Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Матиз»да ёнган ҳомиладор аёл воқеаси қандай «ривожланган»и айтилди

«Матиз»да ёнган ҳомиладор аёл воқеаси қандай «ривожланган»и айтилди

24 январ, шанба куни Фарғона шаҳрида 29 ёшли М.У. ўзига тегишли «Матиз» русумли автомашинада шаръий никоҳида бўлган ҳомиладор турмуш ўртоғи 36 ёшли М.Ҳ. ни шифохонадан яшаш хонадонига олиб кетаётган вақтида рашк туфайли ўртада жанжал келиб чиққани ва якунда аёл ҳамда унинг ёнғин ичида туғилган чақалоғи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

«Халқ сўзи» нашрининг Фарғона вилояти ҳокимлигига таяниб хабар беришича, ҳокимлик мутасаддилари марҳума туғилиб ўсган Марғилон шаҳри «Аҳмад Яссавий» МФЙдаги ҳамда фуқаро М.У. истиқомат қилаётган Фарғона шаҳридаги «Ҳувайдо» МФЙда хонадонларда бўлишган.

Маълум бўлишича, М.У. 2022 йилнинг 28 август куни Россиядан келиб, 19 ноябрь куни Фарғона шаҳар 2-сонли ФҲДЁ орқали бошқа бир қиз билан қонуний никоҳдан ўтган, яъни оила қурган.

Суҳбат жараёнида аниқланишича, Муҳаммадали Россияда ишлаб юрган вақтида М.Ҳ. исмли аёл (айни пайтда марҳума) билан танишиб, ўзидан 8 ёш катта ва 1 нафар вояга етмаган фарзанди бўлишига қарамай, шаръий никоҳ орқали яшаб юрган. Бу ҳақида М.У. оила аъзоларининг умуман хабари бўлмаган. Аммо кейинчалик М.У. ва М.Ҳ. ўртасига совуқчилик тушиб, Россиядаёқ уларнинг муносабати бузилган.

2022 йил 19 ноябрь куни М.У. нинг қонуний оила қурганидан хабар топган М.Ҳ. унга ҳомиладор эканлиги боис яна бирга яшаш таклифини билдирган. М.У. янги оила қурганлигини айтиб, рози бўлмаган.

2023 йил 12 январида М.У. яшаш уйининг кўча томонидаги табиий газ муҳрлари ўчирилиб, шахсий автомашинасининг баллонлари тешиб кетилган. Яширин камера орқали бу ишни М.Ҳ. содир этгани аниқланган.

24 январ куни эса М.Ҳ. М.У. га телефон қилиб, аҳволи ёмонлашганлиги, тезда келиб Фарғона шаҳар туғуруқ бўлимига олиб боришини айтгач, уни ижарада турган манзилидан касалхонага олиб келаётганида юқоридаги фожеа юз берган.

Фарғона шаҳар «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғини ишчи гуруҳи аъзоларининг жорий йил 11 январь кунги тадбирларидаги қайдномаларнинг бирида Қўқон кўчасининг 60-уйидаги хонадонларнинг бирида ижaрада туриб келган М.Ҳ. тўғрисида маълумотлар келтирилган. Унга кўра, М.Ҳ. 2022 йилнинг ноябрь ойидан буён 2013 йилда туғилган М. қизи ва турмуш ўртоғи билан бирга мазкур уйда ижарада яшаётганлигини маълум қилган.

Шунингдек, аёл суҳбат чоғида Марғилондаги доимий яшаш ҳудудида табиий газ ва электр энергияси йўқлиги сабабли қиш мавсумини шу ерда ўтказиб, яқин кунларда иккинчи фарзандини дунёга келтириши ва чилласи чиқиши билан доимий яшаш хонадонига кўчиб кетишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми «б» банди (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг