«Қўшчинорнинг гул япроғи»: Саид Аҳмад ва Саида Зуннуноваларнинг набираси билан суҳбат (видео)
Саидахон Ходиева иқтисодчи, тилшунос, йога бўйича мураббия. Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети ҳамда Германиядаги Kassel ва Америкадаги Western Oregon университетларида таҳсил олган.
– Саидахон, Сиз, ўзбек адабиётининг икки атоқли намоёндалари, қўшқанот ижодкорлари – Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг набирасисиз. Нафақат, набиралик риштаси, балки бувингизни исми ила сулоланинг илдизлари Сизда яшамоқда... Яқинларингиз томонидан исмингиз ҳар айтилганида, қалбингизда нелар кечади?
– Ота-онам менга бу исмни бувимдан эсдалик бўлиб қолсин, деб қўйишган. Бувисига ўхшаган ақлли, эсли-ҳушли, яхши бир инсон бўлиб вояга етсин, деган ниятлар ила бувимнинг исми билан мени аташган. «Саида» арабча сўз бўлиб, унинг маъноси «бахтли» дегани. Ота-онам бу исмни менга беришар экан, рамзий маънода менга бахт ҳадя этишган. Мен ўзимни чиндан ҳам бахтли деб ҳисоблайман, чунки бағрим бутун: ота-онам, акам, синглим бор, соғ-саломатман. Тўрт мучалим бутун, ён атрофдаги дунёни кўришга кўзим, нафис куйларни, чиройли сўзларни тинглашга қулоғим, гўзалликни ҳис этишга қодир қалбим бор. Буларнинг барчаси мен учун бахт, чунки бу дунёда қанча-қанча инсонлар шундай имкониятлардан маҳрум. Агар шулар ҳақида ўйласам, ўзимни нақадар бахтли эканлигимни ҳис қиламан.
– Биздаги кайфият, биздаги қарашлар, биздаги туйғулар буви, буваларимиз билан боғлиқ ҳолда кечади. Илдизларимиздан узоқлашиб кетолмаймиз. Бувилар қалби набираларга мерос бўлиб қолади. Бувингиз Саида Зуннунова ижодига назар ташлаганингизда, тасаввурингизда қандай аёл сифатида гавдаланадилар? Қайси сифатлари Сизда мужассам бўлишига интиласиз?
– Бувим жуда покиза, тўғрисўз, ҳақиқатпарвар аёл эди. Бу хислатлар озмунча бўлса-да менга ҳам ўтган, деб умид қиламан. Ҳар ҳолда мен бу хислатларни ўзимда кўришни жуда истардим. Қўлимдан келганича, кучим етганича атрофимдаги инсонларга яхшилик қилишга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, ҳар бир инсоннинг қалбида яхшилик бор. Буни фақат кўра билиш керак. Одам бошқа инсонда қайси хислатларни кўришни истаса, нимани қидирса, ўшани топади. Агар ёмонликни қидирсангиз, ёмонлик, агар одамлардан фақат яхшиликни изласангиз, яхшилик юзага чиқади. Яъни, ҳар бир инсон ўзига нисбатан кўрсатилган ишончни, меҳрни ҳис этса, у ўз-ўзидан яхшилик томон қадам босади. Демак, шу тариқа яхшиларнинг сафи кенгаяди.
– Саида Зуннунова ҳикояларида тасвирлаган аёл қаҳрамонларнинг қайси хос жиҳатларини ҳурмат қиласиз?
– Агар бувимнинг ижодига назар ташласак, бувим, асосан, аёлларнинг ҳаёти, ташвишлари, турмушдаги қийинчиликлари, муаммолари, истаклари ҳақида ҳикоялар, шеър ва қиссалар ёзган. Шу билан бирга оналик бахтини, бекалик бахтини куйлаган.
Аёл қаҳрамонларининг хос жиҳатларига келсак,
- Ҳақиқатпарвар аёллар, ўзининг мақсадига фақат тўғри йўлдан борадиган софдил инсонлар.
- Улар турмуш ўртоғига, ўзининг севгилисига вафодор аёллар.
- Кучли, ҳаётда ўзининг ўрнини топишга интилаётган аёллар.
- Шу билан бирга, улар ўзининг нозик латофатини, аёллигини йўқотмаган инсонлар.
Улар нафақат ўз касбида моҳир мутахассис, балки оилада ҳам ўз ўрнини топа олган инсонлар – меҳрибон аёл, меҳрибон она, вафодор турмуш ўртоқ, уй бекаларидир. Яъни, барча гўзал фазилатларни ўзида мужассам қилган аёллар.
– Бувингиз қаламига мансуб «Гўдак ҳиди» номли (ҳикоялар тўплами) китобнинг бизнинг хонадон жавонида алоҳида ўрни бор. Бу китоб ўсмирлик давримдан менинг энг яқин сирдошим. Ундаги ҳикояларда улғайганман ва катта ҳаётнинг кўп саволларига айни шу китобдан жавоб топганман. Айнан «Гўдак ҳиди» ҳикоясини жуда севиб ўқиганман. У асосида суратга олинган «Сени излаб» номли фильм ҳам асарга нисбатан муҳаббатимни оширган. Ҳикоя бир қарашда оддий, лекин бошқа томондан қаралганда, адиба меҳр-муҳаббат туйғусини шу оддийликда моҳирона тасвирлашга эришган. Худдики, бувингиз келажакдаги набираларига муҳаббати рамзи сифатида шу ҳикояни ёзиб кетгандеклар, гўё...
– Агар бувимнинг «Гўдак ҳиди» ҳикоясига тўхталадиган бўлсак, бу ҳикоянинг негизида чуқур бир фалсафа бор. Ҳикояда Шаҳзода исмли бир ёш аёл тасодифан трамвайда Дилбар исмли қизалоқни учратиб қолади. Кутилмаганда, қизча уни «Ойижон», деб чақиради. Дилбар бегона аёлни ўзининг вафот этган онасига ўхшатиб уни маҳкам қучоқлаб олади ва уни бағридан ҳеч қўйиб юборгиси келмайди. Дилбарнинг отаси ноқулай аҳволга тушиб қолади ва бир амаллаб қизини Шаҳзоданинг бағридан чиқариб, шошилиб трамвайдан тушиб кетади. Бу тасодиф воқеа Шаҳзоданининг ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборади, у қизчани сира эсидан чиқара олмайди. Қизчанинг нозик қўлчаларини бўйнида сезаверади, гўдакнинг ҳушбўй, ёқимли ҳиди димоғига урилаверади, қулоғига унинг овози эшитилаверади.
Узоқ ўйлаш, фикрлаш натижасида Шаҳзода Дилбарни қидириб топишга аҳд қилади ва ниҳоят қидириб топади. У қизчага оналик меҳрини беришга ўзида қандайдир бир хоҳишни сезади. Бу асар оналар меҳри ҳақидаги чиройли бир ҳикоя. Асарда фарзанднинг онасига нисбатан бўлган меҳри ҳам жуда таъсирли кўрсатилган. Она учун фарзанднинг бегонаси бўлмайди, деган чуқур фикр бор бу асарда. Яъни, она ва фарзанд ўртасидаги кучли уч ришта тасвирланган.
Биринчи ришта – Шаҳзода ва унинг кекса онаси ўртасидаги муносабат. Шаҳзода дугонаси билан кинотеатрга бориб, уйига кечикканида, онаси унинг ҳақида қанчалик хавотир олаётганини ўйлайди. Шаҳзода Дилбар учун қўғирчоқ ҳарид қилиб уйига кириб келганида эса, унинг онаси ҳайрон бўлади, лекин қизини ортиқча сўроққа тутмайди. Онаси қизининг қалбида ғалаён бўлаётганини, ҳаётида қандайдир ўзгариш юз бераётганини сезади ва қизини ўз ҳолига қўяди. Она қизининг шахсий ҳаётига аралашишни, унинг қарорига таъсир қилишни лозим топмайди.
Иккинчи ришта – Шаҳзода ва Дилбар ўртасидаги муносабат. Шаҳзодада Дилбарга нисбатан оналик меҳри уйғонади, иккиси бир-бирига интилади.
Учинчи ришта эса – Шаҳзода ва Дилбарнинг бувиси ўртасидаги муносабатдир. Дилбар Шаҳзодани уйига етаклаб олиб келганида, Дилбарнинг бувиси бу ёш аёлни ўзининг марҳума келинига ўхшатиб, уни ўз фарзандидек қабул қилади, «Болагинам», деб бағрига босади. Бўлажак қайнонани Шаҳзоданинг ўтмиши қизиқтирмайди, унда Шаҳзодага нисбатан оналик меҳри куртак ёзади.
– Ўзингиз ҳам бувингиз каби қалам тебратиб турасизми?
– Йўқ, афсус, мен бувим сингари шеър ёки ҳикоялар ёзмайман. Лекин Германиядаги иш фаолиятимнинг бошланишида мен бир медиа компаниясида ишлаганман ва реклама фильмларига сценарийлар ёзганман. Санъатга келсак, рангтасвирга, ўзбек миллий матоларининг яратилишига, қадимий миллий архитектурамизга, ҳунармандчилик асарларига, айниқса, кулолчилик намуналари – қўлда ишланган сопол идишларнинг яратилишига жуда қизиқаман. Мусаввирнинг маҳорати, тасаввури, диди, нақшлардаги турли рангларнинг бир-бирига уйғунлиги, мутаносиблиги мени илҳомлантиради, ҳайратлантиради. Сайёҳ сифатида дунё кезишни, бошқа юртларнинг маданияти, санъати, ҳаёти билан танишишни ёқтираман. Бирон-бир юртга борсам, албатта, ўша ердаги музейларни кўришга, ўша халқнинг маданияти, урф-одатлари билан яқиндан танишишга ҳаракат қиламан. Имкониятим бўлганда, кўпроқ тоза ҳавода сайр қиламан, дарахтларнинг, гулларнинг чиройидан завқланаман. Она табиатни севаман, у менга куч, руҳ бағишлайди.
– Ўз фаолиятингиз, мутахассислигингиз бўйича изланишларингиз билан яқин таништирсангиз. Германия сафари тараддудида эканлигингизни билиб, Сиз билан тезликда суҳбатга ошиқдик. Германия билан Сизни нима боғлаб туради?
– Тошкентда Шарқ тиллари лицейида таҳсил олганимда, ўқувчилар учун мўлжалланган «Exchange»(алмашув) дастури бўйича Америкага борганман. У ерда мен бир ой давомида америка оиласида яшаб, ўша ердаги мактабда ўқиганман. Ўшанда менга бошқа юртлардаги одамларнинг яшаш тарзи, урф-одатлари ва ўқув тизими қизиқ кўринган. Лекин у даврда интернет ҳозиргидек ривожланмаган эди. Чет тилларини интернет орқали мустақил ўқишга ҳозиргидек имконият йўқ эди. Шу сабаб, мен Тошкентдаги Иқтисодиёт университетини битирганимдан сўнг, Германияда бир йил давомида немис тилини ўргандим ва ўша ердаги университетга имтиҳон топшириб, ўқишга кирдим. Лицейда ва университетда мен инглиз тилини ўқиган эдим, немис тилини билмасдим, шунинг учун Германияда ўқиш мен учун аввалига қийин кечган. Лекин секин-аста муҳитга ўргандим, ўқишдан бўш вақтларимда кийим-кечак дўконида консультант бўлиб ишладим, ўзим таҳсил олган Германиядаги Kassel Университетида Claudia Finkbeiner исмли бир профессор аёлга ассиситентлик қилдим. Шундай қилиб, секин-аста немис тилини пухта ўрганиб олдим. Германияда ўқиб юрган кезларим бир ўқув дастури бўйича Американинг Орегон штатидаги университетда ҳам таҳсил олиб келдим. Бу менинг дунёқарашимни янада кенгайтирди, бойитди. Ҳозирги кунда бир компанияда Projektmanager бўлиб фаолият юритаман.
Ўйлайманки, инсон соғлом бўлса, фикрлаши ҳам тиниқ, соғлом бўлади. Шунинг учун мен соғлиғимга катта эътибор бераман. Бошида йога билан шунчаки ҳавасга шуғулланган эдим. Лекин кейинчалик, йога билан жиддий шуғулланишни бошладим ва йога бўйича ўқитувчилик курсларини ҳам битирдим. Ҳозирги кунда асосий ишимдан бўш вақтларимда, йога мактабида талабаларга дарс бераман.
Лобар Қобилова суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter