Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мақсадимиз Ўзбекистонни аҳолиси даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига олиб чиқишдир – Шавкат Мирзиёев

Мақсадимиз Ўзбекистонни аҳолиси даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига олиб чиқишдир – Шавкат Мирзиёев

Президент Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг йиллик йиғилишида сўзлаган нутқида мамлакат иқтисодиёти ҳамда халқнинг турмуш даражаси юксалтиришга доир олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталди.

Давлат раҳбари, жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётни либераллаштириш, халқнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтиришга асосий эътибор қаратаётганига урғу берди.

Ўтган даврда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2 баробар кўпайиб, илк бор 100 миллиард доллардан ошгани, келгуси беш йилда эса бу рақамни 160 миллиард долларга етказиш режа қилинаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси, шу билан бирга, олиб борилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад – мамлакатни аҳолиси даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш экани ҳамда бу мақсадларга эришиш учун катта-катта марралар кўзланаётганини билдирди.

«Биринчи. Биз тўрт йил ичида мамлакатимиздаги камбағаллик даражасини 23 фоиздан 11 фоизга туширишга эришдик.

Жорий йил бу кўрсаткични 9 фоизгача, 2030 йилга қадар эса 2 баробар пасайтиришни мақсад қилганмиз.

Бизнинг ислоҳотларимиз туб негизида тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, одамларимиз учун барча соҳаларда янги иш ўринларини ва даромад манбаларини кўпайтиришдек устувор вазифа мужассам.

Шу билан бирга, аҳолининг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уй-жой шароитларини яхшилаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, энг оғир ҳудудларда инфратузилма тармоқларини барпо этишни қамраб олган «кўп ўлчовли» камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширяпмиз.

Шу боис илғор хорижий ёндашувлар асосида энг қуйи бўғин – маҳалла даражасига тушган ҳолда камбағалликни қисқартириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Яқинда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори жаноб Абхижит Банержи «Ўзбекистондаги маҳалла тизими ҳар бир муҳтож оилани камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ўзининг ноёб рецептига эга», деб таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Иккинчи. Инсон капиталини ривожлантиришни мамлакатимиз барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишининг мустаҳкам пойдевори, деб биламиз.

Бу борада сўнгги саккиз йилда мактабгача таълим қамровини 27 фоиздан 74 фоизга оширдик.

Янги мактаблар қурилиб, қўшимча 800 мингта ўқувчи ўрни яратилди. Олий ўқув юртлари сони 200 дан ошиб, қамров 9 фоиздан 38 фоизга етди.

Биз келгуси 3-4 йилда мактабгача таълим қамровини камида 80 фоизга етказишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун хусусий сектор билан бирга 240 минг ўринли боғчалар барпо этилади.

Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб, давлат-хусусий шериклик асосида ҳар йили барча шаҳар ва қишлоқларда энг илғор стандартларга мос келадиган 100 тадан янги мактабларни ишга туширишни режа қилдик. Бунга келгуси йилларда 2 миллиард доллар инвестиция киритамиз.

Биз таълимдаги лойиҳаларни халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлигимизнинг янги истиқболли йўналиши сифатида белгилаб олишни таклиф қиламиз.

Учинчи. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда энергетика, сув, транспорт, IT ва бошқа инфратузилмаларни яхшилаш учун йиллик эҳтиёжимиз ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизига тенг.

Шу маънода, бугунги анжуман «Барча учун барқарор инфратузилма яратиш» мавзусида ўтказилаётганини олқишлаймиз.

Бу борада халқаро молия ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, катта тажриба орттирдик. Бунинг натижасида ушбу соҳаларга хусусий сектор фаол кириб бормоқда.

Биз 2030 йилгача 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта дастур қабул қилдик. Хусусан, «Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» йўналишларида пуллик автомобиль йўллари, «Тошкент – Самарқанд», «Самарқанд – Навоий – Бухоро» йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл қуриш лойиҳалари амалга оширилади.

Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилишни давлат-хусусий шерикликка берамиз.

Шунингдек, келгуси беш йилда электр, сув ва газ тақсимлаш тармоқларини бошқариш хусусий операторларга ўтади. Масалан, Самарқанд вилоятининг электр тармоқларини бошқарувга олиш бўйича ўтказиладиган тендерга 50 дан зиёд хорижий нуфузли компаниялар ўз қизиқишини билдирди.

Шу билан бирга, бизда ҳар йили 100 мингдан зиёд хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Масалан, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Андижон каби йирик шаҳарларимиз ҳамда қолган вилоятлар марказларига йўлдош «Янги Ўзбекистон» шаҳарчаларини қуриш бўйича катта лойиҳаларни амалга оширяпмиз.

Бу борада ўрта шаҳарларни ривожлантириш бўйича 200 миллион долларлик, қишлоқ жойларидаги инфратузилмани яхшилаш бўйича 130 миллион долларлик лойиҳаларни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда бошлаганимизни алоҳида эътироф этмоқчиман.

Ишончим комил, Банк ва бошқа ҳамкорларимиз билан бундай инфратузилмавий лойиҳаларни янада кенгайтирамиз.

Тўртинчи. «Яшил» иқтисодиётни жадал ривожлантиришни олдимизга устувор вазифа сифатида қўйиб, 2030 йилгача «яшил» энергия манбаларини 40 фоизга етказиш бўйича катта марра олганмиз.

Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки 2030 йилга бориб жами портфелининг 50 фоизини иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳаларга йўналтириши бизнинг мақсадларимиз билан ҳамоҳанг.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик «яшил» энергия лойиҳаларида Банк нуфузли хорижий компаниялар билан бирга ишлаб, бу соҳада глобал даражада янги андозаларни яратмоқда.

Биз келгуси йилларда яна 18 гигаватт қуёш ва шамол, 3 гигаватт гидро электр станциялари, 5 гигаватт энергия жамлаш сиғимлари ҳамда 5 миллиард долларлик электр тармоқларини ишга туширамиз.

Мазкур лойиҳалар орқали йирик «яшил» маълумотлар марказларини ҳам яратмоқчимиз. Бу – барча халқаро молия ташкилотлари учун ҳам жозибадор лойиҳа бўлади, деб ҳисоблайман.

Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан йилига 100 миллион долларлик «яшил» сертификатлар бозори шаклланиб, бу халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналиши бўлишига ишонаман.

Қўшни мамлакатлар ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича катта лойиҳаларни бошлаганини қайд этиш лозим. Келгуси йилларда қайта тикланувчи энергия ресурсларига бой Марказий Осиё жаҳон энергетика бозорларига «яшил» энергия етказиб берадиган йирик экспортчига айланиши учун катта қадамлар ташлаяпмиз. Бу борада Транскаспий электр тармоғини барпо этиш лойиҳаси катта салоҳиятга эга эканини алоҳида таъкидламоқчиман.

Шу ўринда, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошчилигида Марказий Осиёда «яшил» энергияни ривожлантириш дастурини амалга оширишни таклиф қиламан.

Бешинчи. Бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошди. Минтақанинг ялпи ички маҳсулоти келгуси беш йилда 700 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, минтақамизда йирик инфратузилма лойиҳаларига талаб кун сайин ортиб бормоқда.

Ҳозирда амалга ошириш бошланган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлини қуриш ана шундай йирик минтақавий инфратузилма лойиҳасига яққол мисолдир.

Бундан ташқари, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари айниқса ўткир тус олмоқда.

Ўзбекистон бу борада ўз стратегиясини ишлаб чиқиб, келгуси беш йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш орқали 15 миллиард куб метр сувни тежаш бўйича катта лойиҳаларни бошлаган.

Лекин сув муаммосини ҳал қилиш бутун минтақа давлатлари ва халқаро молия ташкилотларининг биргаликда ишлашини талаб қилади.

Шу боис, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқчиман. Ўйлайманки, қўшниларимиз ҳам бу ташаббусимизни қўллаб-қувватлайди», – деди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг