йигити доимо болшьевикларга таҳдид солиб турарди. Саъдуллабекнинг ҳар бир қишлоқда ўз одамлари бўлиб, улар қўрбошига турли йўсинда миршабларнинг келиб-кетиши, заиф томонлари тўғрисида маълумот юборишарди. Шу боис ҳам ҳамма вақт жангларда қўрбошининг қўли баланд келар, ҳатто 1927 йил кузида Журён, Қўшанда Қораман, Гўжа қишлоқларида ўтказилган махсус махфий операциялардан ҳам талафотсиз қутулиб кетган эди.

Аммо бир куни қизил миршаблар бошлиғи Машарип Бадалов, Машарип Қориев ва Самандар, Қўшназар, Омон, Рўзимат, Қўйжон,Оллам, Қаландар каби миршаблар Хонқадан келаётган Саъдуллабекни қумликда учратишади. Айни 1928 йил январнинг қаҳратон совуғида қўрбоши тўйдан келаётган, ёнида фақат Мадраҳим, Сафо ва Шалтой исмли йигитлари бор эди.

Иккала рақибнинг қумликда беш-олти соат давом этган отишмасидан сўнг, қоронғи туша бошлагач, Саъдулла Бўсалоқ Найман овулига чекинишни маъқул кўради. Негаки қизилларга Урганчдан бутун бошли бир қўшин ёрдамга етиб келган эди. Қўрбошининг чекинаётганини кўрган қизиллар уларга қарши ўқлар ёмғирини ёғдиради.

Қумликдан овулга кириш асносида Саъдуллага ўқ тегиб, оғир яраланади. У кўп қон йўқотганидан отда ўтира олмас, судралиб ҳам узоққа кетиб қололмасди. Боз устига Шалтойнинг қўрбошини ташлаганча қочиб қолиши унга оғир ботди. Шу зайлда судралиб, бир уйга кирди. Уйдаги ёлғиз кампир эса, юқорида айтганимиздек, ярадор кишини миршаб деб ўйлаб, қизил қўшин командири Қориевга етказди.

– Сенинг омадинг келди, меники кетди, – деди Саъдуллабек Қориев миршаблари билан келиб, уни қуршаб олганда.

Урганчдан етиб келган қизил қўшин сафидаги шифокор қўрбошининг яраларини боғлади. Саъдуллани аравага ётқиздилар-да, йўлга тушдилар. Қўрбоши Хонқадан Урганчга томон бораётган аравада ётганича мовий осмонга тикилиб хаёл сурарди. У босиб ўтган ҳаёт йўлини, жангу жадалларини, онасини, севган қизига уйланиш армон бўлиб қолаётганини, қизилларнинг шафқатсизлигини, бир умр содиқ деб билган Шалтойнинг оғир пайтда қочиб қолганини, ўзига қизилларнинг беражак азобларини ўйлаб, боғлаб қўйилган яраларини очиб юборади. Натижада яна қон оқиб, арава қизилга бўяла бошлади. Саъдулла ярани боғлаш учун келган командир Қориевнинг юзига тупурганча жон берди.

Умид БЕКМУҲАММАД,
тадқиқотчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг