Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Байрам муносабати билан «Меҳр» фильми премьера қилинди

Байрам муносабати билан «Меҳр» фильми премьера қилинди

Бугун Ўзбекфильм киноконцернида Кинематография агентлиги томонидан Давлат Хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда яратилган «Меҳр» бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Мудофаа ва Ички ишлар тизими раҳбар ва ходимлари, аскарлар, «Темурбеклар» мактаби ўқувчилари, ОАВ ходимлари, журналистлар ҳамда киноижодкорлар иштирок этишди.

Премьера аввалида эстрада юлдузлари томонидан ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар тақдим этилди. Шундан сўнг, Кинематография агентлиги раҳбарияти ҳамда киноижодкорларнинг табриклари йўлланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Бобур Бобомурод томонидан ўқилган шеърий табрик барчада илиқ таассурот қолдирди. Шунингдек, тадбир давомида режиссёр Ҳилол Насимов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Карим Мирҳодиев фильмни суратга олиш жараёнлари ҳақида сўзлаб беришди.

Мазкур кинокартина чегарачилар ҳаёти, уларнинг чегара ортидаги машаққатли заҳмати ва касбига бўлган фидойилиги ҳақида суратга олинган. Шунингдек, фильм воқеалари замирида бағрикенглик, тинчлик, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар каби мавзулар ўрин олган.

Фильм Туркиянинг Газиантеп, Суриянинг Алеппо шаҳрида ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида суратга олинган.

«Меҳр» фильми бош продюсери Фирдавс Абдухаликов, сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Ҳилол Насимов, постановкачи оператор Умид Маликов, постановкачи рассом Исобек Эгамбердиев, картина директори Шоҳрух Насимов, композитор Шамсиддин Холмуродов, овоз режиссёри Абдуқаҳҳор Каримов, иккинчи режиссёр Жамолиддин Қўзибоев.

Фильмда Бобур Йўлдошев, Фотиҳ Насимов, Зумрад Эшонқулова, Ангелина Турсоатова, Раъно Шодиева, Вазира Юнусова, Баҳром Усмонов каби ўзбек актёрлар билан бирга таниқли турк актёрлари Экрем Испир, Аҳмет Серкан, Ўзтурк Сезай ва бошқалар роллар ижро этган.

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг