Озодбек Назарбеков устози Муҳриддин Холиқовни хотирлади
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков эл севган хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқовни туғилган куни муносабати билан ёдга олиб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали пост қолдирди.
«Халқимизда «Яхши ота-она — фарзанд бахти» деган гап бор. Мен шу фикрга бир қўшимча қилмоқчиман, яхши устоз ҳам шогирднинг бахти, омадидир! 5 сентябрь куни агар ҳаёт бўлганида устозимиз, эл севган хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқов 61 ёшни қаршилаган бўларди.
Афсуски, дилтортар қўшиқлари билан минглаб қалбларни забт этган санъаткор айни қизғин ижод палласида бу ёруғ оламни тарк этган. Устоз-шогирдлик завқидан масрур онларим кутилмаганда поёнига етиб, гўёки суянган тоғимдан айрилгандек эдим ўшанда... Ахир, илк ижроларимни диққат билан тинглаган, хатоларимни эринмасдан тушунтирган ва катта саҳнада биринчи қўшиғимни ишонч билан ижро этишга рағбат берган азиз инсоним энди йўқ эди...
Лекин устозим вафотидан кейинги йиллар ҳам, назаримда, мени ундан узоқлаштирмади. Аксинча, ҳар қадамда ёнма-ён юриб, қўллаб тургандек бўларди гўё! Отамдек ғамхўрлик кўрсатган устозимнинг самимий муносабатлари, қўшиқчилик сабоқлари, инсоний фазилатлари умр йўлларимда катта мактаб вазифасини ўтади. Бу инсон мен учун тақдир туҳфаси эди...
Минг шукр, ҳозир менинг ҳам шогирдларим бор, уларга Муҳриддин Холиқовдек меҳр-оқибатли, баъзан талабчан устоз бўлишга ҳаракат қиляпман. Бунда у кишининг ҳиссаси катта!
Илоҳим, Яратганнинг ўзи устозимизга боқий дунё саодатини насиб этсин!»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter