Президент: Бухоро аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантирилади
Бухоро вилоятини 2023-2025 йилларда аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятида аҳоли бандлигини таъминлашга доир таклифлар тақдимоти билан танишувида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда Бухоро вилоятида 1 миллиондан зиёд меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлиб, шундан 76 минг нафари ишсиз. Меҳнат бозорига эса ҳар йили 37 мингга яқин ёшлар кириб келади.
Тақдимотда таъкидланишича, ишсизликни камайтириш учун ҳудудда имкониятлар етарли. Масалан, пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари. Бухорода 11 та шундай ташкилот бўлиб, улар томонидан саноат ва қишлоқ хўжалигида 94 мингта, шу жумладан, касаначиликни ривожлантириш орқали 19 мингта иш ўрни очилиши мўлжалланмоқда.
Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 57 та микромарказ, ишсизлик юқори бўлган 98 та маҳаллада кичик тикув цехларини ташкил этиш кўзда тутиляпти.
Жорий йилда 15 минг гектар экин ерларини қайта фойдаланишга киритиш имконияти ҳам бор. Бу ерлар янги деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун аҳолига очиқ электрон танлов асосида тақдим этилади. Шунингдек, давлат активларини аукционга чиқариш, уларнинг негизида иш ўринларини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Умуман, ушбу чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 250 мингта иш ўрни яратилиши, 2023-2025 йилларда Бухоро вилояти аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантирилиши қайд этилди.
Тақдимотда Ҳиндистон билан ҳамкорликда Қоракўл туманида IT-кластер ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди.
Давлат раҳбари мазкур таклифларни маъқуллаб, қўшимча топшириқлар берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter