Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Отам каби ҳалол ва пок бўлишга интилдим» — Комил Алламжонов Агентлик раҳбари этиб тайинланганига бир йил тўлди

«Отам каби ҳалол ва пок бўлишга интилдим» — Комил Алламжонов Агентлик раҳбари этиб тайинланганига бир йил тўлди

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжоновнинг ушбу лавозимга тайинланганига бир йил тўлди. Шу муносабат билан у ўзининг «Телеграм»даги расмий саҳифасида қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирди:  

Роппа-роса бир йил олдин, айнан шу куни Президентимиз катта ишонч билдириб, мени Агентлик раҳбари лавозимига тайинлаган эдилар.

Шу ўтган давр мобайнида Агентлик ваколати доирасида тинмай меҳнат қилдик. Кўп лойиҳаларни бошладик. Бир йил ўн йилдек ўтди, назаримда. Қанчалик натижа бера олдик, билмадим, баҳони одамлар ва раҳбарларимиз беради.

Ушбу лавозимда яна неча кунни қарши олишимни ҳам билмайман, чунки бу — тақдир ва насиба. Лекин битта нарсани аниқ биламан: отам каби ҳалол ва пок бўлишга қатъий интилиб меҳнат қилдим ва бундан кейин ҳам Президентимга, Ватанимга содиқ бўламан.

Матбуотни ҳақиқатда тўртинчи ҳокимият даражасига етказиш учун астойдил, қаттиққўллик, қайсарлик, қатъият ва тизимли равишда ишлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу кимгадир ёқяпти ва албатта, кимгадур ёқмаяпти. Бу табиий. Чунки тўртинчи ҳокимият амалда ишласа, кўпчиликни ишлашга мажбур қиляпти ва кўпчиликнинг фаолиятига кўзгу бўляпти.

Ҳақиқат ва адолатга эришиш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Бир нарсани аниқ биламан: биз янги Ўзбекистон тарихининг янги боби ёзилиши жараёнидамиз. Илоҳим, ушбу жараёнда катта ойим айтганларидек, ўт балосидан, сув балосидан туҳмат балосидан, ёмон кўзлардан Яратганнинг ўзи асрасин.

Ушбу лавозимда қанча фаолият юритишимдан қатъи назар, ҳар бир кунда халқимизнинг, Президентимнинг ишончларини оқлаш, давлат учун, журналист ва блогерлар учун, уларнинг ҳимояси, уларнинг шароити учун бор кучим билан ҳаракат қилишга ваъда бераман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг