Бухорода салонида мактаб ўқувчилари бўлган автобус ЙТҲга учраган эди: суд автобус ҳайдовчисига ҳукм ўқиди
Жорий йилнинг март ойида Бухоро вилояти Когон тумани Янгиҳаёт мавзесида салонида мактаб ўқувчилари бўлган автобус асосий йўлда келаётган «Howo» русумли юк машинаси билан тўқнашиб, кетган ва натижада тумандаги 5-мактабнинг 2 нафар ўқувчиси бевақт ҳаётдан кўз юмган эди.
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди судьяси Дилшод Наимовнинг «Xabar.uz»га билдиришича, суд-тергов жараёнларида барча жабр кўрган йўловчилар ҳайдовчига нисбатан қонуний чора кўрилиши ҳақида кўрсатув беришган. Бир нечтаси даволаниши ва саломатлигини тиклаши учун 10 миллиондан кам бўлмаган миқдорда маблағ ундириб берилиши талаби билан чиққан.
Бундан ташқари, ҳайдовчи ўз хатти-ҳаракати билан бошқа бир фуқарога тегишли бўлган «Isuzi» русумли автобусга 28,7 млн сўм, «Гала Осиё Сохтимон» хусусий корхонасига тегишли бўлган «Shacman» русумли юк автомашинасига 61,4 млн миқдорида моддий зарар етишига сабабчи бўлган.
Судланувчи М.М. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, барча миқдорли харажатларни қоплашини айтган.
«Мен бошқариб бораётган автобус тезлиги ўртача 50-55 километр тезликда эди. Йўл светофорининг ишламаётганини кўрдим. Бироқ, йўл кесишув чорраҳасидан анча узоқроқда бўлган бошқа бир юк автомашинаси етиб келгунича чорраҳани кесиб ўтишга улгураман, деб ўйлаган эдим. Афсус, афсус... улгуролмадим. Икки ёш ўқувчининг умрига зомин бўлдим. Бошимни уриб ёрсам ҳам энди дардимга даво йўқ. Лаънату қарғишларга гирифтор бўлдим. Бу виждон азоби, кўнгил оғриғи то умрим охиригача етарли бўлди. Айбимга иқрорман…» - деган ҳайдовчи.
Судланувчи М.М. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасининг (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилган. Унга нисбатан шу модда билан 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи қўлланилган ҳамда 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter