Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Муқимий» — миллий байрамга муносиб туҳфа!

«Муқимий» — миллий байрамга муносиб туҳфа!

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан халқимизга Агентлик буюртмасига биноан суратга олинган янги «Муқимий» тарихий-бадиий фильмини туҳфа этмоқда. Мазкур фильм «Ўзбекфильм» ДУК томонидан, Фотиҳ Жалолов режиссёрлигида суратга олинган.

Халқпарвар шоир ва етук ижодкор Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган ушбу фильмни чин маънода янги давр ўзбек кино санъати ютуқларидан бири дейиш мумкин.

Кинокартина Муқимий яшаган давр, Қўқон адабий муҳити, эркка талпинган ижод ва чиркин жамият атмосферасини кичик бир детальгача изчиллик билан ёритиб бера олган. Узвий композицион қурилиш ҳамда сюжетга монанд мусиқий ритм хар қандай томошабинда фильмга нисбатан қизиқиш уйғота олади.

Картинада миллий урф-одатларимизнинг гўзал намуналари ҳамда халқона куйларимиздан фойдаланилганлиги фильм таъсирий кучини ошишига сабаб бўлган.

Фильм сценарий муаллифи Рустам Жабборов, постановкачи режиссёр Фотиҳ Жалолов, постановкачи оператор Музаффар Юсупов, постановкачи рассом Алишер Умрзоқов, либослар бўйича рассом Анастасия Рейм, композитор Тоир Қўзиев, картина директори Шаҳноза Сирожиддинова.

Фильмда актёр ва актрисаларимиздан Улуғбек Рустамов, Эгамберди Раҳимов, Адиз Ражабов, Бобур Йўлдошев, Маърифат Ортиқова, Гулруҳ Пирназарова каби истеъдод эгаларининг ёрқин ижроларини кўришимиз мумкин.

Айни дамда Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан намойиши кутилаётган мазкур фильм миллий оҳанглар ва қадриятларимизни севувчи томошабинларимиз учун муносиб туҳфа бўлишига ишонамиз!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг